Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гулистон шаҳрида прокуратура ходими чўкаётган қизни қутқариб қолди

Гулистон шаҳрида прокуратура ходими чўкаётган қизни қутқариб қолди

Кеча, 8 апрель куни соат 22.00 да Гулистон шаҳридаги «Дўстлик» канали қирғоғи бўйлаб кетаётган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи А.Убатов сув юзасидан келаётган паст овоздаги шовқинни эшитиб қолади. Диққат билан тикилиб, одам оқиб келаётганига ишонч ҳосил қилади.

«Sirdaryo24» каналининг хабар беришича, А.Убатов зудлик билан яқин атрофдаги вагон томонга югуриб бориб, белкурак топиб келади. Тезда устки кийимларини ечиб, ўзини сувга ташлайди. Оқиб кетаётган одам икки қўли билан қутқарувчи узатган белкуракнинг дастасидан маҳкам ушлаб олиб, ўзи ҳам чиқишга ҳаракат қилади. Жабрланувчини бир амаллаб қирғоққа тортиб келган А.Убатов йўлакдан ўтаётган икки нафар аёлга «тез ёрдам» чақиришларини илтимос қилади. Ҳодиса жойига етиб келган одамлар бир-бирларининг қўлларидан маҳкам тутиб, занжир бўлиб, сув бўйидан тортиб олишади.

Қутқарилган шахс 16-17 ёшлардаги қиз эканлиги маълум бўлди. Шок ҳолатида бўлгани боис дастлаб гапира олмасди. У шошилинч тарзда «тез ёрдам» машинасида РШТИЁМ вилоят филиалига олиб келинади ва шифохонанинг Жонлантириш бўлимига ётқизилади. Сувда чўкаётганида қутқариб қолинган Мунира Шамшиева 2002 йилда туғилган бўлиб, Гулистон шаҳар «Улуғ йўл» МФЙ ҳудудида яшайди. Шаҳардаги 4-ўрта умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. Маълум бўлишича, қиз канал четига ўрнатилган зинадан пастга тушган ва бехосдан сувга йиқилиб, оқиб кетган. У эндиликда ўзини яхши ҳис қилмоқда.

А.Убатов ва бошқа яхши одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бир қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг