Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар бир туманда бепул ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди

Ҳар бир туманда бепул ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди

Адлия вазирлиги томонидан аҳолига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида эзгу ишга қўл урилди.

Адлия вазирлигининг таклифига асосан «Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан «Мадад» нодавлат-нотижорат ташкилоти ташкил этилди.

Ушбу муассаса аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш амалиёти шу кунгача ҳам қўлланиб келинмоқда. Лекин бу ишлар доимий равишда ва тизимли олиб борилмас эди. Фуқаролар бундай маслаҳатларни қаерда ва қачон олиш ҳақида аниқ билмасдилар. Эндиликда Қарорга кўра ушбу фаолият алоҳида муассаса томонидан мунтазам ва тизимли тарзда амалга оширилади.

Шунга кўра, ҳар бир туман (шаҳар)да босқичма-босқич «Мадад»нинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилади ва фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Маълумки, апрель ойида Адлия вазирлиги томонидан Advice.uz портали ишга туширилган бўлиб, унда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган асосий ҳуқуқий масалалар бўйича 1000 дан ортиқконтентлар жойлаштирилган.

Қарорда таъкидланишича, «Мадад» муассасасига Advice.uz (e-maslahat.uz) порталини доимий такомиллаштириб бориш вазифаси ҳам юкланди. Шунингдек, у қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

- фуқароларга онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат беради;

- ҳудудларда маслаҳат бюроларини ташкил этиш орқали фуқароларга доимий равишда бевосита бепул ҳуқуқий маслаҳат берилишини ташкил этади;

- ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

- ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни жалб қилади.

Маълумот учун: «Advice.uz» тизими орқали ҳозирги кунга қадар 5 мингга яқин фойдаланувчи томонидан 10 мингдан ортиқ ҳуқуқий саволлар берилган. Бундан ташқари тизимнинг оффлайн мулоқот саҳифаси орқали 2 мингга яқин ҳуқуқий саволлар келиб тушган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг