Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўтириб» чиққан Отамурод. Энди унинг юзи ёруғ...

«Ўтириб» чиққан Отамурод. Энди унинг юзи ёруғ...

Туҳмат — оғир гуноҳ. У инсон кўнглини қаттиқ жароҳатлаб, тушкунлик гирдобига ғарқ қилади, изтиробга солади. Энг ёмони, туҳматнинг қора доғини ювиш жуда қийин.

Учқудуқ туман ички ишлар бўлими терговчиси Отамурод Менглиев туҳматга рўпара бўлиб, ҳаёти тескари айланиб кетиши туш кўрибдими?!

... Навоий вилояти ИИБ тергов бошқармаси бошлиғининг 2012 йил 23 январдаги фармойишига асосан О. Менглиев Нав¬баҳор туманига хизмат сафарига юборилади. У шу тумандаги «Навкар» маҳалласида рўй берган жиноят юзасидан тузилган тергов гуруҳи таркибига киритилганди.

«Навкар»да нима бўлган эди?

Эски йил кетиб, янгиси кирадиган тун. Қишлоқдошлар кўчада гулхан ёқиб, янги йилни кутишган. Аммо ўйин-кулгининг охири жанжал билан якун топган...

Терговчи О. Менглиев рўй берган воқеа юзасидан Ф. Хушназаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган), С. Зоҳидов ва Ғ. Нуритовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб борган. Ф. Хушназаровга Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари билан айб эълон қилинади.

Эълон қилинган айбни эшитган Ф. Хушназаров муқаррар жазодан қутулиб қолиш йўлини қидиришга тушади. Энг осон йўли йўқ воқеани бор қилиб кўрсатиш. У ўз ҳаракатларини Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» бандидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а», «г» бандларига қайта квалификация қилмаслик эвазига терговчи О. Менглиевга 400 АҚШ доллари миқдорида пора бергани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади.

Айтиш керакки, Отамурод Менглиев Ф. Хушназаровнинг аризасидан сўнг дарҳол ҳибсга олинади. Унга масъул мансабдор шахс бўла туриб, мансаб ваколатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланган ҳолда... Ф. Хушназаровдан пора олганлик айби қўйилади.

Кейин эса, суд ҳукми билан О. Менглиевга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг 2013 йил 14 июндаги О. Менглиевга нисбатан чиқарган ушбу ҳукми ви¬лоят суди кассация инстанциясининг 2016 йил 19 январдаги ажрими билан ўзгартирилади.

Бунда судланган О. Менглиевнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» бандидан шу модданинг 2-қисми «в» бандига қайта квалификация қилинади.

Фақат, орадан беш йил ўтиб, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 25 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг юқоридаги ажрими бекор қилинди.

Иш кассация инстанцияси судида қайта кўриш учун юборилди.

Кассация шикоятида келтирилган важлар жиноят ишидаги ҳужжатлар билан қиёслаб, таҳлил қилинганда ҳақиқий ҳолат равшан бўлди. Шундан келиб чиқиб, суд ҳукми бекор қилинди ва О. Менглиев оқланди.

О. Менглиевнинг судда кўрсатма беришича, у тергов жараёнида гумонланган Ф. Хушназаровга енгиллик беришни ваъда қилмаган, 400 АҚШ доллари сўрамаган ва уни олмаган. Шу ўринда бу ҳолатга аниқлик киритадиган бўлсак, Ф. Хушназаровнинг пора бергани даъво қилинган санада О. Менглиев мутлақо бошқа жойда — туман прокуратурасида қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бораётган эди. Шунинг ўзиёқ жабрланувчининг кўрсатмаси асоссиз эканини кўрсатади. Шунга қарамай фавқулодда қўзғатилган жиноят иши тугатилиши ўрнига, «келган жойидан» давом этганининг сабаби нимада?

О. Менглиев, дастлабки тергов чоғида, тергов органи ходимларининг руҳий босимига учраганини айтади. Унинг кечаги ҳамкасблари отаси нисбатан жиноят иши қўзғатиш билан таҳдид қилингани боис «айбга иқрорлик аризаси» ёзишга мажбур бўлади.

Ф. Хушназаровнинг аризасининг яна бир нуқтаси эътибор қаратиш жоиз. У 2013 йил февраль ойида гўёки О. Менглиев қонуний енгиллик бераман, деб 1 миллион сўм пул сўрагани, онаси М. Хушназарова қўшниси С. Умрзоқовадан қарз олиб, бу пулларни аммаси Н. Баҳромовадан 400 АҚШ долларига алмаштириб, тахминан 13 февралда бергани, уч кундан кейин ўзига нисбатан айб эълон қилинганини маълум қилган.

Хўш, бу кўрсатма ишнинг ҳақиқий ҳолатига мосми? Йўқ-да. Жиноят иши ҳужжатларидаги далиллар мазкур кўрсатмани рад этади. Битта мисол: Ф. Хушназаровга нисбатан 2013 йил 13 февралдан эмас, балки 9 март куни айб эълон қилинган.

Аён бўляптики, суднинг О. Менглиевга нисбатан чиқарган ҳукми Ф. Хушназаров, М. Хушназарова ва К. Хушназаровнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган, дастлабки тергов ва судда объектив далиллар билан тасдиқланмаган ва баҳоланмаган кўрсатмаларига асосланган.

... Шундай қилиб, О. Менглиев айбсиз деб топилди. Унга нисбатан очилган Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этишга доир жиноят иши Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди.

Отамурод Менглиев туҳматнинг қора доғини ювиш учун беш ярим йил азият чекди. Ҳаракатлари бесамар кетмади.

Энди унинг юзи ёруғ...

Шуҳрат Камолов,
жиноят ишлари бўйича
Навоий вилояти суди раисининг ўринбосари

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг