Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МИБ ходимлари Дима Қаюмни йўқлашди

МИБ ходимлари Дима Қаюмни йўқлашди

Фото: Дима Қаюмнинг фейсбукдаги саҳифаси

Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм тахаллуси билан тилга тушган риштонлик тадбиркор Дилшод Болтабоевни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) туман бўлими мутасаддилари йўқлашибди. Ким йўқлаб келса, бирга суратга тушиб, иссиғида тармоқдаги саҳифасига жойлайдиган тадбиркор бу сафар ҳам одатига тескари иш қилмади...

Йўқ, хавотир олманг, тадбиркорнинг МИБ ходимлари безовта қиладиган даражада муаммоси йўқ. Дилшод Болтабоевнинг ёзишича, улар «...қўлларидан келган барча ёрдамларини аямаслигини айтишиб», кўнглини кўтарибди. МИБ ходимларининг бирор жойга қадам ранжида қилиши мезбон учун ёқимли ҳолат ҳисобланмайди кўпинча. Чунки, одатда, бюро ходимлари ҳол-аҳвол сўраш учун эмас, йиғилиб қолган қарздорликни ундириш учун келишади-да. Шундай «ёқимсиз» касб эгалари Дилшод Болтабоевнинг кўнглини кўтаришибдими, умридан барака топишсин, қадамларига ҳасанот.

Савол туғилди-а сизда: тадбиркорга нима бўлибдики, унинг кўнгли кўтарилса?

Бугун Дилшод Болтабоев ва у каби Риштон марказий бозорида тирикчилик қилаётган бошқа юзлаб тадбиркорлар аросатда қолишган. Сабабки, мамлакат раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифидан сўнг Риштон туманида катта ободонлаштириш бошланган, бунинг илк белгиси сифатида туман марказий бозори бузилишга тушди. Ният – эзгу, ишлар хайрли, албатта. Аммо янги қурилишлар учун бошланган бузилишлар жараёнида бозордаги тадбиркорларга ҳозирча қуруқ ваъда берилган, холос: дўконинг ўрнига янгиси берилади! Хўп, яхши. Бироқ икки ўртада на бузилган мулклар баҳоланган, на шартнома бор?! Ҳаммаси қуруқ гап ҳозирча. Бу ҳол эрта-бир кун бозор мутасаддилари ва шу ерда неча йиллардан бери қора қозонини қайнатиб келаётган юзлаб одамлар ўртасида низо келтириб чиқариши эҳтимоли йўқ эмас. Эҳтимоли анча юқори бўлган бундай ҳолат эса мамлакат раҳбари ташаббуси билан бошланган хайрли ишга яқин келажакда соя солиб қўймасмикан, деган хавотир уйғотмоқда. Агар, Худо кўрсатмасин, шундай ҳолат юз бергудай бўлса, Дилшод Болтабоев (ва бошқаларга ҳам) МИБ тугул, ҳатто суд ҳам ёрдам бера олмаслиги мумкин. Чунки, дўппи тор келганда, ҳужжатларга таянилади. Ҳозирги ҳолатда эса ўша ҳужжатнинг (шартнома, келишув, кафолат хати) ўзи йўқ! Мутасаддилар бозордаги дўконлар бузилишидан огоҳ этиши ҳамоно ўн кун аввал, қоқ ярим тушда бульдозер-у бошқа техникаларни ишга солиб, бузиш ишларини бошлаб юборишди. Ваҳоланки, бозордаги дўконлар хусусий бўлиб, унинг эгалари қўлида мулк ҳуқуқи тасдиқловчи ҳужжати бўлгани айтилмоқда. Жумладан, Дилшод Болтабоевнинг ҳам.

Дилшод Болтабоевнинг бозордаги бошқа тадбиркорлардан фарқики, у кафтдеккина ердаги дўконининг бир қисмини «Рошидоний халқ кутубхонаси»га айлантириб, эл-юртни маърифат билан ошно қилишга киришган, унинг бу ташаббуси ва беғараз меҳнатлари наинки юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонларнинг ҳам эътироф-у ҳайратига сабаб бўлганини бугун билмайдиган кам. Шунданми, кутубхонанинг ҳам бузилишга тушгани кўплар томонидан оғриқ билан қабул қилинди. Бироқ тезда оғриққа малҳам қўйилди: Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов шахсан тадбиркор билан боғланиб, кўп хавотирга тушмаслиги, халқ кутубхонаси албатта фаолият кўрсатажаги, бунинг учун реал ҳаракатлар қилаётганини билдирди. Айни кунда кутубхона учун жой танланмоқда экан. Дилшоднинг қувонганики, агентлик раҳбари куни кеча яна қўнғироқ қилиб, айни масала билан яна бир карра қизиқибди. «Кутубхона масаласи «юқори»нинг эътиборида, умид шуки, пастда ҳам беэътибор қолмаяжак!» дейди Дилшод ёш боладек қувониб. Насиб, насиб...

...Дарвоқе, гап МИБчилар таширифидан бошланган эди-я?! Дилшоднинг айтишича, ходимлар «қўлдан келганича ёрдам беражаги» айтиши баробарида ундан ҳам «қўлидан келганча ёрдам беришини» сўрашибди. Яъники: кўп истеъмолчилар фойдаланилган газ, сув, электр энергияси учун тўловни вақтида амалга оширмаётганидан ёзғириб, шуларни сатира қилиб ёзмайсизми? (Дилшод – табиатан қизиқчи, ўткир сатиралари билан машҳур аслида, илло таниқлилиги «дамига ош пишадиган савдогар» эканини англатмайди!). Бу ҳақда қаҳрамонимиз бир нима ёзадими-йўқми, ўзи билади, албатта. Бироқ қишлоқ жойларидаги газ ва электр таъминоти билан оғриқли муаммоларни юмор орқали ифодалаб эътиборга тушган қаламкашнинг (ҳа, у қаламкаш ҳам: «Менким Дима Қаюм» китоби муаллифи!) таклифни мамнуният билан қабул қилишини, рости, тасаввурга сиғдириш қийин... Албатта, тўловлар вақтида амалга оширилиши керак. Бунинг учун истеъмолчида виждон, масъулият, мажбуриятни теран ҳис этишдан ташқари моддий имконияти ҳам бўлиши керак-да.

МИБчиларнинг бу даражада фаоллашиб, ҳар қандай имкониятдан максимал фойдаланишга тушгани – зиммасидаги масъулиятни ўта ҳис этишга тақаладими ёки вилоят ҳокимининг бюронинг вилоятдаги мутасаддиларига қарата «Ичагингни суғруриб, бошингга салла қилвораман!» деган таҳдидигами – бунинг аҳамияти йўқ. Ҳар тугул, ҳар ким ўз ишини қиляпти, бу жараёнда Президент айтганидек, «халқ рози бўлса, бас».

Пировардида, яна бир гап: юқоридаги баёнлар Дилшод Болтабоевнинг журналистга ҳасрат қилганини билдирмайди. Балки журналистнинг фидоий юртдоши билан мухтасар мулоқоти сўнгида туғилган мулоҳазалари, холос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг