Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фаттоҳ Шодиев фонди Тошкентда йирик турнир ўтказади

Фаттоҳ Шодиев фонди Тошкентда йирик турнир ўтказади

10-11 август кунлари Тошкент шаҳрида Шодиев Халқаро фонди томонидан ташкил этилаётган Интеллектуал ўйинлар бўйича III Евроосиё кубоги бўлиб ўтади.

Фестиваль доирасида машҳур «Нима? Қаерда? Қачон?» («Что? Где? Когда?») ўйинининг спорт талқини бўйича беллашув, «Своя игра» индивидуал турнири ва оммалашиб бораётган «Ҳамса» жамоавий викторинаси ўтказилади.

Мазкур кенг кўламдаги тадбир Ўзбекистонда илк маротаба ташкил этилмоқда. Турнир доирасида Тошкентга Максим Поташёв  («Нима? Қаерда? Қачон?» телевизион клубининг магистри), Александр Рубин («Биллур укки» совринининг икки карра соҳиби, Нима? Қаерда? Қачон?» Халқаро клублар ассоциацияси вице-президенти), Александр Коробейников («Нима? Қаерда? Қачон?» ўйин бўйича жаҳон чемпиони) каби кўплаб дунёнинг таниқли билимдонлари ташриф буюради.

Турнирга шунингдек, ақлий ўйинларнинг ёш ихлосмандлари ҳам ташриф буюриб, профессионал билимдонлар билан танишиш ва маҳорат дарсларда иштирок этиш имконига эга бўлишади.

Тадбирда Ўзбекистон жамоалари билан бир қаторда дунёнинг турли бурчаклари, жумладан, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Германия, Латвия ва бошқа давлатлардан жамоалар иштирок этилиши кутилмоқда.

Жорий йилда 25та кучли жамоа биринчилик учун ўзаро беллашади. Турнир сўнгида Интеллектуал ўйинлар бўйича Бакуда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишга муваффақ бўла оладиган минтақанинг энг кучли билимдонлари аниқланади.

«Нима? Қаерда? Қачон?»нинг спорт талқини телевизион ўйиндан бироз фарқ қилади: унда бир вақтнинг ўзида бир неча жамоа биргаликда ўйнайди, жавоблар эса ёзма шаклда топширилади.

Турнир доирасида билимдонларга 72та саволлар йўлланади ва энг кўп тўғри жавобларни топган жамоа ғолибга айланади.

Турнир ташкилотчиси, Шодиев Халқаро фонди – нодавлат хайрия ташкилоти бўлиб, унга Ўзбекистонда таваллуд топган Фаттоҳ Шодиев томонидан 1996 йилда асос солинган.

Даставвал талабаларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган фонд ўтган 23 йил ичида Евроосиёда илм-фан, санъат, таълим, инновация ва хайрия фаолиятини ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишга йўналтирилган халқаро марказга айланди.

Жорий йилда ҳам фонд ўзбекистонлик билимдонлар лигаси – «Ўз-лига» учун бутун дунёдан меҳмонларни қарши олишдек шарафни тақдим этувчи мана шундай кенг кўламдаги интеллектуал тадбир ташкил этмоқда.

Турнирга ташриф буюришни истаганлар севимли жамоаларини қўллаб-қувватлаши ёки машҳур билимдонлар билан танишишлари ва Интеллектуал ўйинлар бўйича III Евроосиё кубоги жараёнини бевосита жонли кузатишлари мумкин.

10 август соат 10:00да иштирокчилар ҳамда меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш якунланади ва турнирнинг тантанали очилиш маросими бошланади. Тадбир Тошкентдаги «Wyndham Hotel Tashkent»  меҳмонхонасида икки кун – 2019 йилнинг 10-11 август санасида ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг