Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«МЧС»ни паноҳ қилаётган МЧЖлар: мақсад фақат пул йиғишми?

«МЧС»ни паноҳ қилаётган МЧЖлар: мақсад фақат пул йиғишми?

Фото:«Xabar.uz»

Дам олиш куни эди. Дарвоза тақиллади, чиқсам – формали бир йигит турибди, деб ёзади журналист Нурулло Нўъмонов. Икки уй наридаги қўшнимиз эшиги олдида ҳам худди шундай оппоқ форма кийган аёл уч-тўрт қўшни билан гаплашмоқда. Аввалига Мажбурий ижро бюросидан, деб ўйладим. Аммо адашган эканман…

– «МЧС»данмиз, – деди ўзини виқор билан Шаҳриёр Ботиров, деб таништирган йигит. Сўнг хизмат гувоҳномасини кўрсатди, аммо ўқишга улгурмасимданоқ чўнтагига солди.– Тўлов қилиб қўйишларинг керак экан. Йиғимларни ундириб юрибмиз.

– Тушунмадим, қанақа ташкилот? Қандай тўлов?

– Фавқулодда вазиятларданмиз… 32 минг сўмдан йиллик йиғим бор. Ана, қўшниларингиз ҳам беришяпти. Бу кўчада битта сиз қолдингиз. Тўлов қиласиз, квитанция ёзиб бераман.

Йигитнинг ўзини тутишини, боз устига, эгнидаги оҳори тўкилмаган либосга ёпиштирилган ваҳимали тамға (ташкилот рамзи)ни кўриб унча-мунча содда одам довдираб қолиши турган гап. Мен ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ўзгаришлар бўлиб, бехабар қолибмиз, шекилли, деган хаёлга бордим. Янаям аниғини билиш учун «Бу янгилик қачон жорий қилинди? Нима учун пул йиғил-япти?» дея саволга тутишга тушдим.

– «МЧС» қошида «Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» деган ташкилот бор, – дея изоҳ берди Шаҳриёр Ботиров. – Биз хизмат кўрсатмаймиз. Хизмат кўрсатадиган ташкилотлар бошқа – мўрикон тозалайдиганлар…

Хуллас, суҳбатдошимнинг отдан тушса ҳам эгардан тушмаётганлиги, тап тортмасдан «Хонадонларга киришга ваколатлимиз», дея баланддан келаётганлиги шубҳа-гумонларни кучайтирди. Унинг телефон рақамлари, иш жойининг манзилини ёзгач, тўловни ташкилотига ўзим олиб боришимни айтдим.

Айтилган манзил Андижон шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида, катта йўл бўйидаги уч қаватли бино экан. Бинонинг фасад қисмида на номи, на бирор кўрсаткичи бор. Ташкилот ҳақидаги маълумотлар билан бинонинг ичкарисига киргач, танишдик: «Фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» масъулияти чекланган жамиятининг ҳудудий бошқармаси»…

Теварак-атрофдаги дўконлар, маиший хизмат уйларига кириб, бир соатга яқин сўраб-суриштирдик, лекин МЧЖ директори Бекзодбек Аҳмедов ва унинг бирор вакили билан учрашишнинг имкони бўлмади. Ҳамма эшиклари қулфланган. Тағин Шаҳриёр Ботировга қўнғироқ қилиб, эътирозларимизни билдирдик, «Нега хусусий ташкилот эканлигини айтмадингиз?» дея изоҳ сўрадик.

– Раҳбаримиз Фарғонада ўтиради, – деди у салмоқ билан. – Қандай масала қизиқтирса, мендан сўрайверинг. Тўғри, ўша куни хонадонингизга кириб тарғибот қилмадим, чунки вақт тиғиз эди. Бизнинг МЧЖ вилоят бўйича ишлайди – хонадонлар билан шартнома тузгач, розилик билдирган аҳоли вакиллари йиллик 32 минг сўм тўлов қилишади. Агар йил давомида ўша уйда ёнғин чиқса, хонадон эгасига энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида моддий ёрдам ажратамиз. Хонадонларга кириш, газ баллонларни, электр тизимларини, уйлар томига босилган ўт-хашакларнинг ёнғин чиқариш хавфи қай даражада – буларни текширишга ваколатимиз бор. Чунки ёнғин хавфсизлиги бўлими, электр тармоқлари корхоналари билан қўшма чора-тадбирлар режаси тузилган.

– Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан-чи?

– Йўқ, улар билан ҳамкорлик қилмаймиз…

…Бу гап-сўзлар бир кун аввал «МЧС»данмиз» деб маҳалла айланган Шаҳриёр Ботиров билан суҳбатдан бир парча. Унинг таъкидлашича, «Фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» масъулияти чекланган жамиятида 30 киши ишлайди.

Бу МЧЖ қандай ташкилот ўзи? Низомида қандай мақсад ва вазифалар кўзда тутилган? Ходимлари ҳудудларни айланиб, содда, ҳуқуқий саводи ҳаминқадар одамларга ўзларини «МЧС»данмиз, «МЧС» қошидаги ташкилотданмиз…» деб таништиришади. Қонун-қоидани яхши биладиган юртдошларимизга эса МЧЖ ҳақида батафсил маълумот бериш ўрнига жуфтакни ростлашяпти.

Айни соҳага дахлдор идоралардан олинган маълумотга кўра, Фарғона водийсида юқоридаги каби фаолияти бир-бирига ўхшаш ўнга яқин МЧЖлар талайгина. Номларини қаранг: «Фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазаси» хусусий корхонаси, «Андижон водий сифат (?) ёнғинни олдини олиш», «Наманган ёнғиндан сақлаш», «Водий сифат ёнғинни (?) олдини олиш», «Ёнғинга қарши тезкор курашиш» масъулияти чекланган жамиятлари ва ҳоказо.

Майли, тадбиркорлик замони – одамларни рози қилиб ишласа, ҳалоли бўлсин! Бироқ мазкур ташкилотлар фаолиятини, ходимларининг иш услубини кузатиш асноси қатор саволлар юзага келаётир.

Қонунда хусусий корхона – мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот, тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида эътироф этилади. У фаолият турларини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши мумкин. Аммо фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш соҳасида ягона махсус ваколатли орган – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳисобланади. Демак, вазирликдан бошқа жисмоний ва юридик шахслар бу йўналишда тижоратчилик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Яъни республика аҳолиси ва ҳудудларини турли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш – давлат сиёсатининг асосий тамойили, у фақат давлат томонидан ижтимоий тартибда амалга оширилади.

Шундан келиб чиқсак, юқоридаги МЧЖлар, хусусан, биз фаолияти билан танишган «Фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» масъулияти чекланган жамияти фуқароларни муҳофаза қилиш ва зарар кўриш хавфини камайтириш мақсадида тарғибот олиб боришга, шартнома асосида моддий ва молиявий таъминлаш ишларини рўёбга чиқаришга қонуний жиҳатдан қай даражада ваколатли? Сиртдан қараганда, бу ҳолат суғурта компанияларининг фаолияти билан бир хил эмасми?МЧЖ кадрлари фуқаро муҳофазаси соҳасида олий ва ундан юқори (магистр) таълим даражасига эгами? Йўқ! Масалан, биз билан учрашган Шаҳриёр Ботиров Компьютер технологиялари коллежини тамомлаган. Умуман, МЧЖ вакиллари фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш бўйича касбий ва махсус шаҳодатлашдан ўтганми? Ўтмаган! Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддиларининг куюниб таъкидлашича, юқоридаги ташкилотлар мазкур уч масалада ҳеч бир талабга жавоб бермайди.

Юқорида айтдик, мазкур соҳа давлат назоратидаги йўналиш. Демак, фавқулодда ҳолатларда қутқарув, фуқаро муҳофазасини таъминлаш, аҳоли ўртасида ўқув ва тарғибот тадбирлари давлат томонидан бепул олиб борилади. Шундай экан, бу йўналишда фаолият юритадиган хусусий корхоналар ҳам ижтимоий лойиҳалар асосида фаолият кўрсатиши, зарар кўриш хавфини камайтиришга қаратилган, тарғибот-тушунтириш, моддий-молиявий таъминлаш юмушларини ҳеч қандай шартномасиз – беғараз рўёбга чиқаришлари керак эмасми?

Одамларни чалғитаётган энг муҳим муаммолардан бири корхоналарнинг номи билан боғлиқ. «Фирма номлари тўғрисида»ги Қонунда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилибди: «…адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга ўхшаш бўлган белгилар ҳам кўрсатилмаслиги керак». Демак, «Фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» (Кимни кимдан қўриқлайди? – муаллиф.) масъулияти чекланган жамияти ҳамда «Фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазаси» хусусий корхонасининг номлари қонунга нечоғли мос эканлиги ҳам катта сўроқ остида. Айни масалада Давлат хизматлари агентлиги бош¬қарма ва бўлимлари мутахассисларига ҳам эътирозлар борки, рўйхатдан ўтувчи ташкилотлар ном танлаётганда тадбиркорларга юқоридаги жиҳатларни эслатиб қўйишлари зарур!

Мавзуни жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш жараёнида туғилган саволлар жуда кўп. Демак, Бош прокуратура ҳамда ваколатли идоралар хусусий «МЧС»ларнинг фаолиятини жиддий ўрганиб чиқишлари тақозо этилади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса одамлар алданиб қолмасликлари учун самарали тарғиботга зўр беришлари шарт. Йўқса, билмаганлар «МЧС»дан келишибди», деб хусусий ташкилот ходимларига қўшқўллаб пул тутқазиб қўяверадилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг