Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Малака оширмаган юридик шахс ҳайдовчилари жарима тўлайди

Малака оширмаган юридик шахс ҳайдовчилари жарима тўлайди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддасига («Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши») қўшимча киритилди. Унга кўра, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида бўлмаган тақдирда жарима тўлаши белгиланди.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилингани ҳақида маълум қилганди.

Лойиҳага кўра, ушбу моддага «фақат йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати» бўлмаса жаримага тортилиши ҳақидаги ўзгариш киритилиши мумкинлиги айтилганди.

Демак бундан англашиладики, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ҳужжатни кўздан кечиришда барча юридик шахсларга тегишли автотранспорт ҳайдовчиларидан эмас, балки фақат йўловчи ва юк ташишга ихтисослашган ҳайдовчилардангина малака оширганлиги ҳақида сертификатни кўрсатишни талаб қилиши мумкин, деб ёзганди депутат.

Сўнг бу мавзуга ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ушбу хабарга ўз муносабатини билдирганди.

Унинг эслатишича, 2017 йил 4 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар 2 йилда бир марта «Avtotest Report» МЧЖда малака ошириши ва махсус сертификат олиши кераклиги белгиланди.

Ушбу қарор кенг жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди. Ҳеч қандай асос келтирмасдан, лоббизм суви билан қондирилган бундай қарор халқда норозилик уйғотиши аниқ эди-да.

Узоқ муҳокамалардан кейин 2018 йил 23 февралдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ушбу қарорга ўзгариш киритилди. 2 йилда бир маротаба малака ошириш талаби ўз кучида қолди, фақат айнан «Автотест»да ўқиш шарт эмаслиги, керакли талабларга жавоб берадиган бошқа автомактабларда ҳам бемалол ўқиш мумкинлиги белгиланди. Бир қарашда, монополия бекор қилинди.

Агар МЖтКга депутат Расул Кушербаев айтганидай ўзгариш киритилса, яъни малака оширмаганлиги учун фақат йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларга жарима белгиланса, бу ўз-ўзидан қолган юридик шахслар малака оширишга мажбур эмаслигини англатади.

«Вазирлар Маҳкамаси қарорида «мулкчилик шаклидан қатъи назар» деб ёзилганку, демак, ҳамма ўқиши шарт эмасми», дейишингиз мумкин. Майли, ёзилса ёзилаверсин. Асосийси, бу қилмишга жарима йўқми, тамом, малака оширмаслик ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатни келтириб чиқармайди. Вазирлар Маҳкамаси қарори қонундан устун бўла олмайди. Қўрқмасангиз ҳам бўлади. Кўрамиз, воқеалар ривожи қандай тус оларкин. Депутатларимиз охиригача «туриб бера» олишига умид қиламиз, деб ёзганди блогер.

МЖТКнинг 135-моддасига киритилган қўшимчага қараганда, охиригача «туриб бера» олишмаган кўринади.

Демак, энди:

  • юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахслар ва автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар 2 йилда 1 марта малака оширишлари шарт бўлди.

Агар юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари ўз ёнида малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаса:

  • улар энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлайдилар. Бу ўзгариш 2019 йил 4 августдан кучга киради. Айни вақтда иш ҳақининг энг кам миқдори 202 730 сўм этиб белгиланган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олинган пайтдан бошлаб 2 йиллик даврда жавобгарлик белгиланмайди. Гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига бошқасини бериш ҳоллари бундан мустасно.

Моддага киритилган қўшичага кўра:

  • ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш фаолияти билан исталган давлат (рўйхатдан ўтказилган) ва нодавлат (лицензияга эга) таълим муассасалари (агар белгиланган талабларга жавоб бера олса) шуғулланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач жарималар қўлланила бошлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг