Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ишсиз юрганлар қанча жиноят содир этган? Маҳалладаги муаммолар

Ишсиз юрганлар қанча жиноят содир этган? Маҳалладаги муаммолар

Фото: «Xabar.uz»

Сирдарё туманида Республика маҳаллалар кенгаши томонидан Ички ишлар вазирлиги ва «Нуроний» жамғармаси билан ҳамкорликда «Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кекса авлод вакилларининг ўрни» мавзусида семинар ўтказилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикада ишсиз юрган шахслар томонидан 5 226 та жиноятлар содир этилган. Бу рақам Сирдарё вилоятида 97 тани ташкил этади. Айнан шунча жиноят 90 нафар шахс томонидан содир этилган.

Сирдарё туманида жами 4 939 нафар ишсизлар мавжуд бўлиб, шундан 29 та жиноятни 27 нафар шахслар содир этган.

Туманда жорий йил 8 ойи давомида барча йўналишдаги жиноятлар 28,4 фоизга (886 тадан 634 тага) ва жиноят қидирув йўналишида 32,5 фоизга (486 тадан 238 тага) камайган. Аммо жиноят турларидан ўта оғир жиноятлар 7,1 фоизга (28/30), оғир турдаги жиноятлар 7,5 фоизга (93/100), шунингдек, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 8,0 фоизга (12/13), қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 100,0 фоизга (3/6) ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш 44,4 фоизга (4/9) кўп содир этилган.

Жиноятларда иштирок этган шахслар бўйича таҳлил қилинганида, илгари судланган шахслар томонидан 57 та жиноятни 62 нафар, вояга етмаганлар томонидан 10 та жиноятни 11 нафар, ёшлар томонидан 136 та жиноятни 159 нафар ва аёллар томонидан 61 та жиноятни 66 нафар шахслар томонидан содир этилганлиги кузатилган.

Сирдарё туманида 38 та маҳаллаларнинг 27 тасида ёки 71,0 фоизида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган бўлса, 9 тасида ёки 23,7 фоизида жиноятлар сони ортиб кетган. Шунингдек, Сирдарё вилоятида мавжуд 222 та маҳаллаларнинг 134 тасида ёки 60,3 фоизида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган бўлса, 48 тасида ёки 21,6 фоизида жиноятлар сони ортиб кетган.

Оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган мудҳиш оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Жумладан, республикада содир этилган қотиллик жиноят-ларининг 40,4 фоизи (230 тадан 93 таси) оила турмуш муносабатлари доирасидаги келишмовчиликлар туфайли содир этилган бўлса, Сирдарё вилоятида 7 та қотиллик жиноятининг 4 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида бўлиб, шундан 1 таси эри томонидан хотинига нисбатан, 1 таси акаси ёки укасига нисбатан ва 2 таси қариндошига нисбатан содир этилган.

Маҳаллаларнинг моддий техника таъминоти билан боғлиқ камчиликлар талайгина. Маълум бўлишича, Сирдарё вилоятидаги 222 та маҳалладан 177 тасининг хизмат биноси ўз балансида эмас, шундан 43 та маҳалла 1 хонали, 72 та маҳалла 2 хонали бинода фаолият юритади. Бундан ташқари, 66 та маҳалла таълим ва тиббиёт муассасаларида фаолият юритади.

2019 йил давомида 62 та маҳаллани таъмирлаш, 24 тасини реконструкция қилиш, 30 тасини янгидан қуриш белгиланган, аммо тўққиз ой ичида ҳеч қандай иш қилинмаган. Бундан ташқари, 26 та маҳалла янги мебель жиҳозига муҳтож.

Шунингдек, вилоят бўйича бор-йўғи 43 та маҳалла хизмат телефони ҳамда 37 таси электрон ахборот алмашув тармоғига уланган. 178 та маҳаллада эса хизмат телефони ҳам, интернет тармоғи ҳам мавжуд эмас.

Сайхунобод туманидаги «Иттифоқ», «Нуробод», «Нурли йўл» маҳаллаларининг хизмат бинолари туман ҳокимининг қарори билан тадбиркорларга бериб юборилган. Мирзаобод тумани «Йўлдошобод» ва «Боғистон» фуқаролар йиғини хизмат биноси туман ҳокимининг қарори билан «Беккластер» компаниясига берилган.

Энг ачинарлиси - 2018 йилнинг 1 декабрига қадар қуриб битказилиши керак бўлган 11 та «Маҳалла маркази»дан фақат 2 та — Оқолтин ва Сардоба туманларида қурилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади - бундай ноқулай иш шароитида фаолият кўрсатаётган фуқаролар йиғинларидан қандай яхши натижа кутиш мумкин?! Семинарда таъкидлаб ўтилганидек, оилага кириб, муаммони эшитиш халққа яқин бўлиш, дегани эмас. Муаммо эшитилдими, демак ҳал қилиниши ҳам лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг