Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухородан 18 ёшида кетиб, Россияда ўз ишини бошлаган инсон тақдири. Кўча, бозор ва бизнес

Бухородан 18 ёшида кетиб, Россияда ўз ишини бошлаган инсон тақдири. Кўча, бозор ва бизнес

Фото: «Google.com»

Санжар Ҳамробоев асли Бухородан, 18 ёшига қадар бошқа тенгқурларидан кўп ҳам фарқ қилмаган. Ўқиган, ишлаган ва ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилган. Кейин эса ўз бизнесини бошлаш учун хорижга — Россияга кетди.

Асли 18 ёш йигит учун ўз юртида бизнес бошлаш осон эмас, бегона мамлакатни-ку, тасаввур қилиш ҳам қийин. Санжар Ҳамробоев ўз йўлини топгунча анча машаққат чекди. Аввал бозорда иш бошлайди, кейин эса ресторан бизнесига қўл уради. Ҳозир Татаристон пойтахти Қозон шаҳри марказида «Древняя Бухара» деб аталмиш чойхонаси бор. Бу маскан шаҳарда анча машҳур — Қозоннинг «Рубин» клуби футболчилари ва мураббийлар штаби мижозлар сафида. Бу эса, табиийки, ўз-ўзидан бўлмайди.

«Қозонга келганимда аввал ишни бозорда савдо қилишдан бошладим. Албатта савдонинг иши осон эмас, бир кун ундай, бир кун эса мундай. Кейин ўзим севган ишга қўл урдим, миллий таомларимизни тайёрлай бошладик. Кичик жойни ижарага олдим, қўл остимда фақат биргина ошпаз ишларди, у билан бирга таом тайёрлаб, кичик дарча орқали сотардик.

Бора-бора ишим юришиб кета бошлади. Агар ўзинг севган ишга қўл урсанг, унга бор меҳрингни берсанг, албатта барака бўлади. 2012 йилда мана шу жойни очдик, кўриб турганингиздек, ишларимиз ёмон эмас», — дейди тадбиркор.

«Древняя Бухара» чойхонасига кирсангиз, Шарқнинг қадим эртакларига тушиб қолгандек бўласиз. Тадбиркорнинг айтишича, у барча атрибутларни Ўзбекистондан келтирган. Шу боис ҳам бу маскан Қозонда алоҳида ардоқланади.

Аммо аввалига ҳаммаси бу қадар осон бўлмаган. Боз устига хорижда, бегоналар орасида. Санжар Ҳамробоев ҳам маъмурий тўсиқлар билан бирга кўчадаги турли одамлар билан келишмовчиликларни енгиб ўтди. Тадбиркорнинг айтишича, ҳаммаси яхшиликча ҳал бўлган.

«Барчаси одамнинг ўзига боғлиқ. Агар уқувли бўлсанг, одамлар билан муомала қилишни билсанг, ёпиқ турган эшиклар ҳам очилади. Худога шукр, ҳаммаси яхшилик билан ҳал бўлди», — дея эслайди Санжар ака.

Албатта хорижда бизнес бошлаш яхши, аммо шунга яраша тўлови бор. Санжар Ҳамробоев 18 ёшида ватанидан, туғилиб ўсган юртидан чиқиб кетди. «Бухорода бутун бошли ҳаёт менсиз кечди. Дўстларимнинг тўйи бўлди, қариндошларим ҳаётида ўзгаришлар. Йигитликнинг энг ширин йилларини хорижда ўтказдим. Агар танлаш имконияти бўлганда яна шу йўлни танлармидим? Билмадим. Бир нарса дея олмайман.

Ёшларга хорижга чиқиб кетишни маслаҳат берармидим? Мен иш бошлаган вақтлар бошқача эди. Ҳозир давр ўзгарган, Ўзбекистонда ҳам бемалол бизнес қилиш мумкин. Шавкат Мирзиёев президент бўлгач, кўп йўллар очилди, бемалол ўз ишингни бошлашинг мумкин. Тўғриси, ўзим ҳам ҳозир қайтиш ҳақида ўйлаб турибман. Интернетда Ўзбекистон ҳақидаги барча янгиликларни қолдирмай ўқиб бораман. Насиб қилса, ватанга қайтиб, ўз тажрибаларимни қўллаб кўришни жуда истаган бўлардим.

Менга ресторан ва меҳмонхона бизнеси қизиқ. Татаристон ва Ўзбекистон бир-бирига жуда яқин. Мен Ўзбекистондан эканимдан фахрланаман, Бухородан эканимни ҳар доим айтаман.

Яқинда Қозон шаҳрида консулхонамиз очилди. Консулимиз менга маслаҳатлари ва амалий кўмаги билан кўп ёрдам қилмоқда. Яқинда Қозонда «Вкусная Казань» деб аталган миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди. Биз ўзбек миллий таомларини тайёрладик. Бир гап айтаман, нафақат биз, балки бошқалар ҳам тайёрлади. Ҳарчанд кулгули бўлса ҳам, ўзбек паловини ҳар бир миллат учун ажратилган жойдан топсангиз бўларди. Бу ҳам бўлса Ватанимиз тарғиботи учун яхши, деб ўйлайман.

Россияда тўплаган тажрибамни ўз юртимда ҳам амалга оширсам, дейман. Мен ўзимни катта инвесторман, деб айта олмайман, аммо имкон бўлса, Бухорога қайтиб, ишлаган бўлардим. Имкон берилса, туризм ривожи учун қўлимдан келган барча ишни амалга ошираман», — дейди Санжар Ҳамробоев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг