Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳондаги энг йирик аэропорт — дастлабки беш кун

Жаҳондаги энг йирик аэропорт — дастлабки беш кун

Фото: «CNN»

Европа ва Осиёни боғлаб турувчи қадимий ва улкан шаҳар — Истанбулда янги қурилган аэропорт 2019 йилнинг 7—11 апрель кунлари мобайнида 600 минг нафардан зиёд йўловчини қабул қилди. Бу ҳақда Туркия давлат аэропортлари бош бошқармаси хабар берди.

Шу ахборотга кўра, бу ҳаво порти орқали беш кун давомида 308,6 минг киши келиб, 329 минг киши кетган. 7—11 апрель кунлари «Истанбул аэропорти» тўрт мингдан ортиқ самолётни қабул қилди.

Авиакомпанияларнинг Отатурк номидаги аэропортдан янги «Истанбул аэропорти»га тарихий кўчиб ўтиши жараёни якуний босқичда эканини «Anadolu Ajansı» ахборот агентлиги маълум қилган. Истанбулдаги янги ҳаво бандаргоҳида халқаро ва ички рейслар амалга оширилиши бошлаб юборилган. Янги аэропорт «Turkish Airlines»дан ташқари, бошқа хорижий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларини ҳам қабул қилмоқда.

Маълумот учун: Истанбул аэропорти суткасига 350 дан ортиқ йўналишда парвоз қилаётган икки мингтагача самолётни қабул қила олади. Бу ерда 250 та авиакомпания самолётларига хизмат кўрсатилади. Хавфсизликни эса 3 500 нафардан ортиқ қўриқчи ва тўққиз мингта кузатув камералари таъминлайди.

Аэропортнинг очилиш маросимида президент Ражаб Тойиб Эрдўғон шундай деганди: «Биринчи босқичи очилганидан сўнг Истанбул аэропорти йилига 90 миллион нафаргача йўловчига хизмат кўрсатади. Барча босқичлар ишга тушгач йўловчилар сони 150 миллионга, агар керак бўлса, 200 миллион нафаргача етказилади».

Солиштириш учун: жаҳондаги энг йирик АҚШдаги Хартсфилд-Жексон Атланта аэропорти 2016 йилда 104,1 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг