Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Effect.uz» мухбирининг иши прокуратурага оширилди

«Effect.uz» мухбирининг иши прокуратурага оширилди

Кеча ижтимоий тармоқларда жиноят ишлари бўйича Термиз туман судидан «Effect.uz» мухбири ҳайдаб чиқарилгани, Миллий гвардия ходимлари унга куч ишлатиб, видеокамерасига шикаст етказгани ҳақида хабар тарқалди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати ҳолат юзасидан баёнот берди.

Айтилишича, «Effect.uz» сайтининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Э.Тожибоев ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Термиз тумани суди иш юритувида бўлган И.Х.га оид (у фирибгарликда айбланаётгани қайд этилади) «иш»да иштирок этмоқчи бўлади. Суд мажлиси бошланишидан аввал у судланувчининг қариндошлари билан суд раиси О.Бегимқуловнинг хизмат қабулхонасига киради ва суд ноқонуний қарор чиқараётганини рўкач қилиб, жараённи видеотасвирга олишга уринади. Ўз навбатида, суд раиси ўрнатилган тартибда илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтиришига қарамасдан, у нотаниш аёллар билан биргаликда тартибсизликни юзага келтиради. Бироз вақтдан сўнг Э.Тожибоев суд мажлисига рухсатсиз кириб, жараённи видеотасвирга тушириш ҳақида оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилади. Унинг илтимосномаси раислик қилувчи томонидан (тарафлар фикрини инобатга олган ҳолда) рад қилингач, журналист судланувчининг яқин қариндошлари билан суд мажлиси залини тарк этмасдан яна жанжал кўтаради. Натижада тартибни сақлаш ходимларини чақиришга тўғри келади.

Олий суд матбуот хизмати журналистнинг бундай хатти-ҳаракатини судга босим ва судья дахлсизлигини бузиш деб баҳолаб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун Термиз туман прокуратурасига юборилгани билдирилади.

Айни пайтда суриштирув ишлари бошлаб юборилган, дейилади баёнотда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг