Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Дарахт жаллодлари». Кўкаламзор шаҳарни йўқ қилишдан мақсад не? (видео)

«Дарахт жаллодлари». Кўкаламзор шаҳарни йўқ қилишдан мақсад не? (видео)

Фото:«Xabar.uz»

Инсоният бугун йирик экологик муаммолар қаршисида турибди. Бунинг даҳшатини ҳис қилмоқ учун, Сибир, Амазонкада содир бўлаётган ўрмон ёнғинлари, Шимолий ва Жанубий қутбда эриётган музликларни тасаввур қилиш кифоя. Экология муҳим эмас, биринчи навбатда фаровон яшаш керак, демоқчи бўлганларга, бир дақиқа нафас олмай турингчи! Бутун олам кўз олдингизда зимистонга айланади. 

Афсуски, Ўзбекистонда бу соҳадаги муаммолар етарлича. Орол масаласининг ўзиёқ, бизда экологик муаммолар «қизил чизиқ»қа етиб келганини кўрсатади. 

Бир оз вақт аввал сайтимизда Қашқадарё вилояти, Китоб тумани марказида кесилаётган чинор ва бошқа дарахтлар хусусида танқидий материални эълон қилган эдик. Бир вақтлар воҳанинг гўзал, кўкаламзор ҳудуди бўлган ушбу туманда бугун чинорлар ва бошқа салқинлик ва тоза ҳаво берувчи дарахтлар зўравонлик билан кесиб ташланмоқда. Айни кунларда ҳам, бу ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Дарахт кесишда шиддатли бўлган, аммо бошқа камчиликларни тўғрилашда суст бўлган мутасаддиларнинг ишидан, Китоб шаҳри чўлга айланаёзди.

Ваҳоланки, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳам «Xabar.uz» билан суҳбатда вилоятда, хусусан Китоб туманида бирорта дарахт кесилмаслигини таъкидлаган эди.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Аввал бу ҳудуд қуйидагича кўринишга эга эди.

Фото:«Xabar.uz»

Мазкур муаммо юзасидан Китоб тумани ҳокимлигига ҳам мурожаат қилдик. Ҳокимлик матбуот котиби Яшин Тўраев бизга айрим ҳужжатларни тақдим этди. Ҳужжатлардан кўриш мумкинки, туман марказидаги йўлни кенгайтириш сабаб қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, дарахтларнинг кесилиш юзасидан биоинспекция хулосаси ҳам мавжуд. Шунингдек, кесилган дарах буталари кам таъминланган оилаларга ўтин сифатида берилди, дейди Яшин Тўраев. (Биоинспекция ва ўтин олган оилалар рўйхати нусхалари таҳририятимизда мавжуд). 



Туман ҳокимлигидан расмий маълумотларни олгач ва танишгач, яна мулоҳазалар қуйилиб келаверади: хўш туман экологлари нега дарахтларни сақлаб қолиш бўйича таклиф бермай, ҳужжатларга жимгина имзо қўйиб бераверади? Нега дарахтларни сақлаб қолган ҳолда, қурилишни амалга ошириш бўйича амалий таклифлар йўқ? Бу ерда гап 5-10 та дарахт ҳақида эмас, бутун бошли шаҳарнинг йўқолиб бораётган чинорлари ҳақида кетяпти ( таъкидлаш жоизки, шаҳарнинг қарийб 50 фоиз дарахти кесиб бўлинди). Эртага бунинг аччиқ мевалари учун ким жавоб беради? Ёки экология бўйича мутасаддилар оч қорним, тинч қулоғим қабилида иш тутмоқдами?

Битта шаҳарни обод қилишда унинг бутун яшиллигини қурбон қилиш ечимми? Фарғона, Шаҳрисабз, Риштонда ҳам шундай ҳолат кузатилган эди. Нега шаҳарсозликда креативлик, ўзгача ечимлар йўқ? Нега катта йўллар обод қилинади ва кейинчалик чекка ҳудудлар ташлаб қўйилади?

Сўнгсўз ўрнида: Китобда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларга ғайирлигимиз йўқ. Аммо бу ишлар асносида бизни тоза ҳаво, соя-салқин билан таъминлаётган дарахтларнинг ўлимига жим қараб тура олмаймиз. Туман ҳокимлиги бу ишни амалга оширишдан аввал жамоатчилик фикрига қулоқ тутиши шарт. Пойтахтда ҳар бир бутани сақлаб қолиш учун курашлар бўлаётган вақти, олис туманда дарахтзорларни шунчаки йўқ қилишни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Китоб тумани ҳокимлиги, Экология партияси, соҳа мутасаддилари ва оддий халқдан муаммога бефарқ бўлмасликни, келажак авлодга ҳам тоза ҳаво, кўкаламзор юрт қолдиришга яна бир бор чақирамиз.

Бефарқ бўлманг! 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг