Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Депутат: ЛГБТ масаласи уюштирилган воқеага ўхшаяпти

Депутат: ЛГБТ масаласи уюштирилган воқеага ўхшаяпти

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳолатлар бўйича турли хабарлар тарқалганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шербек Бўронов бунга ўз муносабатини билдирди.

«Глобаллашув жараёни жадал ривожланаётган ҳозирги даврда ахборот хуружлари тобора авж олмоқда. Битта воқеани сунъий уюштириш воситасида бошқа воқеаларни юзага келтириш ҳолатлари кузатиляпти.

ЛГБТ масаласининг ижтимоий тармоқларга муҳокамага кўтарилиши ҳам уюштирилган воқеага ўхшаяпти. Чунки шу ҳолатдан кейин пойтахтимизда бир гуруҳ ёшларнинг ноқонуний чиқишлари рўй берди.

Бу ўринда асл режа кимнингдир ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш эмас, балки ҳаётий позицияси, диний тафаккури шаклланиб улгурмаган ёшларнинг ҳиссиётларини жунбушга келтириш орқали уларни ноқонуний ҳаракатларга ундаш, мамлакатимиздаги ижтимоий барқарорликка путур етказишдан иборат бўлиши мумкин.

Фикримча, ижтимоий барқарорликни таъминлаш мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун қонунларда тақиқланган, фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига салбий таъсир қиладиган ҳаракатларга қаршимиз.

ЛГБТ масаласи қонунчилигимизга ҳам, халқимиз эъзозлайдиган қадриятларга ҳам, муқаддас динимизга ҳам зид нарса. Шахсан мен бу йўналишда қонунчиликдаги тақиқлар бекор қилинишига қаршиман. Энг аввало, сайловчилармизнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб бу позицияни илгари сурмоқдамиз.

Ҳамюртларимиздан бирон мавзуни муҳокама қилаётганда ёки фикр-муносабат билдираётганда ҳаддан ортиқ ҳис-туйғуларга берилмасликларини сўраб қоламиз», — дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкентдаги Амир Темур хиёбонидаги ҳолатнинг фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушлангани хабар қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг