Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Катта холангга овоз бераман!»

«Катта холангга овоз бераман!»

Фото: «Zo‘r.tv»

Сизни билмадиму менга шу йигитчанинг кўрсатуви жуда ёқади. Рост айтаяпман. Бир қарасанг кўчада, бир қарасанг завод ёки фабрикада. Яна бир қарасанг мактабда, коллежда, дўконда! Гоҳида Андижонда, гоҳида Самарқандда! Халқ билан энг кўп мулоқот қиладиган инсон шу аслида! Узун микрофонини хоҳлаган одамининг тумшуғига тиқиштиргани-тиқиштирган. Жавоб оладими, олмайдими, фарқи йўқ, муҳими, кўнглини чўктирмайди! Айниқса, қўшиқ айттириши зўр! Шунақанги жўштириб юборадики, микрофон қаршисидаги одам билмаган ашуласини ҳам хиргойи қилганини билмай қолади (мультфильмдаги бўри «увиллайман» дегандек).

Битта-иккита киши терс гапирадиям, қаҳрамонимиз эса парво қилмайди. «Катта холангга овоз бераман» дейишади, у эса тиржаяди. Маладес, позитив йигит! «Сур бўтдан» дейилса ҳам диққат бўлмай тураверади. Эҳ, бошловчи укам, биз, журналистларга ҳам шундай бўлишни ўргатсанг эди!.. Бетни бетон қилсак қанийди! Эшикдан ҳайдасанг, деразадан кириб келаверсак, о, қанча муаммолар битарди-я!

Қани эди бу йигитча шу истеъдодини бошқача йўсинда очса! Билакдек микрофонини олиб, ҳокимликларга кириб борса! «Қани айтинг-чи, мавсум бошидан буён нечта тадбиркорнинг вақтини олиб мажлис ўтказдингиз?» деса! Кейин жиддийдан-жиддий одамлар ишлайдиган уюшмага бостириб кирса! Қотмадан келган, кўзлари ўлган қўйникига ўхшайдиган бошлиққа микрофон ўқталса: «Сиз битта нашрни гўрга тиқиб келдингиз, энди бу ерни ўлдирсангиз, кейин қаерга кетмоқчисиз?» деса!..

Хўш, бу одам нима қиларди? Чарм қопланган қоп-қора креслосидан сапчиб туриб, унинг микрофонига ёпишади, камерани тепади. Агар қаҳрамонимиз абжирлик қилиб, тутқич бермаса, шартта стол устидаги телефон гўшагига тармашади ва юқорига қўнғироқ қилади: «Мен... мен, узр, нафасим тиқилиб қолди, менга ҳужум қилишди, ўлдиришаяпти». Ана, кўрасиз жанжални!

Шундан сўнг бошловчимиз бошқа уюшмага борса! У ердаги биринчи учраган ходимга микрофон тутса! Жимжимадор қилиб савол берса: «Бу уюшмада ўзи нима билан шуғулланасизлар?». Ходим анқайиб қолиши аниқ! Чунки нималар қилишини ўзиям билмайди-да! Штатлар жадвалини кўрсангиз, «единица»лар тиқилиб кетган, бироқ кун бўйи қандай юмуш билан машғул булар, гарантия, ҳеч қайси билмайди.

Сўзамол бошловчимиз савол беришда давом этса. «Айтинг-чи, давлатга, халққа қандай нафингиз тегаяпти сизларнинг?» деса! Ходим виждони қийналганидан ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юбориши аниқ! Шундан сўнг минг йиллардан буён шу каби ташкилотларда бошлиқдан-бошлиқликка ўтиб юрадиган номенклатура-қариянинг югуриб келишини кўринг! О, шунақанги сиёсатдан олиб сўзласинки у! Ҳай-ҳай демасанг, худди 37-йилдагидек халқ душманига чиқариб қўйишдан ҳам тоймайди! Жойини бировга бериб бўпти бу кабилар! Канадек ёпишиб олган! Аслида замонавий фикрлайдиган ёш кадрлар учун бундай ўринлар керак ҳам эмас! Нафақат ўрин, балки ташкилотнинг ўзи ҳам керак эмас асло! Руҳиятни, ўзликни синдиришнинг нима ҳожати бор? Нуқул юқорига ёқишга ҳаракат қиладиган бошлиқ ва ходимларда мустақил фикр аллақачон ўлиб бўлган!

Қаҳрамонимиз ортидан операторни эргаштириб, бошқа ташкилотларга, вазирликларга югурса (ҳа, у фақат югуради)! Истеъфо бериш нималигини тушунмайдиган, токи ўзи бўшатилмагунча оромкурсидан қўзғалмайдиган раҳбарларни ўққа, йўғ-ей, саволга тутади. «Сиз неча йилдан буён бу идорада ўтирибсиз?». Жавоб ҳам шунга муносиб бўларди: «Ўзим ҳам билмайман, укажон, кетим креслога сваркалаб ташланган шекилли!». Агар яна савол берилса, бу ерда ҳам жанжал бўлиши аниқ!

Шундан сўнг қаҳрамонимиз... халққа мурожаат қилса! «Ҳурматли томошабин, сиз қайси вазирнинг ишини муносиб баҳолайсиз, нечта овоз (неча баҳо) қўясиз?» деса! Ҳаммадан сўраб чиқса, жавобларни олса! Вазирларни оммага таништирса! Ўзига хос хит-парад тузса!..

Йў-ў-ў-қ, айрим раҳбарлар бечора йигитчани судга бериб, енгил-елпи кўрсатув тайёрлаганликда айблашарди. Таниш-билишчилик, тарафкашлик қилганини айтиб, роса қоралашарди. Ахир буларнинг бошидан ошиб-тошадиган иши шу-ку аслида!

Шундай экан...

Хуллас...

Бошловчи укамиз ҳозирги ишини қилиб юравергани маъқул. Қўшиққа, қўшиқчига, катта холасига овоз йиғишдан ҳам беозор юмуш бор эканми?

Нима дедингиз?

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг