Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жиззахда янги завод қурилиши бошланди (фото)

Жиззахда янги завод қурилиши бошланди (фото)

Кеча, 5 октябрь куни «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида «Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш» лойиҳаси доирасида «Global Optical Communication Uzbekistan» («GOC-UZ») МЧЖ Қўшма корхонасининг янги ишлаб чиқариш ҳудудида пойдевор қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, «Жиззах» ЭИЗ вакиллари, «GOC-UZ» ҚК хорижий инвесторлари, «Ўзбектелеком» АК вакиллари, «GOC-UZ» ҚК раҳбарияти ва ходимлари, қурилиш ташкилоти раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. 

Оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Global Optical Communication Uzbekistan» МЧЖ Қўшма корхонасига 2019 йил асос солинган. Ишлаб чиқарувчи корхона «Жиззах» ЭИЗда «Ўзбектелеком» АК ва Жанубий Кореянинг хорижий инвесторлари: «Global Optical Communication Co. Ltd.»  ва «Uni Asset Global Co. Ltd.» компаниялари билан биргаликда ташкил этилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 50 минг км.гача оптик толали алоқа кабелларини ташкил этади. 

Қўшма корхонанинг устав капитали 11 миллион АҚШ долларини ташкил этади, шу жумладан:

  • Жанубий Кореянинг компаниялари (55%) – 6 050 000 АҚШ доллари (ишлаб чиқариш ускуналари, материаллар, айланма маблағлар);
  • «Ўзбектелеком» АК (45%) – 4 950 000 АҚШ доллари (бино ва иншоотлар).

2020 йилда биринчи босқичда «Global Optical Communication Uzbekistan» ҚКнинг «Жиззах» ЭИЗдаги мавжуд биносида Корея, Япония ва Хитой компанияларининг замонавий ускуналари ўрнатилган бўлиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва ҳозирги кунда ушбу заводда кореялик мутахассислар фаолият юритмоқдалар.

Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларида 2020 йилда корхона 10 минг км. узунликдаги оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаради. Янги қўшма корхона бугунги кунда 58 та янги иш ўрни яратди.

Иккинчи босқичда 4,5 гектар янги қурилган ишлаб чиқариш майдонида 2021 йилдан бошлаб 50 минг км.гача оптик кабелларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. 100 та янги иш ўринлари яратилади. Ишлаб чиқариш ривожланиб бориши билан янги иш ўринлари сони 300 тагача оширилиши режалаштирилган.

«Жиззах» ЭИЗда «Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш» лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш доирасида «Global Optical Communication Uzbekistan» («GOC-UZ» МЧЖ ҚК), янги биноларини қуриш учун Корея Республикасининг «EXIMbank»дан 3,6 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб қилинди. Қурилиш 2021 йилнинг биринчи чорагида якунланиши режалаштирилган. 

«GOC-UZ» ҚК янги ишлаб чиқариш линияси фойдаланишга топширилгандан сўнг, корхона Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари учун ҳам, экспорт учун ҳам 50 минг км гача оптик толали алоқа линияларини ишлаб чиқаради.

Биринчи босқичда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 32% ни, иккинчи босқичда эса 60% гачани ташкил қилади.

Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий юқори тезликдаги ва ишончли телекоммуникация тармоғи зарур. Бугунги кунда Ўзбекистон мис алоқа линияларидан оптик толали алоқа линияларига фаол тарзда ўтмоқда ва бу телекоммуникация тармоқларининг ишончлилиги ва тезкор сифатини оширади.

Жорий йилда фақатгина оптик толали алоқа қамровини кенгайтириш лойиҳаси доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида 26,5 минг километрга яқин оптик толали алоқа линиялари тортилди. Бугунги кунда оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 61 минг километрдан ошди.

«GOC-UZ» янги ишлаб чиқариш корхонаси нафақат Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмасини авваллари хорижий валютага сотиб олинган маҳсулотлар билан таъминлаш масалаларини ҳал этибгина қолмай, балки 100 нафаргача кишини, шу жумладан, Жиззах шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳам иш билан таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг