Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нотўғри талқиндан кимга наф?! Ёхуд давлат хизматчисини тасвирга тушириш учун розилик талаб қилинмайди

Нотўғри талқиндан кимга наф?!  Ёхуд давлат хизматчисини тасвирга тушириш учун розилик талаб қилинмайди

Фото: «Crimea.vgorode.ua»

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси янгиликларидан бири бу — фуқаронинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқи ҳимоясини таъминлашга қаратилган алоҳида модда киритилаётганидир.

Охирги пайтларда айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан ушбу янгиликни давлат хизматчилари тасвирини ҳимоя қилишга қаратилган қилиб кўрсатиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай тушунмовчиликларни бартараф этиш мақсадида, фуқарони тасвирга туширишга ва ундан фойдаланишга розилик олиш масаласида яна бир бор тушунтириш бериш лозим деб ҳисоблаймиз.

Тасвирга туширишга ва ундан фойдаланишга розилик олиш
ҳамда истиснолар

Фуқаролик кодекси лойиҳасига киритилаётган «Фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш» деб номланган моддага кўра, фуқарони тасвирга тушириш (унинг фото ва видео тасвирини ҳамда унинг тасвири акс этган тасвирий санъат асарини яратиш), шунингдек унинг тасвиридан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакиллари розилиги, вафот этган бўлса, фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онасининг розилиги талаб этилади.

Яъни умумий қоида тариқасида ҳар қандай фуқаронинг фото
ёки видео тасвиридан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Шу билан бирга, бу умумий қоидадан истисно, яъни фуқарони тасвирга тушириш ва ундан фойдаланишга розилик олишни талаб қилмайдиган қуйидаги ҳолатлар мавжуд:

1) тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланилганда розилик талаб этилмайди. Бундай фойдаланишга ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, тасвирдаги шахснинг жиноят содир этганлиги ёки бедарак йўқолганлиги сабабли қидирув эълон қилиш, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланиш, шунингдек давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тасвирга тушириш ва бундай тасвирлардан фойдаланиш ҳоллари киради.

Яъни тасвирдан шахсий манфаатларда эмас, балки давлат
ва жамият манфаатларида фойдаланилганида, шу жумладан, давлат хизматчисини хизмат вазифасини бажариш жараёнида тасвирга туширилганда ва бу тасвирлардан фойдаланилганда розилик олиш талаб қилинмайди (бундай ҳолатга бугунги кундаги қонунчиликдан ҳам мисол келтириш мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 й. 975-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш ҳуқуқига эга).

 2) фуқаро оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқ.) ва жамоат жойларида (умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, ҳайвонот боғи, истироҳат боғлари, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида) тасвирланган бўлиб, бундай тасвирдан фойдаланишдан мақсад фақат ушбу жойлардаги умумий жараёнларни намойиш этиш бўлган ҳолларда розилик талаб этилмайди.

Яъни жамоат жойларида ёки оммавий тадбирларда фуқарони шахсни тасвирга олиш ва бу тасвирдан фойдаланиш учун розилик талаб қилинмайди. Фақат бунинг шарти тасвирга олиш объекти бевосита
шу шахс бўлмаслиги керак
;

3) Шунингдек, фуқарони тасвирга тушириш ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишдан мақсад ушбу фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлганда, фуқаронинг ҳақ эвазига туширилган тасвиридан ушбу тасвирни туширишдан кўзланган мақсадларда фойдаланилганда, фуқаронинг ўзи ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларда эълон қилган тасвирдан фойдаланилганда ҳам розилик талаб этилмайди.

Жавобгарлик масаласи

Фуқарони тасвирга тушириш ва тасвиридан фойдаланишда унинг розилигини олиш талабига риоя қилинмаганда қандай жавобгарлик келиб чиқиши масаласини ҳам тўғри талқин қилиш муҳим. Ҳуқуқ бузилиши фуқаролик-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққани учун бу ҳолатда жавобгарлик ҳам фуқаролик-ҳуқуқий характерга эга бўлади (маъмурий ёки жиноий жавбогарлик келиб чиқмайди).

Яъни ўзининг тасвиридан розилигисиз фойдаланишга дуч келган фуқаро иккинчи тарафдан ўзининг тасвирини (фотоаппарат, камера, мобил телефон ва бошқа ускуналар хотирасидан) ўчириб ташлашни, тасвири акс этган нарсаларни йўқ қилиш ва муомаладан чиқаришни, шунингдек оммавий ахборот воситаларидан, интернет тармоғидан, ташқи реклама ва реклама хусусиятига эга бўлган тарқатма материаллардан олиб ташлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар бу талаблар бажарилмаса, фуқаро (вафот этган бўлса — унинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онаси, вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса — қонуний вакиллари) талабларни мажбурий бажартириш, шунингдек ўзига етказилган моддий зарар ва маънавий зиённи ундириш учун судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бунда фуқаро ўзи талаб қилаётган ҳолатларни, ўзига моддий зарар ва маънавий зиён етказилганини исботлаши лозим бўлади.

Хорижий тажриба

Шахсни тасвирга тушириш учун унинг розилигини олиш талаби ривожланган мамлакатларда ҳам мавжуд. Масалан, Европа иттифоқининг (EU) 2016/679-сонли Регламентида (2018 йил 25 майда кучга кирган) шахсий маълумотларни қайта ишлаш (тўплаш, ёзиб олиш, фойдаланиш, тарқатиш
ва бошқ.) шахсий маълумот субъекти ўзининг шахсий маълумотларини бир ёки бир нечта аниқ мақсадларда қайта ишлашга розилик берган тақдирдагина қонуний ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Ушбу Регламентга кўра, инсон юзининг тасвири унинг шахсий маълумотлари қаторига киради.

МДҲ мамлакатларидан Россия Федерацияси Фукаролик кодексининг 152.1-моддасида фуқаронинг тасвирини тарқатиш ва ундан фойдаланиш фақат шу фуқаронинг, агар фуқаро вафот этган бўлса, унинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онасининг розилиги билан амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Ён қўшнимиз бўлган Қозоғистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 145-моддасига кўра, ҳеч ким бошқа шахснинг тасвиридан унинг розилигисиз (агар шахс вафот этган бўлса, унинг меросхўрлари розилигисиз) фойдаланиши мумкин эмас. Фуқаронинг тасвирини эълон қилиш, фойдаланиш ва тарқатиш шу фуқаронинг, агар фуқаро вафот этган бўлса, унинг фарзандлари ва эри (хотини) розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Бундай розилик қонунларда белгиланган ҳолларда ёки шахс ҳақ эвазига тасвирга тушган ҳолларда талаб этилмайди.

Якуний фикр

Фуқаронинг тасвирини ҳимоя қилиш бугунги ахборот коммуникация ривожланган даврда жуда муҳим. Чунки ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг тасвирларидан фойдаланган ҳолда уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи, оилавий ва шахсий сирини ошкор этувчи маълумотлар тарқатиш ҳоллари кам эмас. Оқибатда, жамиятда фуқаролар ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда.

Аслида, амалдаги Фуқаролик кодексининг 99-моддасида фуқаронинг тасвирга бўлган ҳуқуқи тортиб олинмаслиги, ўзга усул билан бошқа шахсга берилмаслиги ҳамда ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган бўлиб, тасвирга бўлган ҳуқуқ дахлсизлиги чегаралари аниқ белгиланмаган.

Фуқаролик кодекси лойиҳасига тасвирга бўлган ҳуқуқни ҳимоясини таъминлашга қаратилган алоҳида модда киритишдан мақсад юқорида кўрсатилган ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш ҳамда барча фуқароларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашдир.

Аъзам Мадаминов,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг