Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Криминал аҳвол, талон-тарожлик, ҳомиладор ёш қизлар… Партия раиси кескин чиқиш қилди

Криминал аҳвол, талон-тарожлик, ҳомиладор ёш қизлар… Партия раиси кескин чиқиш қилди

Фото: «Uza.uz»

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар хусусида билдирилган фикрлар ва бошқа муаммоларга муносабат билдирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

«Икки кун аввал мен кўрдим, “Сиёсий партиялар нима иш қилаяпти, нимани ҳал қилишди?”, “Умуман партиялар нима керак ўзи?” каби саволларни. Тан олиш керак, сўнгги икки йил ичида ҳаёт умуман ўзгариб кетди. Очиғини айтаман, олдинлари сиёсий партияларни ҳеч ким тан олмасди, тузук гаплашмасди. Ҳозир эса ҳафтасига камида 2-3 та муаммо, масалалар кўтарилган хат вазирлик, идораларга кетяпти. Лекин бизнинг битта муаммомиз бор: тарғибот-ташвиқотимиз жуда бўш, суст», деган у.

– Ўтган йили биз республика бўйича маданий мерос объектларини инвентаризация қилдик, – давом этади партия раиси. – Аслида бу ишни Маданият вазирлиги қилиши керак эди. Улар бюджетдан бу иш учун пул олади, аммо қилмаган. Вазирлик қаерда нима жойлашганини ҳам яхши билмайди, маданий мерос объектлари жойлашуви бўйича берган маълумотларнинг 30-40 фоизи нотўғри, объектларнинг баъзилари бузилиб кетган. Вазирлик маълумотига қарасак, республикада тахминан 7480 та объект бор, аслида улар 6975 та. Қолганлари-чи? Йўқ, жойи теп-текис, асфальт ётқизилган ёки умуман бузилиб кетган. Бундан ташқари, 370 та янги маданий объектни аниқладик. Бу йил ҳукуматга масала қўйдик, бу ишлар учун аввал ажратилаётган 50 миллиард пулни 67 миллиардга чиқардик. Маҳаллий бюджет харажатларидан ортган пулнинг бир қисмини мазкур муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича қарор қабул қилдик.

С.Отамурадовнинг таъкидлашича, баъзи маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжати йўқ, давлат муҳофазасига олинмаган. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида жойлашган XVI асрда қурилган қадимий Абдулазизхон мадрасасини омборхона қилиб қўйишган.

«Партиямиз вакилари билан бу ҳудудни топиб, ўрганиб, расмлар, хулосаларни Маданият вазирлигига топширдик, ҳозирда бу борада ишлар олиб борилмоқда. Йил охиригача бу муаммо ҳал этилиши керак», – деган у.

Сарвар Отамуродовнинг сўзларига қараганда, Халқ таълим вазирлиги фаолиятида ҳам қатор камчиликлар бор. «Миллий тикланиш» демократик партияси вакиллари Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган 4 та махсус мактабга бориб вазиятни ўрганган.

«Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди. Мактабни битираман, деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Бу жуда ачинарли, вазиятни ўрганиб бошимиз қотиб қолди. Қани бу ерда Халқ таълим вазирлигининг масъулияти, нега бу муаммоларга етиб боришмаяпти? Бу саволларга жавоб сўрайдиган вақт ҳам келди. Биз бу махсус мактаблардаги муаммоларни ҳукумат, Бош вазир даражасигача олиб чиқдик, прокуратура органлари ҳам шуғулланди. Ҳозир бироз бўлса-да вазият яхшиланмоқда», деди С. Отамуродов.

Партия марказий кенгаши раисининг айтишича, Ёшлар иттифоқининг ҳам тақдим этаётган айрим статистикалари реал ҳаётга мос келмайди, амалда бу кўрсаткичлар умуман бошқача. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг