Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Канада қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон учун таълим грантлари ажратди

Канада қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон учун таълим грантлари ажратди

Фото:«IEC Abroad»

Канада ташқи ишлар вазирлиги ривожланаётган давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг Канадада олий таълим олиши учун грантлар ажратди. Бу ҳақда блогер Фарҳод Файзуллаев ўз каналида маълумот берди. 

Грантнинг номи – Study in Canada Scholarships. Инглиз тилида батафсил.

Грантни Ўзбекистон фуқаролари, қаердан яшашларидан қатъий назар (Канадада доимий истиқомат қилувчилар бундан мустасно) қўлга киритишлари мумкин.

Грант олиш учун ҳужжатлар қачон топширилиши керак?

Грантга ҳужжатлар 2020 йилнинг январь ва март ойлари оралиғида қабул қилинади. Ҳужжатлар Канада ўқув юртлари томонидан топширилади, талаба томонидан эмас.

Грант олиш учун ўқишни қачондан бошлаш керак?

Абитуриент ўқишни 2020 йил сентябрида ёки 2021 йили февралида (қишки семестр) бошлаши керак. Ундан кеч ёки вақтли бошлаган талабаларга ушбу грант тааллуқли эмас.

Грант қандай ҳаражатларни қоплайди?

Грант бир йилга берилганда 60 минг, икки йилга берилганда 120 минг Канада долларигача бўлган ҳаражатларни қоплайди. Грант талабага пул кўринишида берилмайди, балки ҳаражатлари қоплаб берилади.

Виза, Канадага бориш ва ўқиш тугаганда ватанга қайтиш учун самолёт билети, таълим контракти суммаси, уй-жой, еб-ичиш, тиббий суғурта, ойлик «проездной», китоблар ҳаражатлари қоплаб берилади.

Фақат талабанинг ҳаражатлари қопланади; у билан бирга келган оила аъзолари ҳаражатлари қопланмайди.

Грант қандай ўқув даражасини қоплайди?

Грант Канада университетлари, техникум, профессионал коллежларида тақдим қилинаётган дастурларни қоплайди. Бунга профессионал диплом, бакалавр, магистр даражалари киради.

Грант қанча муддатга берилади?

Грант бир ёки икки йилга берилади, ундан кўпига эмас.

Канадада бакалавр даражаси учун 3–5 йил ўқиш керак (программага қараб). Аммо грант максимум 2 йилга берилади. Икки йил грант ёрдамида ўқиб, учинчи йилини ўз чўнтагидан тўлаш мумкин эмас. Грант фақат максимум икки йил ичида тугайдиган дастурлар учун берилади.

Грантнинг минус томони шундаки, бу грант ёрдамида бакалавр дипломини олиш мумкин эмас. Аммо магистр даражасини олиш учун фойдаланиш мумкин.

Грант қандай соҳаларга ўқиш учун берилади?

Исталган соҳалар қопланади, ҳеч қандай чеклов йўқ.

Грант олиб, ишласа ҳам бўладими?

Бу сизнинг визангизга боғлиқ. Талаба визасини олганда, ишлашга таъқиқ қўйилмаган бўлса, унда ҳафтасига маълум соат ишлашга рухсат берилади.

Грант олиб, ўқиш тугаганидан кейин ватанга қайтиб кетиш мажбурийми?

Бу сизнинг визангизга боғлиқ. Талаба визасини олганда, ватанга қайтиб кетиш мажбурийлиги кўрсатилмаган бўлса, Канадада қолиш имконияти бўлади.

Грантни олиш учун инглиз ёки француз тилини қай даражада билиш керак?

Грантни олиш учун инглиз ёки француз тилини сиз кирмоқчи бўлган ўқув юрти белгилаган даражада билиш керак.

Жараён қандай?

1. Абитуриент ўқишга киришга ҳужжат топширади, анкетасида ушбу грантни олишга қизиқиши борлигини кўрсатади.
2. Олий ўқув юрти абитуриентни ўқишга қабул қилади.
3. Ўқув юрти (талаба эмас) Канада ҳукуматига ушбу талабага грант берилишини сўраб ҳужжат юборади.

Ҳаракатни нимадан бошлай?

Аввало, инглиз тилини пухта билишингиз керак. Адашмасам, IELTS'дан камида 7 балл бўлиши керак.

Кейин ушбу сайтни яхшилаб ўрганиб чиқиш керак. Бу ерда грант ҳақида батафсил маълумот берилган.

Иннакейин, Канадада ўқиш учун ўқув юртини танлаш, унга ҳужжат топшириш ва унга кириш керак.

Ёрдам керак бўлса қуйидаги фирмаларга мурожаат қилишингиз мумкин. Албатта, ёрдам бепул бўлмайди, пуллик:
1. Premium Business Travel — +99871 255-75-44, @premiumbusinesstravel
2. Канадада лицензияга эга Раҳмад ака Собировнинг фирмаси – https://sobirovs.com/

Ушбу постдаги маълумот грант расмий сайтидаги маълумотга зид келса, расмий сайтдаги маълумот ҳақиқийдир. (муаллифдан)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг