Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқ Афғонистон масаласида Марказий Осиё билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи

Евроиттифоқ Афғонистон масаласида Марказий Осиё билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи

Вазирлар машваратида Афғонистон терроризм маконига айланиб қолмаслиги лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Фото: «Mfa.tj»

Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро манфаатли бўлган турли соҳалар, жумладан, Афғонистон масаласида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи. Бу ҳақда Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель 22 ноябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» шаклидаги 17-вазирлар учрашувида маълум қилди.

«Марказий Осиё мамлакатлари 30 йил аввал мустақилликка эришганидан буён сезиларли ютуқларга эришди. ЕИ Марказий Осиё янада барқарор, фаровон ва бундан-да мустаҳкам робиталар билан боғланган иқтисодий ва сиёсий макон сифатида тараққий этишини истайди. ЕИ ва Марказий Осиё COVID-19 пандемиясидан кейин тикланиш борасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш борасида қатъий хайрихоҳлик изҳор этади. Биз, шунингдек, Афғонистондаги вазият бўйича юзага келаётган айрим умумий муаммолар юзасидан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни истаймиз. Агар Марказий Осиё давлатлари ислоҳотлар ҳамда демократияга содиқлик борасида қатъият намойиш этса, ЕИ минтақа келажагига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин», – деди Евроиттифоқнинг бош дипломати Жозеп Боррель.

Вазирлар машварати якунида қабул қилинган Қўшма коммюникеда ҳам турли масалалар қаторида Афғонистондаги вазият юзасидан муносабат билдирилган.

«Иштирокчилар Афғонистондаги ҳодисаларнинг минтақавий оқибатлари юзасидан умумий хавотир изҳор этадилар. Улар барча афғонистонликлар, хусусан, хотин-қизлар, кам сонли этник гуруҳларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва асосий эркинларига риоя этилиши ва рағбатлантирилиши ҳамда инклюзив ва вакиллик ҳукумати ташкил этилишига чорладилар. ЕИ Афғонистонда ишончли демократик сиёсий жараёнлар кечиши муҳимлигини таъкидлади», – дейилади Қўшма коммюникеда.  

«Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» шаклидаги 17-вазирлар учрашуви якунида, шунингдек, Афғонистон ҳудуди терроризм маконига айланиб қолмаслиги лозимлиги алоҳида қайд этилган. Машваратда Афғонистон халқига гуманитар ёрдам борасида ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Жорий йил октябрь ойида ЕИ Афғонистон ҳамда унга қўшни мамлакатларга фавқулодда кўмак сифатида 1 миллиард евро кўмак маблағини ажратилишини маълум қилди.

«Биз Афғонистонда кенг кўламли гуманитар ҳамда ижтимоий-иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун қўлимиздан келган барча чораларни кўришимиз керак. Бунга тезроқ киришмоғимиз лозим», – деган эди Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, 22 ноябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили ҳамда ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен билан музокара ўтказган. Ушбу  учрашувда ҳамкорликнинг долзарб масалалари қаторида Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель жорий йил июль ойида Тошкентда ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро анжуманда қатнашган ва унинг доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Олий даражадаги музокарада ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг