Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Департамент  «Марказий студия»да айтилган гапларни рад этмоқда

Департамент  «Марказий студия»да айтилган гапларни рад этмоқда

Фото: Видеолавҳадан скриншот

2019 йилнинг 23 октябрь куни «Mening Yurtim 5» телеканалининг «Марказий студия» информацион дастури орқали фуқаролар С. Отабоев  ва унинг отаси Т. Отабоевлар чиқиш қилиб, унда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари ходимларини валютага оид жиноятни фош этишдаги хатти-ҳаракатлари юзасидан норозилигини билдирган эди. Хусусан, фуқаро С.Отабоев гаплашиб юрган «қизи»  И.нинг Тошкент шаҳрида опаси уй сотиб олиши учун ундан 87 млн. сўм пулларини 10 000 АҚШ долларига айирбошлаб беришини илтимос  қилгани, шу сабаб  Нурафшон шаҳрига борганлигини ва у ерда (миллий таомлар кафесида) хорижий валютани сотаётганида Департамент ходимлари томонидан ушланиб, унга босим ўтказилганлиги ҳақида баён қилган. Шунингдек, студиядаги суҳбат жараёнида ота департамент ходимлари ўғли ёш эканлигидан фойдаланишиб, қўлга олганлишганини, аслида  фарзанди «валютафуруш» эмаслини таъкидлайди.

Ойнаи жаҳон  орқали билдирилган бундай фикрлар кенг жамоатчилик ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳақида салбий тасаввур  ҳосил қилиши эҳтимолини инобатга олиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қуйидагиларни маълум қилади:

Аввало, таъкидлаш шарт: С.Отабоевнинг қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиш ва уни ўтказиш ҳаракатлари тезкор қидирув тадбирлари ҳамда суд ҳужжатлари билан тўлиқ исботланган. Жумладан:

  1. Амалдаги қонунчиликка асосан С.Отабовнинг ҳаракатларига баҳо берилганда Жиноят кодексининг 177-моддасининг (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) субъекти 16 ёшга тўлган, ақли расо шахс ҳисобланиши белгиланган. Бунда, ижтимоий хавфли қилмишни содир этаётган шахснинг «валютафуруш» бўлиши жиноят субъектининг мажбурий белгиси бўлиши мумкинлиги белгиланмаган. Ушбу ҳолатда С.Отабоев 16 ёшга етган ва ақли расо шахс ҳисобланганлиги сабабли жиноятнинг субъекти ҳисобланади.
  2. С.Отабоев ҳар бир АҚШ долларини 8 700 сўмдан ҳисоблаб сотган. Шунингдек у ушбу ноқонуний валюта олди-сотдисининг пировард натижасидан моддий манфаат кўзлаганлигидан далолат берувчи далиллар мавжуд. 

Хусусан, тезкор тадбир ўтказилган кунда (14.06.2019 йил) «Миллий банк» Нурафшон филиалидан олинган маълумотга кўра ҳар бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 8 518 сўм 68 тийинни ташкил этиб, 8000 АҚШ доллари 68,1 млн. сўмга тенг бўлган.

Бундан ташқари, тергов жараёни ва очиқ суд мажлисида сўроқ қилинган С.Отабоев айбига қисман иқрорлик билдирган ҳолда берган кўргазмасига кўра, у машина олиш учун йиғиб қўйган отасининг 10 000 АҚШ долларини (отасини хабардор қилмасдан) олиб,  И. унга таклиф қилган 87 млн. сўм пуллар орқали фойда кўриб олишни ўйлаб, Нурафшон шаҳрига ўртоқлари ва тоғаси билан борган. У ерда И. унга 10000 АҚШ долларига эмас, 8000 АҚШ долларига тенг 69,6 млн. сўм топганлиги сабабли 8000 АҚШ долларини айрибошлаган. Пировардида, қилмиши қонунга зид бўлганлигини тушуниб етгани ва чин кўнгилдан пушаймонлигини билдиради.

Бундан ташқари «Марказий студия»даги суҳбатда Т.Отабоев ўғли ЖКнинг 65-моддасига асосан жавобгарликдан озод қилинган бўлса-да, 8 000 АҚШ долларини унга қайтармасдан давлат фойдасига мусодара қилинганини урғулайди.

Бунга жавобан айтиш керакки, мазкур жиноят иши бўйича ашёвий далил ва жиноят предмети ҳисобланган 10 000 АҚШ долларининг тақдири Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси талабларига асосан қонуний ҳал қилинган. Жумладан, С.Отабоевнинг ўзига нисбатан бўлган жиноят ишини тугатишни сўраб, жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судига берган аризаси ҳамда ҳимоячисининг илтимосномасини инобатга олиб, суд уни 65-моддасига асосан жавобгарликдан озод қилинган. Ашёвий далил сифатида олинган 10 000 АҚШ долларидан 2000 АҚШ доллари ўзига қайтарилган ҳамда 8000 АҚШ доллари жиноят предмети сифатида давлат даромади ҳисобига ўтказилган.

Қолаверса, С.Отабоевга нисбатан чиқарилган суднинг мазкур ажрими қонуний кучда бўлиб, унга нисбатан шикоят ёки протест келтирилмаган.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Жиноят кодексининг 65-моддасининг қўлланилиши ва унинг қонундаги мазмуни ҳам тўғри талқин қилиниши лозим.  Судланувчига нисбатан ЖКнинг 65-моддаси қўлланиши унинг  айбсиз эканини англатмайди. Ушбу ҳолатда судланувчи  айбсиз экани боис эмас, балки унинг қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги сабаб жавобгарликдан озод  қилинмоқда, холос. 

Пировардида департамент таъкидлайдики, оммавий ахборот воситалари вакиллари бирор-бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ёритишда (ушбу орган фаолияти билан боғлиқ) норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқса ёхуд уларнинг фикри билан ўртоқлашса фойдадан холи бўлмайди. Зеро, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ўзаги - холислик ҳисобланади. Холисликка путур етказилса, кенг жамоатчиликда нотўғри тасаввур шаклланиб, бу  қатор ёқимсиз ҳолатларга сабаб  бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг