Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» романи ҳақида 10+1 факт (видео)

Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» романини биринчи ўқиган китобхон, роман ҳақида ёзувчи тан олган танқид, асарнинг фильм қилинишига муаллифнинг муносабати ва «Қўрқма»дан кейинги ёзиладиган роман ҳақида илк бора батафсил «Xabar.uz»да сўз боради.

ЖАВЛОН ЖОВЛИЕВ – 1991 йил, 24 июлда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган. 

2010-2014 йиллар Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик-журналистикаси» бўлимида таҳсил олган.

Биринчи китоби 2019 йилда «Икки қалб учрашуви» номи билан чоп этилган. Ҳикоялари рус, инглиз, турк ва қардош тилларга таржима қилинган.

Ёш ёзувчини илк бор кенг китобхонлар даврасида машҳур қилган «Бухоро, Бухоро...», «Лобар, Лобар, Лобарим менинг» каби ҳикояларидир.  

«Қўрқма» романи ҳақида:

  • Роман 2020 йилнинг август ойида ёзиб, тугалланди.
  • Роман 2021 йилнинг февраль ойида «Asaxiy Books» компаниясида 3 минг нусхада нашрдан чиқди ва 21 кунда сотиб бўлинди.
  • Роман ўзбек замонавий адабиётининг бестселлерига айланди.
  • Романнинг иккинчи нашри 2 минг нусхада чоп этилди.
  • Роман 2021 йилнинг май ойида Афғонистоннинг «Олтин қалам» мукофотига сазовор бўлди.
  • Шу йили роман муаллифи Ёзувчилар Уюшмасига аъзо бўлди.
  • «Қўрқма» романи учун Жавлон Жовлиевга «Таҳсин» мукофоти берилди.
  • Ёшлар ишлари агентлиги китобнинг вилоятлар бўйлаб тақдимотини ўтказиб берди.
  • Қашқадарёда бўлиб ўтган Ёшлар фестивалида вилоят ҳокими томонидан 30 миллион сўмлик сертификат топширилди.
  • Жавлон Жовлиев Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Келажак бунёдкори» Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ассалому алайкум! Сиз ва сизнинг «Қўрқма» романингиз бугун «Xabar.uz» сайтининг «110 метр баландликда» лойиҳаси меҳмони.

– Валлайкум ассалом, раҳмат!

– «Қўрқма» романи юзасидан жуда ҳам кўп суҳбатлар, фикр-мулоҳазалар бўлди ва ҳаммаси ўзига хос, ҳаммаси ўзига хос талқинда. Лекин бизнинг бугунги суҳбатимиз мақсади ва ўзига хослиги шундан иборат бўладики, «Қўрқма» романига  «10+1 факт» услубиятида ёндашамиз. Яъни,  биз романга 10 та факт ва бонус битта  қўшилган факт талқинида нигоҳ ташлаймиз, шу ракурсда суҳбатни олиб борамиз.

Роман  ғояси қандай туғилганди ва қанча  муддатда ёзилди?

– Роман ғояси талабалик пайтимда туғилган. Бу романдаги асосий қаҳрамонлар – талабалар. Ўзим талаба бўлган пайтимда, Германияда ўқиган талабалар ҳақида эшитиб қолганман. Айнан қаерда десак, ўзим таҳсил олган бугунги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг «Талабалар ётоқхонаси»да. Айнан ўша жойдаги муҳит, одамлар, ўқишга бўлган интилиш, талабалар кўзидаги кўп мудроқлик, умидсизлик ва катта-катта ғояларни кўпинча йўқлиги, таълимдаги муаммолар китобни ёзишимга менга катта туртки бўлган. Ўша куни, бу асар ғоясини ёзиш фикри келган кун бир дақиқа ҳам ухлолмаганман. Чунки, хаёлимда ўша талабалар ва ўзимга бўлган саволлар: «Мен ўзим нимага интилаяпман? Ўзимни камчиликларим?» Аввало, бу роман ўзимга савол нуқтаи назаридан ёзилган.

Роман 2016 йилларда маълумот, ахборот йиғиш, тарихий ҳужжатларни ўрганиш билан бошланди ва 2020 йилда, 4 йил давомида ёзиб, тугатилган.

Ёзувчини ён дафтарчаси бўлади. Романни илк сатрлари ўша ён дафтарчага тушган жойлари бордир, балки. Бу балки кўпчиликка сир жиҳатдир. Шу ҳақида?...

– Албатта, илк, биринчи қораламалар бўлади. Қораламаларни сиз энг яқин турган нарсага ёзиб қолдирасиз. Чўлпон ўзининг папирослари қутисига ёзиб қолдирган. Менда эса ётоқхонада ўзимни бир ён дафтарчам бўларди. Унда ҳар хил нарсалар қораланиб, тартиб билан тузилмаган эди. Ва худди ўша ён дафтарчага романни илк саҳифалари ёзилган. Кейинчалик, қайта-қайта ўчирилиб, қайта-қайта сайқалланиб, сақланган. Энг муҳими, роман менинг кичкинагина, митти нетбукимда ёзилган. Жуда эски эди, лекин жуда қадрдон. Нетбукни 2011 йил сотиб олганман. Шундан бери ҳозиргача уни авайлаб, асрайман.

 Роман қаерларда ёзилди?

– Ёш ёзувчилар учун доим жой масаласи муаммо бўлади. Чунки, бу роман ҳам ётоқхонада ўз умрини бошланган бўлса, кейинчалик, турли хил ижарахоналарга кўчиб ўтди. 9 қаватли «Оилавий ётоқхона»нинг 8-қаватида истиқомат қилар эканман, унинг кичик бир бўлмаси бўлиб, романнинг катта қисми ўша кичкинагина бўлмада ёзилди. Ўша пайтда тартибсизроқ ҳолдаги бўлма эди, лекин ўша жой тинч эди. Ўша ерда романнинг катта қисми – асосий қисмини ёздим. Пандемия пайтида  қишлоққа йўл олдим ва романни охирги нуқтаси Қашқадарё бўйларида, туғилиб ўсган қишлоғимда қўйилди.

Жараёнлар жуда қизиқ бўлган.  Йўлларда ҳам  ҳатто, ёзишдан ўзимни тўхтата олмаганман. Нетбук кичкина бўлганлиги сабабли жой танламайди. Шундай ҳолат бўлганки, бир куни мен тамаддихонда ҳам ёзишга тутиниб, буткул киришиб кетдим. 5-6 соат тинмай ёзиб, ишладим ва ўша куни қаттиқ шамоллаб қолганимни ҳам эслайман. Чунки, жуда совуқ ўтиб кетганди.

Аввало, ёзувчи учун бир тинч, иссиқ жой жуда муҳим. Чунки, хаёллари жамланиши керак. Хаёлни чалғитадиган ҳар хил нарсалар бўлмаслиги зарур. Ташқарида ҳаёт гуриллайди, лекин сиз умрингизда кўрмаган тақдирлар билан яшашга маҳкумсиз. Кичкинагина хоналарда катта ҳаётга чиқадиган қаҳрамонлар яратилади. Кичкинагина бўлмалардан сизнинг қаҳрамонларингиз бутун дунёга тарқалади.

9 қаватли ётоқхонанинг 8-қаватида яшасам, эрта тонгдан ёзишни бошлардим, бу жараён то оқшом 22:00гача давом этар, таҳрирлар билан тунгги соат 2:00 гача чўзилиб кетарди. Фақат ёзаётган қаҳрамонларингизни ўйлайверсангиз, тушингиз ҳам, ўнг ҳаётингиз ҳам худди шуларга айланиб қолади. Улар атрофингизда юргандек бўлади. У пайт оила қурмагандим, ўзим ёлғиз турардим. Дераза ёнига чиққанимда, худди ўша талабалар тургандек бўлаверарди хаёлимда. Атрофимни ўраб олгандек, умидсиз пайтингизда, бу белгилар, фикрлар сизга умид бағишлайди. Яъни, қайта-қайта ишлашга, қийинчиликлардан қўрқмасликка, сиз ёзаётган нарслар кимгадир кераклигини билдириб туради. 

Чунки ўша талабалар ватан учун, миллат учун жон бериб, шунчаки унутилиб кетишга арзимайдиган қаҳрамонлар. Уларни эслаб, ёд этишимиз, жуда-жуда муҳим. Биринчи сезгим – уларни руҳи шод бўлганлигини англаганман. Энг муҳими, улар доим кўз олдимда эди. Ёзолмаётган, қийналаётган лаҳзалар, хато қиласиз қатор-қатор... Тушкунликка тушиб қолган шундай пайтларингиз ўша қаҳрамонлар сизга шивирлаб тургандек, сокин бир мусиқа чалиб тургандек ёки ўзининг дардини айтиб тургандек гавдаланади. Бу куч ва ишонч беради.

Мен ҳар сафар бирор жойдан кўчаётганимда, ёзув столимда катта бир ҳислар қолиб кетаётганини ҳис қилиб тураман. Бир турк ёзувчисининг «Уйлар бу – жой эмас, уйлар туйғулардир!», деган фикри бор. Яъни, ҳар бир уйда инсонни туйғулари қолиб кетади. Фарзандини илк қадами, болалиги... У уйдан кетиши мумкин, лекин айнан туйғулари шу жойда қолиб кетади. Роман руҳияти ҳам ётоқхона, ижара уйлар ва қишлоқлардан кечиб, аралаш туйғулар билан яралган.

Романни илк бор ўқиган китобхон?

– Гоголь ўз асарларини ўқишга илк бора хонасида ишлайдиган фаррошлар, атрофидаги оддий одамларга бериб кўрган. Ёзувчини унинг асарини бу қатлам қандай қабул қилишлари қизиқтирган. Кейинчалик, асарини дўсти ва зиёлиларга илиниб, уларнинг ҳам  мулоҳазаларига қулоқ тутган. Романимни илк ўқиганлар – менинг яқин дўстларим. Мен шундай ўйлайманки, бу роман ёзилишини қўя туринг, уни ўқишни ўзи ҳам катта бир меҳнат. Ҳали қўлёзма, ҳали муваффақияти таъминланмаган бир нарса. Асарни илк ўқувчисига берар экансиз, бу унга малол келмаслиги ҳақида ҳам масъулиятли ўйловда бўласиз. Ва энг биринчи ўқувчи сизга ишонч ҳам беради. Энг биринчи ўқувчини гапи сизни синдириб ҳам юбориши ҳам мумкин. Мен бу борада кўп ўйлаб, романни биринчи бор ўқишга шоир дўстимиз Нажмиддин Эрматовга юбордим. «Қўрқма» илк вариантини илк бор ўқиган китобхон шу инсон бўлади. Дўстим китобни бир ҳафтада ўқиб тугатганидан сўнг, биз у билан бир манзилга отланганимиз сабабли, автобусда кўришдик ва мен унинг роман ҳақидаги фикрлари билан қизиқдим. У ҳайрат ила жавобан: роман жуда яхши эканлиги, ватанпарварлик, миллат мавзусидаги энг яхши роман бўлганлигини айтиб, бу роман сизнинг юзингизни ёруғ қилади, дея кўнглимни кўтарганди. Ўйладимки, дўстим мени кўнглимни ўйлаб, шундай шундай илтифот кўрсатяти деб. Ундан кейин ҳам романни қайта-қайта ишладим ва бошқаларга ҳам ўқишга бердим. Маълум бир қаҳрамонларни камчиликларини айтишди ва уларни тузатишга ҳаракат қилдим.

Роман ҳақида энг оригинал фикр-мулоҳаза билдирган китобхон?

– Китоб сизни қўлингиздан кетганидан кейин, унга турли хил фикрлар билдирилиши табиий. Чунки, энди у, халқнинг мулкига айланади. Кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. Энг оригинал фикр менга бугунги кунда Италияда ўқиётган бир талаба қиздан келган. У ўзи ҳам худди шундай талаба эканлиги, ўзи ҳам ватандан узоқда эканлиги, бунда мен ўзимни кўрдим ва ўша қизлар менда яшаётганлигини англадим, деб ижтимоий тармоқ орқали нома йўллаган. Исми Бону эди. Мен билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, қаҳрамонларни ўлдириб қўйибсиз, аммо, мен тирикман. Улар менда яшаётганлигини ҳис қилдим, деди. Бу менга жуда таъсир қилган. Ишонсангиз, китоб орқали мингдан ортиқ мактуб олганман. Ёзма, ижтимоий тармоқ орқали электрон мактублар. Уларни кўпи ажойиб фикрлар билан тўла. Биттаси айтадики, мен тушимда кўриб, гаплашиб чиқдим ўша талабалар билан деб. Яна бири, Лолани жуда қийнаб қўйибсиз, Лолага нисбатан адолатсизлик қилибсиз, дейди.  Бошқа бирови эса ўша қаҳрамонга ўзини ўхшатганини айтади. Китобхонлардан «Сиз мен ҳақимда ёзгансиз!...» каби фикрлар жуда кўп бўлди. Яъни, ҳамма қаҳрамонни ўзига яқин кўриши, ўзига яқин таниши, қаҳрамонларни ўзининг атрофида деб билиши, жуда катта гап.

Агар роман «Қўрқма» деб номланмаганда, яна қандай бошқа ном  билан аталиши мумкин эди?

– Бор эди бошқа вариантлар ҳам. «Миллият» деган сўз бор эди. Миллатни уйғотувчи, миллатни асл ўзлигини англатувчи маънода. Қатор вариантлар борасида изланиб, ном бўйича устозлар, адабиётшунос олимлар билан ва оилавий, яқинларимиз билан қатор-қатор муҳокамалар қилдик. Чўлпонни бир мисралари бор: «Ҳақиқатни кўзларидан қўрқаман!» деган. Яъни, ҳақиқатни кўзлари жуда бошқача. Ҳақиқатга ҳамма ҳам тик боқа олмайди. Адабиётшунос Нодира Офоқова ҳам Чўлпонни шу сатрларини менга жўнатди ва биз охирида «Қўрқма» деган сўзни романга ном сифатида танладик. Сабаби, бугун учун ҳам 100 йил олдин жаддидларимиз айтиб кетган: «Уйғон! Тур! Ухлама!» чорловлари аҳамиятлидир. Бугун халқни маълум бир қисми албатта, зиёли бўлди, таълим олди. Бир аср аввал айтилган чорлов бизга ичимиздаги бор ғужуримизни, яъни бор имкониятларимизни ишга солиш учун қўрқмаслик кераклигини эслатиб туради. Бу қўрқув фақатгина маълум бир ташқи таъсирлар ёки сиёсатдан эмас, ички қўрқув – ўзига ишончсизлик, ўзини камситиш, ўзининг имконияти, кучларини тўғри баҳолай олмаслик, аввало, инсонни ўзидан. Миллатимизга ўрнашиб қолган стереотиплардан қўрқмаслик ва миллатни янгилашга чорлов мазмунида, қолаверса, давлат миқёсида ҳам, инсон миқёсида ҳам, шахс миқёсида ҳам айтилган ҳитоб бўлиши учун биз шу сўз кераклигини ҳис қилиб, романни айнан «Қўрқма» деб номладик. 

– «Қўрқма» ҳақида сиз тан олган танқид?

– Ўз даврининг барча асарларига яхши фикрлар ҳам, ёмон фикрлар ҳам, танқидлар ҳам бўлган. «Қўрқма»ни жуда кўп танқид қилганлар ҳам бўлди. Унинг услубини, ундаги фикрларни тўла-тўкис шарҳлаган ва бошқача шарҳлаган одамлар ҳам бўлди. Уларнинг деярли кўпига мен ўз фикримни билдирганим йўқ. Чунки, бу ҳаммани ўз фикри ва ҳамма ўз шахсий фикрида қолгани маъқул.

Танқид сизни албатта ўстириши керак. Холис бўлиши керак! Сизга хизмат қилиши керак-да. Ҳаётимизни ўзи кимгадир, нимагадир хизмат қилишдан иборат – эзгуликка, яхшиликка. Бир ёш ёзувчига фойдаси бўлиши керак танқидни. Шундай фойдали танқидлардан бири – Германиядаги воқеаларга нисбатан айтилган. Элчиларга «виза»лар олиш тартибини хато ёзгансиз, аслида, масала Германия элчихонаси орқали эмас, у ердаги консулликлар орқали ҳал қилиниши керак эди ва яна «виза» олиш тартибидаги бошқа камчиликларга йўл қўйгансиз, аслида тартиб бошқача бўлган, деган мазмунда билдирилганди танқид. Бу камчиликлар – реал камчилик ва мен Германияга бормаганлигим учун маълум бир хатоларга йўл қўйганман. Лекин ёзишдан олдин шу масала юзасидан жуда кўп ўрганганман. Айнан шу жойини кўздан қочирганлигим, бу, бироз тушунмовчиликка йўл қўйганлигимга сабаб бўлган. Лекин жуда кўп асоссиз танқидлар ҳам бўлди. Масалан, у ерда маълум бир вазирликлар бор,  нега айнан ўша вазирлик бизда йўқ, нега унақа ёзилган каби иддаоли танқидлар ҳам бўлди. Аслида, адабиёт бу, эркин  ижодий соҳа. Унда сиз айтган вазирлик ҳам бўлмаслиги мумкин. Мен албатта, Ташқи ишлар вазирлиги деб тиркаб, ёзиб қўймайман-ку. Шартлилик бўлади бунда. Адабиётга оммавий ахборот воситаси талабини қўймаслик керак. Газета ва журналларни ўз вазифаси бор. Адабиётни вазифаси умуман эркин, бўлак.

Қаҳрамонларим билан бирга Германияга саёҳат қилганман. 100 йил олдинги давр ва ҳозирги даврда ҳам саёҳат қилганман, ғойибона. Қаҳрамонларим билан бирга юриб, бугун мен улар ўқиган жойлар, улар борган манзилгоҳларнинг тарихини ва бугунини кўришни хоҳлайман. Албатта, Германияга сафарга бориш режамизда бор. Бу сафарни ваъда қилган ташкилотлар ҳам бор. Худо хоҳласа, албатта, Германияга бориш насиб қилади.  

Романни бошланиши ва тугалланиши: Туғилиш ва маънан тирикликка чорловдан иборат!  Романни қандай бошлаш ва тугаллаш бу, энг муҳими. Романни ўртаси-чи, сиз қандай таърифлайсиз?

– Романни ўртаси – жуда муҳим! Ва айнан романни ўртаси ҳузурбахш бўлади. Мен учун шундай. Ўртаси шундай ёзилади-ки, табиий, энг шира, ёқимли жиҳатларни айнан ўша қисмдан топасиз ва ўша жойда ўзингиз яшайсиз. Ўша жойда сиз эркин «сузасиз». Боши, охири доим табиий кетади. Роман бўлганидан кейин, бу катта нарса. Буни кўп ўйлашингиз керак. Шунчаки, биринчи ҳислар билан ҳам ёзиб бўлмайди. Қайта-қайта ишлайсиз.

Роман биринчи варианти муҳаббат мавзуси билан бошланганди, севги билан бошланган. Кейинги вариантда эса севгидан улуғроқ бир кучга айланади. Яъни, туғилмоқ бу – севгининг ҳам туғилиши, ҳаётнинг туғилиши, инсоннинг шахс бўлиб туғила олиши ва бу туғилиш бизга нималарни беради, нималарни юклайди ва нимлардан айиради? Шу каби саволларни қўйиб, қатламини чуқурроқ олдик. Роман ёзишда менда шундай бир ўй бўлганки, бошқаларникига ўхшаб қолмаслигига интилиш. Шунинг учун балки, кўпчиликда фикрлар уйғотади роман. Одатий усуллардан, кимдир сизга очиб берган усуллардан қочиш. Шу пайтгача бўлган қолиплардан қочиш. Ўз сўзингизни айтишингиз. Майли, у бироз дағал бўлиши мумкин, бироз қийин бўлиши мумкин. Лекин албатта, сизни ўзингизни тасвирингиз бўлса, бас! Шунинг учун ҳам мен романни қайта-қайта ишлаганман. Хатолар бўлса ҳам, камчиликлар бўлса ҳам, ҳамма-ҳаммасини ўзимники сифатида қабул қиламан. Ўзимнинг туйғуларим сифатида қабул қиламан. Ва охирига келадиган бўлсак, охири, мени романимда табиий тугаган. Охирини ҳеч қачон  ва ҳеч қанақасига ўзгартира олмаганман. Охири доим ўзини сақлаб қолган. Бошини қайта-қайта ишлаганман. Лекин охири мустаҳкам ўзини қозиғида турган. Худди бошқача охири бўлмаслиги керакдек, худди шу асарда. Асар шундай қисмат билан ёзилгандек ёки тугагандек, шундай хаёлимга келгандек. Шу унга тақдир насиб бўлган...

–  Романда сизга қарши чиққан эпизод ёки ҳолат?

– Измимдан чиқиб кетган қаҳамонлардан бири – бош қаҳрамон. У  жуда саркаш одам. Хаёли ҳар жойда юради. Туйғулари, хаёли, амаллари ҳар жойда тарқоқ. У менга умуман бўйсунмади! Яъни, у эркин! Балки у, ичимдаги Жавлондир!... Балки у, атофимдаги одамлардир, балки тарихимиз, балки келажагимиздир!...Ўша қаҳрамон сизга бўйсунмай ҳаракат қилди, эркин ҳаракат қилди, у ҳатто, романда ҳам ўзини ёзаётган  ёзувчига ҳам бўйсунишни истамайдиган қаҳрамон. Шунинг учун ҳам уни атрофимиздан қидириш, балки хатодир. Уни қалбимиздан қидиришимиз керак!... Менга кўп савол беришади, бош қаҳрамон ким ўзи, деб. Сизмисиз деб? Йўқ, мени ўзим ўқувчига керак эмасман. Иккинчиси, Лола образи ҳақида. Оддий, қишлоқда туғилган қиз. Кейин Германияга ўқишга кетади. Йигитга бўлган охиридаги иши ва бунга кўпчилик норозилик билдирди. Нимага қизларни бунақа тасвирлагансиз, деб. Мана шу қаҳрамон ҳам сизга бўйсунмай ҳаракат қилади. Бу унинг тақдир томон кетиб бораётганлиги, тақдир шунга бошлаб бораётганлиги, ҳаётни қонунлари уни шу йўлга солиб қўйганлигини кўрсатади. Сиз уни тўла-тўкис бошқара олмайсиз. Сизни ҳамма томонингиз ўраб ташланган пайтда, ҳаётни мазмунини ҳам англамайсиз. Ёки бирор-бир машина ҳайдаб кетаётганингизда, мана шу тезликдан оширма деса, қимирлама деса, сиз жуда кучли масъулият, қийинчилик билан уловни бошқарасиз. Яъни, азоб билан қадам ташлайсиз. Эркин бўлолмайсиз! Бундай асар, бундай ҳаёт ҳеч кимга қизиқ ҳам эмас, буни ўқиган одам ҳам биқиқликка учраб қолади. Шунинг учун қаҳрамонларим доим эркин бўлишини истайман. Ўзим ҳам шу тарафдориман. Ўзим ҳам шундай яшашни истайман, шундай яшашга ҳаракат қиламан! Эркин, айнан бир жойга боғлиқ бўлмаган ҳолда. Бировга муте бўлмаган ҳолатда. Қаҳрамоним ҳам шундай – эркин яшайди, эркин фикрлайди ва ўз қисматини шундай яшаб ўтади.

Бош қаҳрамонни амакилари борки, ота-боболари хоинлик қилгани учун уларни оиласи қисмат уларга юклаганидек, шундай пароканда бўлиб бораяпти. Қаҳрамонни улар билан муносабати асносида қабристонга бориб, мол-мулк талашаётган акалари, амакилари учун «Энди сизларнинг бош кўтариб юришга ҳолларинг йўқ. Сизлар энди ўлган инсонсизлар, очиқ мозорлар бор, очиқ қабрлар бор!» дея  еттита қабр қазийди: Чунки отани унутиб, яъни, бир ватанни унутиб, унга хиёнат қила бошлаган, фақат мол-мулк учун севадиган инсон худди очиқ мозорлардек яшаётгандек. Очиқ мозорлар тайёрлаб бораётгандек ўзига. Бойлик, нафсни қули бўлиб, ҳеч бир манфаатсиз яшаётган одамлар жуда кўп. Уларга бир ишораки, очиқ мозорлар кутиб турибди, сиз, ўзи ўлган одамсиз, аслида. Туйғуларсиз, катта-катта мақсадларсиз, фақат ўзини ўйлаб яшашлик бу, жисман инсон сифатида йўқ бўлиш. Ва у вафот этади тугайди уни умри, миссияси. Қаҳрамон эса мен учун эркин яшайди. Нимадир қилмоқчи бўлади, ниманидир ўзгартирмоқчи бўлади, қаерларгадир боради. Турли муҳитларда яшайди. Тўртта талаба. Унга шерик талабалар ҳам худди шундай муҳитда яшайди. Улар билан бўлган муносбатларда ҳам жуда кўп қийналганман. Атрофдаги қизларга бўлган муносбатида ҳам. Кўпчилик ўша томонларига ҳам эътироз билдирди. Айнан ўшанақа тоифа қизлар атрофида бўлганлиги учун ҳам, асарга ўша қизлар кўчирилган. Улар ҳаётдаги эътиқодлари умуман йўқ, бирор нарсага қизиқиши йўқ, бирор нарсага интилиши бўлмаган одамлар. Шунинг учун қизлар образи киритилган. Бу шунчаки, сунъий киритимаган, ҳаммаси мақсадли равишда моҳиятга олиб боради. Агар бирор жойда зилзила бўлса ёки битта одам ис газидан ўлса, бу ҳақида адабиётчилардан кўра, сайтлар эртароқ эълон қилиб, яхшироқ етказади. Буни ёзиш адабиётни вазифаси эмас. Адабиёт ис газидан, шундай ўлишдан қўрқиб яшаётган одамлар ҳақида ёзади. Яъни, шулар, шу ваҳималар билан яшаётган, очлик ваҳимаси билан яшаётган, руҳий ёлғизлик билан яшаётган, интернетга боғланиб қолиб, ўзини ёлғиз ҳис қилаётган ёшлар, катталар, отасиз қолган болаларни умумий образ сифатида манзарларини кўрсатади. Адабиёт билан хабарни вазифаси албатта, шунда ажралиб туради.

 Китоб  дизайни муаллифи ва дизайн мазмуни ҳақида ёзувчидан шарҳ?

– Китобни муқовасига қараб сотиб олишади, унинг мазмунига қараб баҳо беришади, деган гап бор.  Китобни устига эътибор қилсангиз, бир рамзий маъно юкланган. Яъни, бизни ҳаётимиз мана бу қоронғуликдан иборат, агар биз қўрқмасак, ўқишдан, ўрганишдан, ҳақиқатларга тик боқишдан қўрқмасак, кўзимиздан ботир қушлар учиб чиқади. Яъни, орзулар учиб чиқади. Ҳаракатлар бўлади ва умримиз давомида нимларгадир эришиб борамиз. Юксалиб борамиз, парвоз қилиб борамиз ва мана бу томон – китобни орқасидаги оқлик ичра учаётган қушларга бориб қўшиламиз. Бу қушлар оппоқ осмонда парвоз қилиб, ўз орзуларига, олдига қўйган мақсадларига етган одамлар. Агар биз фақат орзулар қилиб, аммо, ҳаракат қилмасак ёки ваъдалар бериб, бажармасак, мақсадлармиз мақсадлигича, орзуларимиз армонлигича қолиб кетаверса, биз ўзимизни мана шу «қора ҳаётимиз»да қолиб кетаверамиз. Албатта, кўзимиздан ўша ўт чақнаб туриши керак. Биз мақсадлар сари курашамиз, парвоз қилмоқчи бўлсангиз, албатта, сиз меҳнат қилишингиз керак.

Китоб муқоваси дизайнери – Орзу Аъзам. Аввалдан биз келишиб, ният қилгандикки, роман ёзсам, сиз  муқоваси дизайни устида ижод қилиб берасиз, дегандим. «Asaxiy Books»ни  ўз муқовасоз дизайнерлари бор. Лекин мана шу китобга Орзу Аъзам билан бирга  ҳамкорликда ишланди. Китобни ҳозирги кўриниши – бу унинг айнан биринчи варианти бўлган ва шу вариант қабул қилинган. «Asaxiy Books» ни ўзи ҳам 5,6 хилдан ортиқ вариантларини берди. Лекин ҳеч қайсиси ҳозиргидек образли ечимдан ўзиб, ўтиб кетолмади ва  биз шунда тўхталдик. Ҳақиқатни кўзларини бир томонга қўйиб, мана шунақа  кўриниш ҳам ҳатто, урф бўлди  Яъни, ҳақиқат кўзи билан жамиятга қарайлик,  деган маънода. Китоб мазмуни билан танишиб чиққан дизайнерни ўзидан чиққан бу ғоя. Дизайнерлик санъати ҳам, жуда нозик санъатлардан бири. Сени тилинг тасвир этиб беролмаган нарсани, улар кўрсатиб бера олади.

– «Қўрқма»ни 100 йил ўтиб, ўқийдиган китобхонни қандай тасаввур қиласиз?

– Бу жуда нозик савол. Ҳар бир ёзувчи ўзини асарларини  ўзидан кейин ҳам кимдир ўқишини истайди. Яъни, китобни умри ўзининг умридан узоқроқ бўлишини истайди.  Чеховни «Мени асарлармини вафотимдан кейин 6 йил ўтиб, биров ўқишига ишонмайман» деган гапи бор. Ваҳолангки, биз  Чехов вафотидан 100 йил ўтган бўлса-да, ҳамон унинг асарларини ўқиймиз. «Қўрқма» ўз умрини ўзи яшайди, деб ўйлайман. Агар асар шунга муносиб бўлса, у 100 йилдан кейин ҳам ўқилади. Ҳеч қандай бир «кўтариш»ларсиз, бир мажбуриятсизларсиз. Ва 100 йил кейинги авлодга бугунги кун одамларини ва ўша одамлардан 100 йил олдинги одамларни руҳиятини етаклаб боради. 100 йиллик – 2асрлик тарихни ва ўзи яшатган асрни етаклаб боради. Бу ўринда катта бир 2 асрлик  масофа бўлади 100 йилдан кейин. Одамлар руҳияти, давр манзараси, ўша ҳаёт, ўша пайтдаги одамлар қаҳрамони ва энг муҳими, «Қўрқма» да кўтарилган мақсадлар, орзулар амалга ошдими, қаҳрамонлар 100 йилдан кейин эришмоқчи бўлган ғояга эришдими?!... Биз мана, кўрдик. Ўша талабалар 100 йил олдин орзу қилган давлатга, истакларнинг кўпига тўлақонли эришолмадик ҳозир ҳам. Улар қилган орзулар – ҳозир ҳам бор, яъни, биз кучли ва қудратли давлат қурмоқчи эдик. Биз Германия, Япония каби яшамоқчи эдик. Бу ҳали ҳам орзу бўлиб турибди. Шунинг эҳтиёжидан ҳам шу роман ёзилди. Яъни, 20120 йилда ҳам худди шундай орзулар билан яшамайлик, деган мақсадда ёзилди. 100 йилдан кейинги ўқувчи бунга сарҳисоб бера олади. Биз ҳали ҳам шунақа эканмиз, биз ҳали ҳам шундай яшаётган эканмиз ёки умуман аксинча!

Яхши китоб жавонлардан жавонларга ўтади. Яхши китоб йиртилади, яхши китоб чанг бўлади, қўлма-қўл бўлади. Фақат кўргазмаларда турмайди.  Китобларим увадаланиб кетишини, ўқилишини орзу қиламан ва кейинги романларимизда ҳам асосий ҳаракатни шунга қаратаман.

– «Қўрқма» дан кейинги ёзиладиган романингиз қандай бўлади?

– Албатта, ёзиладиган асар ҳақида олдиндан катта гапириш, тўғри эмас. Чунки, ҳаммаси шунга боғлиқки, эртага сиз ўша асарни ёза оласиз ёки йўқ. 

Ҳар қандай асар адабиётга айланмайди. Бугунги ўқувчи учун фақат қишлоқ прозаси ёки оддий сувчилар муаммоси, чўл прозаси, фожиага қурилган ёки  ҳиссиётларга қурилган роман унчалик  қизиқ эмас. Иккинчи романим замонавий мавзуда бўлиб, унинг қаҳрамонлари бугунги кун одамлари, мана шу хабарлар, ахборот дунёсида яшаётган одамлардир. Яқинда Америка, Германия замонавий  адабиёти билан яқиндан танишиб чиқдим. «Мана шу 10 йилликда улар қандай асарлар ёзган, қайси мавзуларда ёзган ва бугун биз қайси мавзуларда ёзаяпмиз?» деган савол юзасидан. Шунинг учун ҳам янги ёзилажак романимнинг қаҳрамонлари – бугунги замонавий одамлар бўлади. Қийинчиликларда яшаётган, лекин орзуларини сақлаб қолаётган, курашаётган одамлар ҳақида бўлади янги роман. Бош қаҳрамони – қиз образи. Ниятим, эндиликда хотин-қизлар, аёллар дунёсини очишга ҳаракат қиламиз. 

Навбатдан ташқари савол:

– «Қўрқма» романига киноижодкорлар ҳам қизиқиш билдиришмоқда.  Романнинг умри кинода давом этишини қандай тасавввур қиласиз?

– Роман чоп этилиб, маълум бир ютуқларга эришганидан сўнг, ўзбек киноси ижодкорлари ҳам унга қизиқиш билдиришни бошлашди ва бу борада кинорежиссёрлардан қатор мурожаатлар бўлаяпти. Ҳали айнан бир киноижодкорга китобни ишониб топширганимиз йўқ. Чунки, айрим адабиётлар бўлади, уларни фильмга айлантиришни иложи йўқ. Мен ўйлайманки, агар «Қўрқма»  фильм бўладиган бўлса, аввало, ўша иккита шарт қўйганман ва шу шартларга жавоб берган инсонга китобни фильм қилишга рухсат беришим мумкин.

Биринчиси, албатта, энг катта сабаблардан бири, асар асосида ёзилган сценарий менга маъқул келиши керак.

Иккинчиси, китобни фильм қилмоқчи бўлган компания ёки студияга маълум бир маблағ эвазига рухсатимни беришим мумкин. Сабаби, бизда муаллифлик ҳуқуқлари доим бузилиб келади ва шу билан биргаликда асар ёзаётган одамга, умуман, китобга бўлган ҳурматни  ошириш, китобга жиддий ёндашиш учун албатта, ўзини маълум бир шартлари бор ва бу шартларни бажарган инсонгагина  асарни кинога кўчиришга розилик билдирилади. Шундагина китобга жиддий ёндашилади. Фильм қилиш рухсати ҳам катта пулга тушганлигини англагандан сўнг, улар энди фильмни яхшироқ ишлашга ҳаракат қилади. Менга боғланган ҳамма режиссёрга ўша иккита шартни айтганман. Сценарий яхши бўлса ва яхшигина маблағ эвазига бу китобни фильм қилишга рухсат беришимиз мумкин. Ҳали танлов қилганим йўқ таклифлар борасида. Роман фильм бўлса, кино санъатида ҳам ўз умрини яшашига умид қиламан.

Лобар ҚОБИЛОВА суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг