Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд & ОАВ: энди бошқача ишланади

Олий суд & ОАВ: энди бошқача ишланади

Ўтган ҳафта Олий суд Пленумининг навбатдаги мажлисида бошқа масалалар қатори «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилгани хабари берилганди. 

Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида объектив ахборот бериш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айлангани эътиборидан тизимнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини сон ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни тақазо қилгани бор гап.

Олий суд Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори айни шу эҳтиёжнинг ижобий ҳосиладир. Зеро, суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатлар Пленум қарори даражасида тартибга солинаётгани бу борадаги яна жиддий қадам ҳисобланади. Қарор лойиҳаси муҳокамасида оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этгани ва бунга етарлича имконият тақдим этилгани олий маҳкама раҳбарияти томонидан масалага жиддий эътибор қаратаётганига яна бир бор далолат қилади.

Пленум мажлисида қарор лойиҳаси жиддий ва қизғин муҳокама этилгач, асос тариқасида қабул қилиниб, билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштириш ҳақида тўхтамга келинганди. Ишчи гуруҳи томонидан лойиҳа устидаги ишлар ниҳоясига етказилиб, бугун мазкур ҳуқуқий ҳужжат Олий суд раиси ва Олий суд Пленуми котиби томонидан имзоланди ва олий маҳкама расмий сайтида эълон қилинди. 

Пленум қарори билан судларга тушунтириладики: «...суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади». Шунингдек: «Судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмайди». Бундан ташқари: «оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас».

Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмаслиги ҳам қарорда алоҳида қайд этилади. Унда яна алоҳида қайд этилади: «Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.»

Пленум қарорида оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисида иштироки ва унда ўз иш қуролларидан фойдаланиш тартиблари алоҳида банд сифатида ўз аксини топган. Унга кўра:

Очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:

  • фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
  • жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, мазкур Пленум қарори қабул қилиниши муносабати билан Олий суд раҳбарияти оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус тадбир уюштирни режалантирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг