Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кимё саноатида 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилади

Кимё саноатида 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарор билан 2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастурнинг қиймати 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг, шу жумладан, 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 31 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган.

Шунингдек дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • азотли, фосфорли, калийли ва мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш;
  • полимер маҳсулотлари, полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилхлорид (ПВХ), синтетик каучук, полистирол, полиуретан, полиол, акрилонитрил-бутадиен-стирол (АБС) пластик, полиакрилонитрил (ПАН) маҳсулотларини чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;
  • кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш.

Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва «Ўзкимёсаноат» АЖ улушлари қуйидаги тартибда сотилади:

  • инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан потенциал инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан:
  • «Самарқандкимё» АЖ устав капиталидаги 60,35 фоиз давлат акциялари ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 39,65 фоиз акциялари «ноль» харид қийматида;
  • «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ устав фондидаги «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 51 фоиз улуши бозор қийматида;
  • «Қўқон суперфосфат заводи» АЖ устав капиталидаги 70,54 фоиз давлат акциялари ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 25 фоиз акциялари – «Индорама» (Сингапур) компаниясига 4,3 миллион АҚШ долларига;
  • «Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 48,05 фоиз давлат акциялари ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2,95 фоиз акциялари танлов савдоларида бозор қийматида;
  • «Электркимёзавод» ҚК АЖ устав капиталидаги «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 26,14 фоиз акцияларини – очиқ савдоларда бозор қийматида;
  • «Жиззах пластмасса» АЖ устав капиталидаги 25 фоизгача акциялар – дастлабки босқичда бирламчи оммавий таклифни (IPO) ўтказиш асосида;
  • «Деҳқонобод калий заводи» МЧЖни акциядорлик жамиятига ўзгартириб жамиятнинг устав капиталидаги 51 фоиз акциялари бозор қийматида;
  • «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖни акциядорлик жамиятига ўзгартириб жамиятнинг устав капиталининг 51 фоизигача бўлган акциялари бозор қийматида.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг