Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ипак ва зираворлар» фестивалидаги кураш мусобақаларида хорижликлар ҳам гиламга чиқди

«Ипак ва зираворлар» фестивалидаги кураш мусобақаларида хорижликлар ҳам гиламга чиқди

Фото: Санжар Салимов

XVIII-Халқаро анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивали лойиҳаларидан ўрин олган миллий кураш беллашувлари «Арк» қўрғонида бўлиб ўтди. 8 вазн тоифасида ўтказилган мусобақада 120 га яқин полвонлар ўзаро беллашди.

-Матонат ва шижоат сифатини ўзида мужассам этган миллий кураш спортда алоҳида кўзга ташланган. Курашнинг бу тури миллий ўйини сифатида қадрланади. Айниқса, кураш давомида айтиладиган «Ҳалол», «Ёнбош», «Чала», «Дакки», «Танбеҳ» сингари соф ўзбекона сўзлар ушбу спорт тури атамаси сифатида жаҳон бўйлаб кенг истеъмолда қўлланмоқда. Бугунги фестивалда катталар қатори ёш курашчилар ҳам ўз маҳоратини намойиш этишди,-деди вилоят  Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси директори Ўткир Нажмиддинов.

Фото: Санжар Салимов

Миллий кураш мусобақалари хорижлик томошабинларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлди. Бухоролик Нурбек Тўраев билан Италиянинг Турин шаҳридан келган сайёҳ Жон Карло кураши қизғин таассуротларга бой бўлди.

- Мен Ўзбекистоннинг миллий маданияти, санъати, халқ анъаналари ва урф-одатларига лол қолдим. Айниқса, фольклор дасталарнинг чиқишлари мени мафтун этди. Ундан ташқари, полвонларнинг куч-ғайратини кўриб, лол қолдим. Бундан фақат ҳайратланиш, завқланиш мумкин. Гарчи ғолибликда устун келмаган бўлсам-да, ўзим ҳам қизиқишларим сабаб, гиламга тушдим,- деди Жон Карло.

Мусобақада туркманистонлик Астанақул Бегалиев, Даянч Ўмиров, бухоролик Малик Раббонаев, Нурбек Тўраев, Мирашраф Фозилов, Амирбек Абдуллаев, Акмал Саидов, тошкентлик Абдулвосит Каримов, Темур Ибрагимовлар гилам муносиб тақдирланишди.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг