Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд раиси журналистлар билан тез-тез кўришмоқда

Олий суд раиси журналистлар билан тез-тез кўришмоқда

Фото: АОКА матбуот хизмати

Икки ҳафта аввал марказий оммавий ахборот воситалари раҳбарларини ҳузурига чорлаб, тизимда амалга оширилаётган ишлар, олдинда турган вазифалар хусусида ахборот бериш асносида  суд ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов 15 май куни шунга яқин мавзуда яна журналистлар олдида чиқиш қилди. 

Нега десангиз, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш» мавзусида давра суҳбати ўтди. Ушбу тадбир айни агентлик билан ҳамкорликда уюштирилиб, унда тизим биринчи раҳбарлари иштирок этмаса бўлмасдики, муҳтарам К. Комилов билан навбатдаги дийдорнинг сабаби шунда.

Олий суд раисининг бу сафарги чиқиши аввалгиларига қараганда анча лўнда ва ихчам бўлгани кузатилди. Мавзу юзасидан айтарли янги гап бўлмади, бироқ «эски»лари ҳам ҳамон долзарблича турибди. Хусусан, К.Комиловнинг қонуний кучга кирмаган суд ҳукмлари оммавий ахборот воситаларига бемалол чиқиб кетаётгани ҳақида куйиниб гапирганини тушуниш мумкин. Шунингдек, суд  идоралари журналистлар учун анча очиқ органга айланганини ҳам эътироф этиш жоиз. Оммавий ахборот восталари ходимларининг очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлишиларида муаммо йўқ, аммо иш қуролларидан фойдаланишга изн бўлмаётгани бор гап. Чунки, қонунга кўра, суд мажлисида фотоаппарат, аудио ёки видео мосламаларидан фойдаланиш фақат раислик этувчи изни билан амалга оширилади. Яъники, бу судьянинг хос ҳуқуқи. Бу ҳуқуқда муҳтарам қонун пешволари вазият тақазосидан кўра кайфият қувватидан келиб чиқиб фойдаланаётгандай кўринади. Бунақада журналистнинг суд мажлисида иштирокидан маъни борми? Рост-да, бўйнига фотоаппаратини илиб судга борган журналистнинг нияти судьяни эсдалик учун суратга олиб қўйиш эмас-ку?!

Хуллас, суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожи учун биринчи навбатда ҳуқуқий механазм такомиллаштирилиши талаб  этилади. Буни Олий суд раиси меъёрий ҳужжат кўринишида эмас, ростмона қонун шаклида тартибга солиш мақсадга мувофиқлигини айтди. Бунинг учун соҳа фаолиятини тартибга солувчи қонунлар жиддий қайта кўриб чиқилиши талаб этадики, бу энди узоқроқ чўзиладиган жараён...

Тадбир сал қолмаса савол-жавоб шаклига ўтиб кетиши мумкин эди. Табиийки, журналистларда савол доим топилади, жавоб бермоқ унчалар ҳам қийинмас. Хусусан, Олий суд раиси учун – журналистлар билан мулоқотда бўлавериб, мулоқот тажрибаси анча ошгани кўриниб турибди. Бироқ агентлик раҳбари Комил Алламжонов вазиятни бошқачароқ ўзанга буриб юборди: яхшиси, саволни қўйиб, таклиф беринглар, шу фойдалироқ...

Анча-мунча таклифлар ўртага ташланди, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир учун ажратилган вақт поёнига етиб қолмаганда билдирилаётган таклиф-мулоҳазалар яна давом этиши мумкин эди. Бироқ бундан ҳеч ким норизо бўлмади. Тадбирда айтишга улгурмаган фикрларини матбуот орқали билдиришда журналист учун муаммо йўқ-да: «ўзининг томорқаси» ахир?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг