Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

«Гидрозанжир», «юмшоқ уруш» таҳдиди ва «Янги Ўзбекистон»: Марказий Осиё мамлакатларининг янги қўшничилик истиқболлари ҳақида

«Гидрозанжир», «юмшоқ уруш» таҳдиди ва «Янги Ўзбекистон»: Марказий Осиё мамлакатларининг янги қўшничилик истиқболлари ҳақида

Ўзбекистон ички сиёсатидаги сўнгги йиллардаги ўзгаришлар минтақавий ҳаётга ҳам таъсирини ўтказмасдан қолмади. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликдаги очиқлик, ошкоралик, янгиланиш ва ўзгаришлар мамлакатларнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол кўриниб турибди. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси қарор топган, «Янги Ўзбекистон» деб аталаётган бу даврда минтақадаги ҳамкорлик ўзининг янги босқичларини забт этмоқда. Халқаро экспертлар ҳам Мирзиёев ҳокимиятини сифатлашда минтақавий тинчликдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлашаётгани сир эмас.

Умуман олганда, Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистоннинг ҳарбий, сиёсий, маданий, тарихий ва иқтисодий жиҳатдан етакчилиги истиқболдаги муносабатларга асос бўлиши ҳайратланарли ҳол эмас. Минтақанинг географик жойлашуви, хавф-хатарларнинг умумийлиги, иқтисодий жиҳатдан боғланганлиги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда.

Марказий Осиёда Ўзбекистон етакчи(ми?)

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий мақсадларидан бири – ўз ҳудуди атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини яратиш. Бу мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий ривожланиш учун муҳим. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналиши сифатида қараётгани ҳам сир эмас. Хусусан, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун 2020 йил давомида ташқи сиёсат ва иқтисодий фаолият бўйича юқори даражадаги 35 та ташрифни амалга оширилган. Бундан ташқари, Тошкентда илм-фан, санъат, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар, ёшлар, сайёҳлик, спорт, жамоат бирлашмалари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари иштирокида 90 дан ортиқ турли учрашувлар, видеоконференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказиш орқали халқ дипломатияси самарали амалга оширилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ташкил этилганлиги ҳам эътирофга сазовор ҳолат, аслида. Уларнинг якдил қарорлари билан минтақадаги хавотирли вазият сабабли 15-16 июль кунлари Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Бундай тадбирларда Ўзбекистоннинг минтақа ташаббускори сифатида қатнашишини ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.

Натижада минтақадаги кўп томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада яхшиланмоқда. «2017-2019 йилларда Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси ҳар йили ўртача 50 фоиздан ошиб, 5,2 миллиард долларни ташкил этмоқда. 2020 йил статистик маълумотларига кўра, глобал пандемияга қарамай, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан умумий савдо айланмаси 5 миллиард долларга етди. Айниқса, Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида Марказий Осиё давлатларининг улуши 2019 йилдаги 12,4 фоиздан 2020 йилда 13,6 фоизга ошди, бунда Қозоғистон улуши 61 фоизни, Қирғизистон 18,2 фоизни, Туркманистон 10,6 фоизни ва Тожикистон 10,2 фоизни ташкил қилди. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг бундай яхшиланиши бутун минтақанинг сармоявий жозибадорлигини оширишга ёрдам берди. Хусусан, 2017–2020 йиллар мобайнида Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида 300 дан ортиқ шартнома ва 75 миллиард долларга яқин битимлар имзоланди», деб маълумот беради Тараққиёт стратегияси маркази.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёга нисбатан очиқ, конструктив ва прагматик сиёсати натижасида кўплаб муаммолар ҳал бўлмоқда. Улар қаторида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникациялари ва давлат чегараларини кесиб ўтиш кабиларни санаш мумкин.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан яхши сиёсати глобал пандемия даврида минтақа раҳбарларининг бир-бирига ёрдам бериш ва коронавирус тарқалишининг таъсирини юмшатиш бўйича биргаликда амалга оширган чораларидан далолат беради. Минтақадаги давлатлар коронавирус инфекцияси тарқалишининг илк кунлариданоқ бир-бирига гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон бир неча бор Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами юборди. Бунга жавобан Қирғизистон ва Тожикистон ҳам Сардоба сув омборини тиклаш учун гуманитар ёрдам кўрсатди. 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон кўмагида Қирғизистонда 200 ўринли ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилди.

Жаҳон ҳамжамиятида Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ортиб бораётганини минтақа ҳамда ташқи субъектлар ўртасида кўп томонлама ҳамкорликнинг турли форматларини ташкил қилишда кўриш мумкин. «Марказий Осиё – Хитой», «Марказий Осиё – Россия», «Марказий Осиё – Америка Қўшма Штатлари», «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи», «Марказий Осиё – Корея Республикаси», «Марказий Осиё – Япония», «Марказий Осиё – Ҳиндистон» каби кўп томонлама ҳамкорлик форматлари йўлга қўйилди. Эътиборли жиҳати, бу минтақадаги ижобий ўзгаришлар туфайли яратилган янги муҳит дунё етакчи давлатларининг Марказий Осиёга бўлган эътиборини оширганидан далолат беради.

Марказий Осиё давлатларининг барқарорлиги ва бирдамлиги, биринчи навбатда, минтақа тинчлигини таъминлайди, сармоявий жозибадорлигини оширади, хорижий шериклар ва инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини яратади. Президент Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномасида Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2021 йилги «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни изчил давом эттириш бўйича ҳаракатлар режаси киритилган.

Хўш, Ўзбекистон нега бунчалик Марказий Осиё бирдамлиги учун ҳаракат қилмоқда. Яхши қўшничилик муносабатлари нега бирламчи ўринга чиқмоқда? Умумий муаммолар ва таҳдидлар нималарда намоён бўлади?

Умумий муаммолар ва таҳдидлар

Гидрозанжир: Сув муаммоси

Қишлоқ хўжалиги ҳали ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг ўтиш давр иқтисодиёти учун етакчи тармоқ бўлиб қолмоқда. Совет Иттифоқи даврида Марказий Осиё (МО) республикалари режалаштирилган иқтисодиётга ва минтақани ўзаро кескинлаштирувчи нуқталар билан боғлаб қўйган. Сув тизимлари Марказий Осиёнинг энг асосий тармоқларидандир. Сув сиёсат даражасида бўлиб, аграр соҳа устувор бу давлатларда оби ҳаётнинг қиймати катта ҳисобланади. Сув тизими учта асосий қисмдан иборат: тартибга солувчи, тарқатувчи ва транспорт қисми.

Асосий сув йўллари харитаси
Асосий сув йўллари харитаси

Тартибга солувчи қисм Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлиб, асосий дарёлар мазкур мамлакатлар ҳудудидан бошланади. Бу муаммолар Совет Иттифоқи парчаланиб, минтақа мустақил субъектларга айлангач, пайдо бўла бошлади. Сувга муҳтож Ўзбекистон ва Туркманистон Қирғизистон ҳамда Тожикистон билан кўплаб муаммоларга дуч келаверди.

Ўрта Осиё дунёдаги энг йирик суғориладиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Умумий 8 миллион гектарлик интенсив ва 32 миллион гектар суғориладиган майдонга эга. Суғориладиган деҳқончилик энг катта сув истеъмолчиси бўлиб, унга минтақадаги мавжуд сув ресурсларининг 90 фоизидан кўпи сарф қилинади.

Аҳоли сони ва суғориладиган ҳудуд жиҳатдан Ўзбекистон минтақада етакчилик қилади. Бундай ҳолатда сув ресурсларига эгалик қиладиган Тожикистон ва Қирғизистон билан яхши қўшничилик муносабатларини олиб бориш Ўзбекистон учун табиий ҳолдек кўринса ҳам, жуда кеч, Мирзиёев давридагина анча яхшиланди. Туркманистон ва Ўзбекистон кун сайин саноатлашиб борган тақдирда ҳам, сув билан боғлиқ чорвачилик ва деҳқончилик бу мамлакатларда асосий тармоқ бўлиб қолаверади.

Сув тизимларидаги муаммолар минтақада кенг қамровли иқлим инқирозига ҳам сабаб бўлмоқда. Бунинг яққол мисоли сифатида «Орол фожиаси»ни келтириш мумкин. Орол денгизининг қуриши натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг кенг қисмларида экологик таназзул кузатилмоқда. Бу ҳолатда сув муаммоси янада долзарблашиб боради.

Глобал террор ва наркобизнес таҳдиди: хавфсизлик муаммоси

Марказий Осиёнинг яна бир умумий муаммоси бу — терроризм. Глобал терроризм таҳдиди Яқин Шарқ, Покистон ва Афғонистон билан чегарада янада долзарблик касб этади. Афғонистонда яқинда ўрнатилган «Толибон» ҳукумати билан МО давлатлари ҳали етарлича муносабатларга киришмаган бўлса-да, умумий фонда террордан хавфсираш ётибди. Ўзбекистон томони «Толибон»нинг террористик ташкилот эмаслигига ишонч билдирган тақдирда ҳам МО мамлакатлари эркин қўпорувчилик ҳаракатларидан қаттиқ хавфсираши турган гап. Жангариларнинг асосий ҳаракат нуқтаси Афғонистон эканлиги ва ҳали Расмий Кобул мамлакатни тўла назоратга олмагани қўпорувчилик ҳаракатларини осонлаштириши мумкин. Террорчилар учун асосий транзит давлат сифатида кўрилаётган Афғонистон билан чегара Ўзбекистон учун 147 км.ни, Тожикистон учун 1 357 км.ни, Туркманистон билан 804 км.ни ташкил этади. Бундай кенг масофани қўриқлаш эса катта маблағ талаб қилади.

МОнинг 3 та давлати билан чегарадош Афғонистон Глобал терроризм индексига кўра, 1-ўринда туради (2019).

Терроризм индекси
Терроризм индекси

«Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келгач, Афғонистонда наркотик воситалар ишлаб чиқарилмаслигига ваъда берган бўлса-да, бу амалда қай даражда ишлаши сўроқ остида қолмоқда. Наркобизнес билан шуғулланувчи йирик жиноий гуруҳлар турли йўллар билан МО ҳудудидан транзит йўли сифатида фойдаланишга уринишлари кўп кузатилади. Чегаралар суверенитети мамлакат ривожланиши учун муҳимлиги сабабли ҳам Марказий Осиё давлатлари аввалгиданда бир-бирларига муҳтождирлар.

МО давлатлари ўзаро уюшган ҳолдагина ушбу таҳдидлардан йироқ бўлиши мумкин, чунки ўзаро ҳамкорликкина ташқи кучлар босимидан осон озод бўлишга олиб келиши кутилмоқда.

«Буюк давлатлар» таъсирига тушиб қолиш хавфи: геополитик муаммолар

Хитой. Марказий Осиёда Хитой энг нуфузли ўйинчилардан бири бўлиб чиқмоқда. МО географик яқинлиги туфайли Хитойнинг ғарбий минтақалари барқарорлиги ва ривожланишининг ажралмас қисми сифатида қаралади. Бундан ташқари, Марказий Осиё ва Хитойнинг минтақавий алоқаси «Бир макон ва бир йўл» лойиҳаси орқали мустаҳкамланган. Хитой Қозоғистоннинг экспорт ва импортда иккинчи; Ўзбекистоннинг импортда биринчи, экспортда учинчи; Қирғизистоннинг импортда биринчи, экспортда олтинчи; Тожикистоннинг импортда учинчи, экспортда бешинчи; Турманистоннинг импортда биринчи, экспортда учинчи энг йирик иқтисодий ҳамкоридир.

Хитойнинг Марказий Осиё тинчлигига асосий хавф сифатида қаралаётган «Толибон» ҳукуматини қўллаб-қувватлаётгани минтақада хавотир уйғотмоқда.

Россия. Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқининг истиқболи Хитойнинг «Бир макон ва бир йўл» ташаббусига қарши қўллаётган «юмшоқ уруши» бўлиши мумкин. Расмий Москва гарчи Марказий Осиёга сиёсий амбициялар қўллашини тан олмаса-да, минтақани ўз назоратида сақлашга интилиши бор гап. СССРни қўмсовчи айрим рус сиёсатчиларининг турли чиқишлари ҳам собиқ империалистик давлатнинг «иштаҳаси»ни инкор этмайди.

АҚШ. Вашингтоннинг афғондаги миссияси муваффақиятсизликка учрагач, АҚШ учун Марказий Осиёнинг аҳамияти ошиб кетди. АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида 5+1 лойиҳаси бўлса ҳам, бу унинг минтақадаги ролини юқори суръатларда ушлаб туришига етмаётгандек. Расмий Вашингтон АҚШнинг йирик сиёсий даъволари сабабли ҳам, ҳудудда Хитой ва Россиянинг таъсири ошиб кетишига йўл қўя олмайди.

Бошқа геохавфлар. Россия, Хитой ва АҚШдан ташқари ядро қуролига эгалиги тахмин қилинаётган Эрон, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан кучли Ҳиндистон ва Покистон ҳам Марказий Осиёга «пассив хавф» саналади. Эътибор берадиган бўлсак, Марказий Осиё ҳарбий жиҳатдан кучли мамлакатлар қуршовида қолган.

Ядро қуролига эга мамлакатлар харитаси


Минтақа атрофида «Ядро қозони» (ядро қуролига эга мамлакатлар назарда тутилмоқда — таҳр.) қайнамоқда. Бу эса хавфни англатади. Юқорида номи тилга олинган мамлакатлар билан МО давлатларининг муносабатлари ёмон бўлмаса ҳам, бу хавфсиз келажакни кафолатмайди.

Умумий салоҳият ва имкониятлар

Мамлакат

Майдони

км2

Аҳоли 
(2021)

ЯИМ (2020 йил, миллиард долларда)

Ўзбекистон

448 978

34 058 213

57,71

Қозоғистон

2 724 900

19 048 128

164,8

Тожикистон

142 550

9 801 777

8,0

Қирғизистон

199 950

6 655 401

7,47

Туркманистон

488 100

6 138 894

47,35

Умумий

4 004 478

75,702,413

285,33

Марказий Осиёнинг умумий майдони Россия, Канада, Хитой, АҚШ, Бразилия ва Австралиядан сўнг олтинчи, аҳолиси сони бўйича йигирманчи, ЯИМ бўйича кучли қирқталикка кира олади. Шунингдек, ҳарбий салоҳияти бўйича Ўзбекистон 51-ўрин, Қозоғистон 61-ўрин, Туркманистон 86-ўрин, Қирғизистон 93-ўрин, Тожикистон 99-ўринда туради. Бирлашган Марказий Осиё қўшинларининг қудрати юқори ҳисобланади.

Марказий Осиё асосан йирик ва иқтисодий жиҳатдан қудратли мамлакатлар орасида жойлашганлиги транзит ҳудуд сифатида катта даромад олишига ёрдам бериши мумкин. Маълумотларга қараганда (2018), Ўзбекистон (4 669 км.), Қозоғистон (16 060 км.), Туркманистон (7 680 км.), Тожикистон (620 км.), Қирғизистон (424 км.) умумий темирйўлларининг узунлиги 30 минг км.га яқинлашиб қолади.

Хулоса ўрнида…

Умумий салоҳият ва имкониятлар Марказий Осиё мамлакатларининг яхши қўшничилик алоқалари орқали янада равнақ топмоқда. Хусусан, бундай вазиятда Ўзбекистон томонининг фаол сиёсати ажралиб турибди. Хориж экспертлари «Янги Ўзбекистон» деб аталадиган Мирзиёев даврида Марказий Осиё мамлакатларининг бир-бирлари билан яхши муносабатларини юқори баҳоламоқдалар. Яқин келажакда бу сиёсат давом этади, зеро биргаликдаги ҳаракатларимизгина таҳликали замонда тараққиётимизнинг гарови бўлиши мумкин.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг