Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гапнинг индаллоси шу: шартномада «шарм» бўлмайди!

Гапнинг индаллоси шу: шартномада «шарм» бўлмайди!

Маълумки, шартнома — икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувидир. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин ҳисобланадилар.

Масалан, олди-сотди шарт­номаси бўйича бир тараф, яъни сотувчи товарни бошқа тарафга — сотиб олувчига мулк қи­либ топшириш мажбуриятини олади. Сотиб олувчи эса, бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган баҳодаги пулни тў­лашга мажбур.

Бугунги кунда фуқаролик судларида  олди-сотди шартномасига оид кўплаб низолар кў­риб чиқилмоқда. Бу жараёнда олди-сотди шартномасини расмийлаштиришда тарафлар келишувга ва қо­нун­да белгиланган талабларга қатъий амал қилмаганликлари аниқланмоқда. Оқи­батда улар ўртасида низолар келиб чиқмоқда.

Суд томонидан шартнома ҳақиқий эмас, деб топилганда тарафларнинг ҳар бири бошқасига шартнома бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши лозим. Агар олинган нарсани аслича қайтариб бериш имкони бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

Бундан ташқари суд томонидан, шарт­нома баҳосидан келиб чиққан ҳолда, ноҳақ тарафдан давлат божини ундириш ҳам белгиланади.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судлари томонидан 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида олди-сотди шартномасидан келиб чиққан низолар юзасидан 55 та фуқаролик иши кўрилган.

Шундан 25 таси бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган, 21 таси бўйича даъво рад этилган, 4 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган ва 5 даъво аризаси кўр­масдан қолдирилган.

Мисол учун Валижон Тўхтаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йил 19 апрелда Жиззах шаҳар, Алишер Навоий шоҳкўчасидаги ўзига тегишли уйни Қодир Ҳасановга сотиши тўғрисида нотариал тасдиқланган олди-сотди шарт­номасини тузган. Бунга унинг 2 нафар оила аъзолари ҳам розилик билдириб, ариза беришган.

Ушбу шартнома давлат рўй­хатидан ўтказилиб, Қ.Ҳасанов номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Аммо орадан 5 ой ўтишига қарамай, В. Тўхтаев сотган уйини бўшатиб бермаган. Охир-оқибат Қ. Ҳасанов уни уйдан мажбурий тартибда кўчириш тўғрисида судга мурожаат қилган.

Ўз навбатида, В.Тўхтаев ол­ди-сотди шартномасини ҳақи­қий эмас, деб топиш ҳақи­даги қарши даъво билан судга мурожаат қилган. У ўз аризасида хонадонни сотмаганини, балки олган қарзи эвазига гаровга қўйгани, бироқ олди-сотди шартномаси осон расмийлаштирилгани учун шундай шартнома тузганини асос қилиб келтирган.

Аммо судда В. Тўхтаевнинг бу борадаги важлари бирон-бир далил билан ўз исботини топмади. Аксинча, унинг икки нафар оила аъзоси уй сотилгач, бир ой ичида бўшатиб бериш ҳақида нотариал тасдиқланган ариза берганлар.

Ушбу ҳолат олди-сотди шарт­нома­си­нинг 8-бандида кўрсатилган.

Алоҳида ёзма тилхатда ҳам В.Тўхтаев уйини сотгани ва бир ойда бўшатиб беришини қайд этган.

Шунингдек, шартноманинг 6-бандида томонлар уйни 80 000 000 сўмга баҳолагани, сотувчи ушбу пулни сотиб олувчидан тўлиқ олгани кўрсатилган. Ушбу бандни В.Тўхтаев ўз имзоси билан тасдиқлаган.

Судда гувоҳ Н.Тоҳировнинг томонлар ўртасида пул олди-бердиси бўлганини эшитмагани ҳақидаги кўрсатмаси ишонч­га сазовор эмас, деб топилди. Чунки Фуқаролик кодексининг 109-моддасида битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмаслиги, бироқ низо чиққан тақдирда, тарафларни битим тузилгани, унинг мазмуни ёки бажарилганини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилиши белгиланган.

Шу сабабли суднинг ҳал қилув қарори билан В.Тўхтаев оила аъзолари билан низоли уйдан кўчирилди. Унинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги қарши даъвоси рад этилди.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 112-моддаси 2-қисмига кўра, агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўлиқ ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса, битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақи­қий деб ҳисоблашга ҳақлидир.

Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қи­лин­майди.

Амалиётда ушбу қонун талабига мувофиқ олди-сотди битимини ҳақиқий, деб топиш ҳақидаги даъво талаблари ҳам учрайди.

Масалан, Бобур Раҳимовнинг Сергей Антоновга нисбатан уй-жой олди-сотди битимини ҳақиқий, деб топиш ҳақи­даги даъво аризаси билан судга қилган мурожаати бунга яққол мисолдир.

Б.Раҳимов ўзининг даъво аризасида Дўстлик тумани, Дўстлик кўчасидаги уй-жойни жавобгардан 2001 йилда 900 000 сўмга сотиб олгани, жавобгар бу ҳақида тилхат ёзиб берганини маълум қилган.

Шунингдек, у уч йил муддатга уйни сотиш ҳуқуқи билан ишончнома ҳам бергани, бироқ эътиборсизлиги сабабли уйни расмийлаштириб олмаганини, жавобгар оиласи билан чет давлатга кетгани ва ҳозир улар қаерда эканини билмаслигини асос қилиб келтирган.

Суд томонидан аниқланишича, низоли уй 1993 йил 21 июндаги давлат ордерига асосан жавобгарнинг номига хусусийлаштирилган.

Хусусийлаштиришда унинг турмуш ўртоғи ва қизи ҳам иштирок этган.

Шу сабабли улар ҳам низоли уй мулкдори ҳисобланишади. Низоли уйнинг сотилишида эса, Фуқаролик кодексининг 225-моддаси талабига мувофиқ барча мулкдорларнинг розилиги олинмагани сабабли суднинг ҳал қилув қа­рори билан олди-сотди битимини ҳа­қиқий деб топиш ҳақидаги даъво аризаси рад этилди.

Аксинча, Юсуф Омонов жавобгар Дания Епашниковага нисбатан олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш ҳақи­даги даъво билан судга мурожаат қилган. Ю.Омонов бунда Жиззах шаҳар, Ҳамид Олимжон кўчасидаги уйни 1992 йилда жавобгардан гувоҳлар иштирокида 15 000 рублга сотиб олганини, жавобгар ундан пулни олиб қайтиб келганида уй­ни расмийлаштиришини билдирган ҳолда чет давлатга кетганини, шундан буён қайтиб келмагани, унинг ҳозир қаерда эканини билмаслигини асос қилиб кўрсатган.

Судда аниқланишича, 1984 йил 15 августдаги олди-сотди шартномасига асосан низоли уй Д.Епашниковага мулк ҳуқу­қи асосида тегишли бўлган. Жавобгар низоли уйни 1992 йил 23 июлда даъвогарга 15 000 рублга гувоҳлар иштирокида сотган ҳамда бу ҳақда тарафлар ўртасида оддий ёзма шаклдаги тилхат тузилган.

Д. Епашникованинг бошқа шахс билан қонуний никоҳда турганлиги, судланганлиги, вафот этганлиги, руҳий касаллиги, қидирувда эканлиги, республика ҳудудидан чиққанлиги тўғрисидаги маълумотлар аниқланмаган. Суд-хатшунослик экс­пертизасининг 2018 йил 8 июндаги хулосасида низоли уйни сотганлиги ҳақи­даги 1992 йил 23 июлдаги тилхатдаги имзо ҳамда ёзувлар Д.Епашникованинг ўзи томонидан бажарилганлиги қайд этилган.

Шунингдек, суд мажлисида сўралган гувоҳ К.Сайдуллаев низоли уй олди-сотдисида иштирок этиб, тилхатга гувоҳ сифатида имзо қўйганлиги ҳа­қи­да тушунтириш берган. Уш­бу ҳолатда суд Фуқаролик кодексининг 112-моддасига асосан олди-сотди битимини ҳа­қи­қий деб топган.

Хулоса қилиб айтганда, мулк ҳу­қуқининг бир шахсдан иккинчи шахсга ўтишида ол­ди-сотди шартномаси ўта муҳим ўрин тутади.

Айниқса, уй-жой олди-сотди шартномасини тузишда унинг иштирокчилари қонун талабларига қатьий риоя этиши, ушбу шартномани ҳақиқий эмас деб топишга асос бўладиган ҳо­латларни текшириб кўриши, тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажариши қатъий талаб этилади. Бу, ўз навбатида, келгусида низо келиб чиқиши ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Акрам Шукуров,
фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах вилояти судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг