Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гон ва Конг: сиёсий саҳнада — пандалар...

Гон ва Конг: сиёсий саҳнада — пандалар...

Она панда янги туғилган пандачаси билан.

Фото: «Berlin Zoo»

Август оёқлаб қолган бир паллада Берлин ҳайвонот боғида иккита пандача дунёга келди. Ҳақиқий мўъжиза!

Энди уларга яхши ном топиш қолганди...

«Келинглар, уларни Гон ва Конг деб атаймиз, Гонконгдаги исёнлар шарафига!», — дейишди немислар. — Ёки исёнкорларнинг етакчилари номлариям бўлаверади!». Баҳонада жамоатчилик сўровини ҳам ўтказиб олишди: барибир Гон ва Конгга етадигани топилмади («Халқ шуни талаб қилмоқда!»).

Масаланинг нозик жойи шундаки, пандалар асли Берлин ҳайвонот боғига тегишли эмас, Хитойдан ижарага олинган. Ҳатто Хитойдан ташқарида туғилган пандачалар ҳам Хитой мулки бўлиб қолади...

Берлинликлар пандаларни қандай аташмоқчилигини эшитиб Хитой ҳукуматидагиларнинг тепа сочи тикка бўлгани аниқ.

Нега? Ҳаммаси оддий. Ҳадемай бу пандачалар Хитойга қайтади, уларда эса махсус илова бор: айиқчанинг тумшуғига шундоқ тутсангиз отигача айтиб беради. Энди тасаввур қилинг, ҳайвонот боғига келган хитойлик фуқаролар айфонларини пандаларга тутишса, пандалар Гон ва Конг, Гонконгдаги исёнлар шарафига шундай номланганини билиб олишадими?..

Сўнгги қарорни Хитой қабул қилади, шундай экан ҳеч қанақанги Гон ва Конг бўлмаслиги мумкин.

Тўғри, дунё ҳайвонот боғидаги пандаларнинг исмлари халқаро муносабатларни бузадиган даражада айниб улгурган эмас. Ҳозирча.

Дарвоқе, пандалар биринчи марта «сиёсий мавзу» қаҳрамонлари бўлаётгани йўқ. Бир пайтлар Хитой Тайванга Туань-туань ва Юань-юань номли пандаларни совға қилмоқчи бўлган экан. Қитмирликни қаранг: «туаньюань» — «бирлашиш» дегани. Ҳийлани пайқаган тайванликлар ҳам бўш келишмади ва Ду-ду ва Ли-ли деган ном қўйилсагина совғани қабул қилишларини айтишган. Чунки «дули» — «мустақиллик» дегани.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг