Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Катта идорадаги кичик чулчит

Катта идорадаги кичик чулчит

Иллюстратив сурат

Фото: «Fayzbog.uz»

21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

Бугун – Ўзбекистон халқи учун алоҳида кун. Бу айнан мамлакатимиз номи, Ўзбекистон сўзининг ўзагидан келиб чиқадиган, уни ифодалайдиган ўзгача айём. Мазкур сана – ўзбек тили давлат тили мақоми сифатида қабул қилинган кун. Шу боис ҳам 21 октябрь бошқача тарзда кутиб олинади. Байрам арафасида ва ўша куни ўзбек тилининг улуғворлиги, бежирим, жилолиги бот-бот эътироф этилади.

Она тилининг жозибаси, энг аввало, ўзаро сўзлашувда, мулоқотда, ширин суҳбатларда намоён бўлади. Аммо энг чиройли забон – адабиётда. Ўзбек тили адабий тилда, гўзал иқтибосларда янада бошқача акс этади. Минг афсуски, биз Навоийни ўқийвермаймиз, ўқиганда ҳам тушунавермаймиз. Қодирийга ҳадеганда мурожаат қилмаймиз, асарларининг бой тилини идрок этмаймиз. «Мозийга қайтиб иш кўрмак хайрлидир» жумласини онда-сонда қўллаб турамиз, холос.

Талабалик давримиз кечагидек ёдимда. Академик домлалар Навоий асарлари ҳақида тўлқинланиб маърузалар ўқишарди. Айниқса, устоз Ботирхон Валихўжаев улуғ шоиримиз ғазалларини таърифу тавсиф этар, чиройли қилиб шарҳлаб берар, ҳар бир байт, мисралар мазмунини эринмай изоҳлар, орқа парталарни эгаллаган биз, ёшлар эса домлани тинглаш ўрнига беҳуда ишлар билан андармон бўлардик. Ўзбек тилининг кучи, жозибаси аксини топган ғазалларни эшитиш, бундан ғурурланиш ўрнига... шунчаки маърузадан зерикар, ҳомуза тортиб, ўзаро гаплашиб ўтирар, хатчалар ёзиб, бир-биримизга узатар эдик.

Қаранг, ўша пайтларда ўзбек тилидан кўра бошқа тилда сўзлашиш ёки худди ўша забонда иборалар қўллаб гапириш замонавийлик рамзи ҳисобланарди. Шундай инсонлар бор эдики, ўзбек бўла туриб, айрим ибораларни ўзга тил ёрдамида ифодалашга ҳаракат қиларди. Бундайларнинг она тили росманасига қашшоқ эди. Ўз тилини билмасликдан уялиш ўрнига заррача хижолат чекмасди улар. Аксинча, атайин бошқа забонда гапириш, ибора ва иқтибослар келтириш ҳолатлари учрар эди.

Таассуфлар бўлсинки, бугун ҳам шу ҳолатга дуч келяпмиз. Ҳатто ёш-ёш йигит-қизлар ўзбекча гапиришга қийналганидан фикри, муддаосини дарҳол ўзга тилда англатмоқчи бўлади. Баъзи хонандаларимиз она тилимизда фақат куйлай олишади, холос. Улар қўшиқ матнини ёдлаб, микрофонда айтиб (аниқроғи, фонограммада оғиз қимирлатиб) берадилар, вассалом. Аммо шуни ҳам талаффуз, лаҳжани бузган ҳолда ифодалашади: «Ортамзда да-арё, кесп отип болмайдэ...» Очиғи, тутиқушга ўргатганингда ҳам булардан яхши куйлаган бўларди!

Миллий ғурур, Ватан, Юрт, она тилимизга ҳурмат қани? Ахир, ўзбек тилига давлат мақоми берилганига қанча бўлди? Наҳотки, 30 йилга яқин фурсат ҳам айрим ота-оналарда фарзандига она тилимизга чуқур эҳтиром туйғуларини сингдиришга етмаса?

Шу ўринда бир мулоҳаза. Юртимизда ҳеч ким ҳеч қачон бошқа тилларнинг камситилишига йўл қўймайди. Аксинча, чет тилларни ўрганиш, билиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган ва берилмоқда. Мактабларда 1-синфдан бошлаб хорижий тилларни ўқитиш йўлга қўйилган. Бу бежиз эмас. Дунё билан бўйлашаётган Ўзбекистон учун бу жуда муҳим. Қанча тил билсанг, шунча дунё биласан, дейдилар. Бироқ бошқа тилларни ўқитиш, ўргатиш ва ўрганиш ўзбекчада гапирмаслик ёхуд пойинтар-сойинтар сўзлашишни англатмайди.

Телевизорни бир кўринг: япон ёки корейс қизи бизнинг она тилимизда чиройли сўзлаяпти, илмий тадқиқотлар олиб боряпти, ҳатто мақом куйламоқда. Немис ёхуд француз йигити юртимиздаги фаолияти хусусида ўзбекча гапириб беряпти. Улар она тилимизни ўрганишга астойдил ҳаракат қилади, бунга қизиқади, интилади. Демак, ўзбекчани ўрганишга эҳтиёж, талаб бор. Аммо ўзини замонавий ҳисоблаётган айрим ўзбек чулчитлари буни қачон англаб етар экан?

Каттагина идоранинг кичикроқ ходими билан учрашиб қолдим. Енги узун костюм кийган, бўйинбоғи кўйлаги ёқасининг бир томонида қийшайиб турибди. У туппа-тузук ўзбекча гапириб турган эди, бир пайт, денг, бошқа тилда тушунтира кетди. Аммо шунақанги расво гапирдики, аввалига кулгим қистади, сўнг ачиниб кетдим. Биринчидан, яхши ўрганмагани учун, иккинчидан, бошқа тилни ҳам бузгани учун росманасига ачинган эдим. «Биродар, ўзбекча гапираверинг, мен ўзбек тилини биламан», дедим истеҳзо билан. У жим бўлиб қолди, бироқ пинагини ҳам бузмади, одати бўйича бўйинбоғини тўғрилайман деб ёқасининг иккинчи томонига қийшайтириб қўйди, холос.

Бу чулчитлар уялишни қачон ўрганади-я?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг