Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нотариат нодавлат тизимга ўтадими?

Нотариат нодавлат тизимга ўтадими?

Фото: Адлия вазирлиги

Нотариат нодавлат тизимга ўтадими? Мазкур масала Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган нотариуслар иштирокида муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари ҳам иштирок этишди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Муҳокама аввалида сўнгги йилларда мамлакатимизда нотариат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида нотариатнинг фаол моделига ўтилганлиги, тўловларни ундиришда ягона биллинг тизими жорий этилганлиги, нотариусларни танлаш жараёнлари шаффоф ва очиқ тизимда амалга ошириб келинаётганлиги, нотариат тизимига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганлиги ҳақида сўз юритилди.

Шу билан бирга, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан, нотариал идорада навбат кутиш ва сансоларлик каби тўсиқлар учраётганлиги, бу эса аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётганлиги, айрим нотариал ҳаракатларни тасдиқлашда ахборот технологиялари тўлиқ жорий этилмаганлиги борасидаги муаммолар ҳақида сўз юритилиб, уларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.

Хусусан, йиғилиш иштирокчилари нодавлат нотариат тизимининг жорий этилиши нотариусларнинг хизмат масъулиятини янада оширибгина қолмасдан, тезкор ва сифатли нотариал хизматлар кўрсатилишига, навбатларнинг кескин камайишига ҳамда аҳолининг нотариал хизматларга бўлган талаби қамрови кенгайишига олиб келишини таъкидлашди.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аҳолига янада енгилликлар яратиш мақсадида битта нотариал ҳаракатни турли нотариал идораларга борган ҳолда расмийлаштириш, айрим нотариал ҳаракатларни нотариал идорага келмасдан масофадан электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартибини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мажбурий нотариал тасдиқланадиган ҳаракатлар доирасини қисқартириш, уй-жойни бошқа шахсга ўтказишда, мол-мулк ижара ва текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлашда айрим ҳужжатларни олиш талабларини бекор қилиш, ахборот-технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Йиғилишда нотариатнинг нодавлат тизимини ташкил этиш ва нотариал идораларда ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини оширишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг