Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мегатанлов ғолиблари тақдирланди

Мегатанлов ғолиблари тақдирланди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 13 сентябрь куни Адлия вазирлиги биносида «Биз коррупцияга қаршимиз» мегатанлови ғолиблари тақдирланди.

Ушбу танлов Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилди.

Қайд этилишича, танловга 5 та номинация бўйича 70 нафар иштирокчидан 400 га яқин материал келиб тушган. Ҳакамлар ҳайъати ушбу материалларни танлов низомига мувофиқ ўрганиб чиқиб қуйидагича баҳолади:

«Энг яхши журналистик материал учун» номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Отабек Сафаров – Ҳуқуқий маълумотлар билан тўғри ишланган ва ўзига хос услубда ёзилган «Қаерда бўлса ҳам... Қанча бўлса ҳам... Кимдан бўлса ҳам» материали учун;

2-ўрин: Маруса Ҳосилова – Коррупциянинг сабаб ва оқибатларини очиб беришга қаратилган «Бешикдан то қабргача... ёки коррупция «пиллапоя»лари», «Ҳеч қачон очилмайдиган жиноятлар ёхуд ёпиғлиқ  қозонлар қачон очилади? » каби туркум материаллари учун;

3-ўрин: Ортиқбой Курамбаев – Коррупцияга қарши курашишни ёритишда янгича ёндашуви – «Йигит омон бўлса» эссеси учун.

Энг яхши блогпост учун» номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Тўлқин Эшбеков  – Мавзуга ёндашишда узоқ йиллик тажрибага таянилгани ҳамда коррупция ҳолатларини бартараф этишда самарали таклифлар билан чиқилгани жиҳатдан «Қоч, коррупционер келяпти» блогпости учун;

2-ўрин: Наргиза Юнусова – «Бефарқ бўлманг! Сиз қай бирини танлайсиз?», «Коррупцияни тугатиш учун бизга нима тўсқинлик қилади?» блогпостлари орқали коррупция манзараларини кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли очиб берганлиги учун;

3-ўрин: Азизбек Вафоев – Коррупциянинг жамият равнақига, етук кадрлар шаклланишига салбий таъсири бўйича кузатувлар акс этган «Талаба ва ректор суҳбати» материали учун.

«Энг яхши юмористик асар (карикатура, ҳажвия ва ҳоказо) учун» номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Жаҳонгир Исмоилов  – Порахўрлик, фирибгарлик, таъмагирлик, қонунни менсимаслик каби иллатлар қаламга олинган ҳамда ўзига хос шакл ва услубда акс эттирилган ҳажвий ҳикоялар тўплами учун;

2-ўрин: Бобур Расулов – Коррупция оқибатлари таъсирчан ва тушунарли талқин қилинган туркум карикатуралари учун;

3-ўрин: Феруза Раҳмонқулова – Материалнинг тил ва услуб жиҳатдан ўқишлилиги билан «Мен пора олмайман! » ҳажвияси учун.

«Энг яхши видеоролик сценарийси учун» номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Шокир Ҳолиқов – Ҳолатни ифодалашда бадиий юксак, таъсирчан ёндашилгани жиҳатдан «Коррупция бўлмаганида ҳаммаси бошқача бўларди! » сценарийси учун;

2-ўрин: Нурмуҳаммад Жумағулов – Келажак авлодни ёмон иллатдан ҳимоялашга, уларни асраб-авайлашга қаратилган «Кичкинага катта тарбия» туркум сценарийлари учун;

3-ўрин: Неъматжон Атамуратов – Воқеликлар қиёсан талқин этилган «Келажагингни коррупцияга алмаштирма!» сценарийси учун.

«Энг яхши флаер, буклет, баннер, плакат учун» номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Жасурбек Тожибоев – Дизайн ва маълумотлар уйғунлиги жиҳатдан «Фарзандларингиз қувончини порага алмаштирманг!» флаер, буклет, баннер намуналари учун;

2-ўрин: Аслиддин Абдувоитов – Коррупцияга қарши биргаликда курашишни тарғиб қилувчи плакат (рассомлик иши) учун;

3-ўрин: Бекзод  Усанов – «Биз коррупцияга қаршимиз!» флаер, буклет, баннер намуналари учун.

Танловнинг ҳар бир номинацияси бўйича ғолиблар қуйидаги қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади:

  • 1-ўрин – Samsung Galaxy S10;
  • 2-ўрин – Notebook;
  • 3-ўрин – телевизор.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг