Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

 МИБ ходимларини калтаклаган ака-укаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди (видео)

 МИБ ходимларини калтаклаган ака-укаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди (видео)

Скриншот

Ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходими калтакланаётгани акс этган лавҳа тарқалди.  Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг «Xabar.uz»га  маълум қилишича, воқелик Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида рўй берган. Яъни, жорий йилнинг 29 июнь куни соат 11:00 ларда МИБ Шеробод туман бўлими давлат инспекторлари А.Эшонқулов, С.Фозилов ва П.Тайлановлар биргаликда тумандаги «Ғўрин гиламбоб» маҳалла фуқаролар йиғини, «Дўстлик» кўчаси, 112-уйда яшовчи истеъмолчи — фуқаро Б.Нормуродовнинг яшаш хонадонида фойдаланилган электр энергияси бўйича қарздорликни аниқлаш ва ундириш борасида кўрик (обход) ўтказган вақтида, хонадонда ўрнатилган СЕ 101 маркали №123156090 рақамли электр ҳисоблагичининг 6545 кВт/соат кўрсаткичи бўйича электр энергиясидан 1 млн. 94 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги ҳолати аниқланган.

Мазкур қарздорликни тўлаб бериш тўғрисида хонадон эгаларига тушунтириш беришаётган вақтда, шу хонадонда яшовчи фуқаро Б.Нормуродовнинг уч нафар ўғли — 1978 йилда туғилган У.Нормуродов, 1985 йилда туғилган Л.Нормуродов ва 1990 йилда туғилган Э.Бердимуродовлар хизмат вазифасини бажараётган бўлим давлат инспекторларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатишиб, уларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилишади. Шунингдек, давлат инспектори П.Тайлановнинг бош қисмига қўллари билан бир неча маротаба уриб, давлат инспектори А.Эшонқуловни ерга йиқитиб,  дуч келган жойларига бир неча маротаба уриб, тепиб, тан жароҳати етказишган.

Мазкур ҳолат юзасидан 03.07.2019 йилда туман прокуратураси томонидан Э.Бердимуродов ва Л.Нормуродовга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.  Гумондорлар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

МИБ ходимларига нисбатан зўравонлик биринчи маротаба қайд этилаётгани йўқ. Бундан кўринадики, тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали қарздорликни камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби вазифаларини бажариш Бюро ходимларига осон кечмаяпти.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг