Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мақсадимиз — бегуноҳ инсонларни террорчилар чангалидан қутқариш» — Туркия элчиси

«Мақсадимиз — бегуноҳ инсонларни террорчилар чангалидан қутқариш» — Туркия элчиси

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 9 октябрь куни Туркия қуролли кучлари Сурия ҳудудида “Тинчлик булоғи” (Barış Pınarı Harekatı) деб аталган ҳарбий амалиёт бошлади.

Хўш, мазкур амалиётдан кўзланган мақсад нима?  Ҳарбий операция сабаб Сурия ҳудудий яхлитлиги хавф остида қолмайдими? Бошпанасидан айрилган миллионлаб қочқинларнинг тақдири қандай кечади? Ҳарбий амалиёт пайти Сурия қамоқхоналаридаги ИШИД террорчиларининг қочиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар нечоғли асосли? Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр шу каби саволларимизга жавобан қуйидаги мулоҳазаларини билдирди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр

“Аввало, 9 октябрь куни бошланган “Тинчлик булоғи” операциясининг муваффақият билан давом этаётганини қадрли Ўзбекистон жамоатчилигига етказиш, қўллаб-қувватлаганлари учун қардош ўзбек халқи ва Ўзбекистон давлатига миннатдорлигимизни изҳор этишни истайман.

Террорнинг ҳар қандай турига қатъиян қарши бўлган Туркия бу борада Суриядаги барча террористик гуруҳларга қарши, уларни ажратмаган ҳолда курашмоқда. Туркия ИШИДга қарши курашда халқаро коалицияга қўшилибгина қолмай, ИШИД билан майдонда яккама-якка тўқнашган ягона давлат бўлиб, 4000 дан ортиқ ИШИД террорчисини бир ўзи  йўқ қилган.  Туркия фақат ўзи жойлашган минтақага эмас, қардош Ўзбекистон каби узоқ ва яқин жуғрофиядаги давлатлар бошига ҳам таърифлаб бўлмайдиган кулфатлар келтирган ИШИД ва унга ўхшаш малъун террорчи ташкилотларни ўз инларида йўқ қилиш ва бу кулфатларнинг бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларини сафарбар этди.

Халқаро ҳамжамият эътиборини ИШИД қадар тортмаса-да, Сурияда фаолият олиб бораётган бошқа бир террорчи ташкилот – PYD/YPG ва унинг турли бўлинмалари ҳақида алоҳида тўхталмоқ жоиз. Фурот дарёсининг шарқий ҳудудидан мамлакатимизга қарши юзлаб ҳужумлар уюштирган мазкур жангари гуруҳлар ўн йиллардан бери мамлакатимизда ўн минглаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган қонли PKK террористик ташкилотининг Суриядаги бўлинмасидир.

PYD/YPG фақатгина Туркияга ҳужум қилиш билан чекланмай, Сурия халқига қарши, хусусан, мамлакатнинг шимолий ҳудудларидаги кўп сонли тинч аҳолининг ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган террористик ҳужумларни амалга оширган.

Туркияга қарши олиб борган хоинона ҳаракатларида турли террорчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилган, ўз манфаати учун, Раққа шаҳрида бўлганидек, ИШИД террорчиларини озод қилган ва улар билан иттифоқ тузиб, мазкур жангари гуруҳ назоратни қўлга киритган жойларда инсонларни уй-жойсиз қолдирган ва зўровонликка асосланган зулмкор бошқарув ўрнатган.

“Тинчлик булоғи” операцияси ана шундай шароитда амалга оширилмоқда. Мақсадимиз – Туркиянинг чегара хавфсизлигини таъминлаш, Суриянинг шимолий ҳудудларида террорчи гуруҳлар макон топган бир коридорнинг пайдо бўлишини олдини олиш ва минтақадаги маҳаллий халқни террорчиларнинг қўлидан қутқаришдир. Тўртдан бир қисми PKK/YPG террорчи ташкилотининг ишғоли остида бўлган Суриянинг ҳудудий бутунлигига ва сиёсий бирлигига эришишига ҳисса қўшишдир.

БМТ Низомининг 51-моддасига биноан қонуний мудофаа чоралари доирасида амалга ошираётганимиз бу операцияда биз учун устувор бўлган жиҳат – оддий фуқаролар ва бегуноҳ халқнинг бир тола сочи ҳам тўкилмай террорчилар чангалидан қутқарилишидир. Жангарилар оддий фуқаролардан жонли қалқон сифатида фойдаланиш каби турли йўлларни қўллашига қарамай, аскарларимиз катта маҳорат ва эҳтиёткорлик кўрсатмоқдалар. Бундан аввал муваффақият билан амалга оширилган “Фурот қалқони” ва “Зайтун новдаси” операцияларида бўлгани каби, операцияда фақатгина террорчи унсурлар аниқлик ила нишонга олинмоқда.

Операциянинг яна бир мақсади – Сурия шимолий ҳудудлари террорчилардан тозаланиб хавфсиз ҳудудга айлантирилгач, 300 минг нафари суриялик курдлар бўлган, мамлакатимизда ҳимояга олинган 4 миллионга яқин сурияликнинг бир қисмини, ўз ихтиёрларига кўра ана хавфсиз ҳудудга жойлаштириш мақсадида мамлакатларига қайтишларини таъминлашдир.  Хусусан, улардан 365 минг нафари “Фурот қалқони” ва “Зайтун новдаси” операциялари доирасида Жераблус ва хавфсиз ҳолга келтирилган бошқа зоналарга  ўз истаклари билан қайтган эди.

Шуни эсда тутиш керакки, Сурия аҳолисининг 5,5 миллион нафари хорижда бошпана топишга мажбур бўлган, 6 миллион нафари эса мамлакат ичида бошқа жойларга кўчиб ўтган. Бошқача айтганда, уйларини тарк этишга мажбур қилинган 12 миллион киши, яъни Сурия аҳолисининг ярмидан кўпроғи “этник муҳандислик”дан жабрланганлардир. Уларнинг орасида анчагина мусулмон бўлмаган фуқаролар ва мамлакат аҳолисининг 10 фоизини ташкил этувчи насронийлар ҳам мавжуд. “Тинчлик булоғи” операциясидан, айни вақтда, террорчиларнинг “демографик муҳандислиги” натижасида ярми уйларини ташлаб кетишга мажбур қилинган, мамлакат аҳолисининг асл намояндалари ҳисобланган мусулмон бўлмаган аҳолининг Сурияга – уйига қайтишини таъминлаш мақсад қилинган.

Операциядан кўзланган пировард мақсад-муддао ҳақида тўғри ва саҳиҳ тушунчага эга бўлиш учун Туркиянинг фақат ўз ҳудудида ҳимоясига олган фуқароларнигина эмас, айни пайтда Сурияда яшаётган 3 миллионга яқин сурияликка ҳам, яъни мамлакатнинг учдан бир фоизини ташкил этувчи аҳолига ҳам қўлидан келган кўмакни кўрсатгани, террордан тозалаган жойларда мактаблар, касалхоналар, боғчалар барпо қилиш билан инфратузилмани ривожлантириш, “юқори тузилмаларни” қайта тиклашга ёрдам бериш билан қайта оёққа турғазишга ҳаракат қилаётгани, шу мақсадларда 40 миллиард доллар маблағ ўтказганини ёдга олиш кифоя.

Суриянинг шимолида ташкил этилишини истаётганимиз – хавфсиз зона бўйича қарашларимиз Сурия миллий коалицияси, Сурия муваққат ҳукумати, курд ва насроний етакчиларини ўз ичига олган минтақа халқи ва расмий вакиллари томонидан қўллаб-қувватланаётгани армиямизга маънавий куч бағишламоқда.

Туркиянинг террорга қарши кураши Суриянинг ҳудудий бутунлиги, хавфсизлиги ва барқарорлиги учун муҳим аҳамиятига эгадир. Бу курашнинг айни пайтда халқаро тартиб, тинчлик ва барқарорликка ҳисса бўлиб қўшилажаги қўшимча изоҳ талаб қилмаса керак.

Террор, афсуски, уммону чўлларни ошиб ўтувчи чегара билмас глобал офатдир. У Туркия ёки Ўзбекистон демай, Сурия, Нью-Йорк ёки Ўрта Осиёда ҳар онда бир бўшлиқ топиб, панд бериш ғаразида. Шу сабабли халқаро ҳамжамият биргаликда ҳаракат қилиши, террорни қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, биргаликда, қўлни қўлга бериб қатъият билан бартараф этиши керак. Фақат сўнгги 4 йил ичида Туркия ичкарисида 7500 нафар, Туркия ташқарисида 8500 нафар, жами 16 минг нафар террорчининг йўқ қилинганини эслашнинг ўзи бу глобал таҳдиднинг бартараф этилишига мамлакатимиз қўшган ҳиссани намоён этади.

Туркия Суриядаги терроризмнинг ҳар хил кўринишларига қарши кураш олиб бормоқда, операция доирасида ИШИД унсурларининг йўқ қилиниши ва ҳибсда тутиб турилган ИШИД террорчиларининг қўйиб юборилишининг олди олинишига катта аҳамият бермоқда.

Қаердан ва кимдан келса келсин, ортида қайси куч турса турсин, террорнинг барча кўринишини лаънатлаш ҳам ахлоқий, ҳам инсоний, ҳам сиёсий мажбуриятдир. Бундан ўзни олиб қочиш ва “ишга яраган террорчи” қабилида тоифага ажратиш фақат нотўғри бўлибгина қолмай,  айни пайтда халқаро ҳамжамият ва дунё тинчлиг  учун ўта хатарлидир.

Туркия миллий хавфсизлигини таъминлагунга қадар, оддий халқни жангарилар чангалидан қутқариб, минтақани террордан тозалагунга қадар Ўзбекистон каби иттифоқчи ва дўстларининг қўллаб-қувватлаши билан курашни қатъий давом эттиради. Этник, идеологик, диний, сиёсий ва бошқа илдизларига қарамай, террорнинг ҳар қандай турига қарши олиб бораётган муросасиз курашимизда халқаро ҳамжамиятнинг айни нуқтаи назар билан бизни охиригача қўллаб-қувватлаши ва шу орқали террор қаршисида баҳамжиҳат эканини кўрсатиши жаҳонда тинчликни таъминлаш учун рад этиб бўлмас ҳаётий аҳамиятга эга мажбуриятдир”.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг