Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳайдовчилар Тошкент остонасидаги «уятли манзара»дан шикоят қилишмоқда (видео)

Ҳайдовчилар Тошкент остонасидаги «уятли манзара»дан шикоят қилишмоқда (видео)

Фото: «Даракчи»

Ўзбекистонда юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари турли қийинчиликларга дуч келишмоқда ва Транспорт вазирлигига эътирозлар билдирилмоқда. «Xabar.uz»га бу борада видеомурожаатлар келиб тушди.

Мурожаатларда икки масала кўтарилган.

Биринчиси, Тошкент шаҳрига кириб келишда юк ташувчи машиналар учун «стоянка» муаммоси. Сўнгги вақтларда бу муаммо яққол кўзга ташлана бошлади. Ҳозирда М-39 «Тошкент-Термиз» йўлининг Тошкент шаҳрига кириб келиш қисмида бир неча километрлаб узунликда йўл бўйлаб юк машиналари мажбурий «қўним топмоқда».

Бизга видеомурожаат йўллаган ҳайдовчи бу манзарани «уятли ҳолат» деб баҳолаган. Чунки пойтахтга кириш қисмида юк ташувчи машиналарга «стоянка» йўқлиги сабаб, хориж рақамидаги юк машиналари ҳам шундоқ йўл четидан жой қидиришга мажбур бўлишмоқда. Қолаверса, юртимизга келаётган меҳмонларнинг пойтахт остонасидаёқ шундай бетартиб манзарага дуч келиши уларда Тошкент шаҳри ҳақида ижобий тасаввур қолдирмаслиги аниқ.

Иккинчиси, бу — дизель ёқилғиси муаммоси.

Айтилишича, юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари дизель ёқилғиси муаммоси ҳақида бир неча маротаба Транспорт вазирлиги ва бошқа идораларга интернет орқали мурожаат қилишган, аммо натижа йўқ.

«Дизель ёқилғиси масаласи ҳайдовчиларни жуда қийнамоқда, сифат паст, нархлар қиммат, сотувда йўқ», — дейди мурожаатчилардан бири. — «Дизель ёқилғисининг бир литри нархи чекка вилоятларда 7500 сўм. Кўпинча шу ҳам йўқ. Асосан Жиззахда сотилади, унинг нархи 6900 сўм, энг сифатсизи 6500 сўмдан. Униям бензин ва бошқа аралашмалар билан сотишяпти. Назорат умуман йўқ. Қолаверса, биз ҳайдовчилар Тошкентга юк олиб борсак, эртасига кўчада қоляпмиз, автомобилларни қўйишга жой йўқ».

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 августдан бошлаб дизель ёқилғиси нархи 5 400 сўм этиб белгиланган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг