Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёга машҳур Angry Birds ўйини асосчиси Тошкентга келди

Дунёга машҳур Angry Birds ўйини асосчиси Тошкентга келди

Фото: Муҳаммад ал-Хоразмий ахборот технологиялари мактаби

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бугунги даврда Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш учун фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкинлиги таъкидланган эди. Ва бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш зарур.

Етук ва малакали кадрларни таёрлашда энг илғор хорижий тажрибадан фойдаланишда муҳим ўрин эгаллайди. Ҳукумат ташаббуси билан бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда, хориждан юртимизга обрўли ва юқори тажриба ва малакага эга мутахассислар жалб қилинмоқда.

Жумладан, дунё бўйлаб 2 миллиарддан зиёд нусхада сотилган машҳур Angry Birds (Жаҳлдор қушлар) ўйини асосчиси Питер Вестербак 26 февраль куни Тошкентга ташриф буюрди.

Питер Вестербак ўйинлар ишлаб чиқарувчи Rovio компаниясининг (Финляндия) маркетинг бўйича директори, Angry Birds ўйини муаллифларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, у HP Mobile E-services Bazaar асосчиси; Mobile Monday, Edunation, Fun Academy, Lightneer, FinEst Bay Area ва Slush компанияларининг ҳаммуассиси ҳамдир.

Вестербак TIME журнали эътирофига кўра, 2011 йилда «Сайёранинг энг обрўли 100 одами» рейтингига киритилган, 2015 йилда шу рейтингнинг энг юқори ўнталигидан жой олган. Бундан ташқари, Вестербак таълим соҳасидаги ишончли ҳамкор бўлиб, у талабалар ҳаракатчанлигини Финляндиядаги ишчи кучининг етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш ва Финляндиянинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишнинг асосий омилларидан бири деб билади. 2017 йилда у Финляндияда халқаро талабалар сонини кўпайтиришга ёрдам берадиган ва халқаро миқёсдаги ва ишчилар ҳаракатчанлигига тўсиқларни камайтиришга ёрдам бериш учун Edunationʼни ташкил этди.

Питернинг номи, шунингдек, яна бир қанча бошқа лойиҳалар билан ҳам боғлиқ, масалан: Европанинг Кремний водийси – FinEst Link (Хелсинки ва Таллин ўртасидаги лойиҳа), MobileMonday, Brand Breaker ва бошқалар.

У юқори даражадаги маслаҳатчи, илҳомлантирувчи маърузачи ҳисобланади ва 2018 йилда Шанхайнинг Тунцзи университетида инновациялар ҳамда тадбиркорлик бўйича профессор унвонини олган.

Юртимизга ташриф буюрган ушбу таниқли мутахассис дастлаб Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий ахборот технологиялари мактабида учрашув ўтказди.

Ташриф доирасида у мактабда яратилган шароитлар, тўгараклар билан тўлиқ танишиб, ўқувчилар билан қизғин суҳбат қурди. Суҳбат давомида жаноб Вестербак ўз ҳаётий ва профессионал тажрибаси тўғрисида сўзлаб берди, ёшларга фойдали маслаҳатлар берди. Ўқувчилар эса, ўз навбатида, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва халқаро мутахассисдан керакли мотивацион билимга эга бўлдилар.

Шундан сўнг, Питер Вестербак Тошкентдаги Инҳа университетига бориб, талабалар учун маҳорат дарси ўтди.

Ёшлар билан учрашув чоғида Вестербак ўз соҳасида эришган тажрибалари билан бўлишди.

«Агар сиз бир соҳада жуда катта муваффақиятга эришсангиз, бу борада ҳамма нарсани биламан, деган тушунча пайдо бўла бошлайди. Мана шу нуқтада тўхтаб қолиш керак эмас, илгарига ҳаракат қилишда давом этиш керак. Шу билан бирга, оламшумул янгилик яратиш имконсиз нарса деб ҳам ўйламаслик лозим. Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ, фақатгина ўқиш, ўрганиш керак. Шунда барча имкониятлар пайдо бўлади», дейди у.

Унинг мисол келтиришича, Rovio компанияси 2003 йилда ташкил этилган бўлса, 2008 йилгача 51та ўйин ишлаб чиқарган. Дунёга машҳур бўлган Angry Birds 52-ўйин сифатида 2009 йилда яратилган.

«Бу ўйинни яратиш ҳақида аввал ҳеч ким ўйламаган. Лекин у пайдо бўлди ва ҳаммага манзур келди. Сиз ҳам келажакда бугун ҳеч кимнинг хаёлига келмаган дастурни яратиб, муваффақиятга эришишингиз мумкин. Фақатгина ўз имкониятингизга шубҳа билан қараманг», — дейди Вестербак.

Angry Birds асосчиси ўзининг муваффақият сирлари ҳақида ҳам гап очди.

«Менинг кичик қоидаларимдан бири: шунчаки ўйлама, чуқур ўйла (Don’t think, do think). Бу – шунчаки механик ўйлашдан кўра юқорироқ ҳолат. Масаланинг чуқур моҳиятига кириб таҳлил қилиш керак. Шунда ўзингиз излаётган учқунни топа оласиз. Ва энг муҳими, нима яратишингиздан қатъи назар, шунчаки бренднинг ортидан қувманг. Маҳсулотнинг моҳиятига, оригиналлигига эътиборни қаратинг», дея ёшларга ўгит қилди у.

Тадбир ташкилотчиси, IT-парк вакилининг қайд этишича, мазкур учрашув Ўзбекистондаги IT соҳаси нималарга интилиши кераклиги тўғрисида одамларда тасаввур уйғотиш, шунингдек, ёшларларнинг IT-соҳасидаги билимлари ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.

Шунингдек, соҳасига қизиқувчилар сонини кўпайтириш ва бу мавзу ҳар қандай ёшдаги одамлар орасида янада долзарб бўлиши учун ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг Европадаги IT-саноати иш усуллари билан таништириш учун бундай ташрифлар уюштирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг