Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

...Жаҳонгир Обидовичга саломлар бўлсин!

...Жаҳонгир Обидовичга саломлар бўлсин!

Фото: «Xabar.uz»

Кечадан бошлаб пойтахтнинг Амир Темур ва Шаҳрисабз кўчалари кесишмасидаги чорраҳа ёнида жойлашган йирик бепул автотураргоҳ ёпилгани хабарини бергандик.

Шу куннинг ўзида атрофда жойлашган Ucell, Mobiuz (ЮМС), Ипотека банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Бош почтамт ва бошқа йирик ва кичик ташкилотлар ходимлари катта муаммога дуч кела бошлади. Улар автомобилларини қаерга қўйишни билмай ҳайрон. Чунки, чор-атрофдаги катта-кичик кўчаларга тўхташни тақиқловчи белгилар қўйиб ташланган. ЙПХ ходимлари бу жойларга «танда қўйишган»: «знак»ка тўхтаган машиналарни шартта «ёзишмоқда»!

Фото: «Xabar.uz»

Натижада шу атрофда жойлашган ташкилот ходимларининг бир қисми автомашиналарини Олой бозорининг пуллик «стоянка»сига қўйишга мажбур бўлишаётир. Бозор автотураргоҳи нархи арзонмас: 20 дақиқаси — 1500 сўм, 40 дақиқаси 3000 бўлса, бир соат «туриш» пули 4000 сўм! Машинаси тўрт соатдан кўпроқ қўним топган одам эса нақд 8000 сўм санашга мажбур.

Ён-атрофдаги офисларнинг ҳамма ходимлари ёппасига «дамига ош пишадиган» бойваччалар эмас. Улар орасида ўртача маошга ишлайдиганлари ҳам кўп... Кунига саккиз минг «стоянка»нинг ўзига тўлаш эса ойига 250-300 минг сўм қўшимча чиқим дегандир.

Фото: «Xabar.uz»

Қисқаси, шу кунларда ишхонаси Олой бозори атрофида жойлаган фуқаролар нафас олгани учун пул тўлашмаяпти, холос.

Бепул автортураргоҳ ўрнида «Taşkent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim Anonim şirketi» компанияси (Туркия Республикаси) ва «UzTur Investment and Development» МЧЖ (Ўзбекистон Республикаси) томонидан «Tashkent Central Park» кўп тармоқли комплекси қуриш лойиҳасини амалга ошириши айтилади.

Инвестор учун етарли шароитлар яратилар экан, шу ҳудудда меҳнат қилаётганларга ва ушбу офисларга келадиган мижозларга туғдирилган қўшимча муаммога ечим ҳам топиш керак эмасми?! Пойтахт ҳокимияти «бу бизнинг муаммо эмас, иш берувчилар ёки машинаси бор ходимларнинг муаммоси» дейиши мумкин, лекин шаҳарлар қурилгани билан ундаги инфратузилмалар аҳоли (солиқ тўловчилар) эҳтиёжига қараб яратилмаса, ким учун кераги бор бундай мегаполисларнинг? Шаҳар кенгайяпти, кварталлар биқинида, маҳаллаларда янги ситилар қад кўтаряпти, аммо шаҳарнинг коммуникациялари ўша-ўша, йўллар, жамоат транспортиям ўша-ўша аҳвол. Ҳолат худди пуфлаб шиширилаётган шарга ўхшайди, қаеридандир дарз кетиб, «пақ» этмаса бўлгани...

Фото: «Xabar.uz»

Дарвоқе, бепул автотураргоҳ жойлашган ерга эга чиққан «сирли ва сеҳрли» инвестор хусусида ижтимоий тармоқларда ғалати-ғалати хабарлар чиққанди, бироқ мутасаддилар унга изоҳ беришгани йўқ.

...Ҳокимият ва ҳоким Жаҳонгир Обидовичга шу кунларда Олой бозори атрофида сарсон бўлиб юрган, қўшимча чиқим ва жарималарга тушиб қолаётган пойтахт аҳолисидан саломлар бўлсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг