Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Содиқов: «Бу мукофотларнинг юки бор» (фото, видео)

29 август куни пойтахтимиздаги Ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослашган мактабда давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тадбир ўтказилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирланганларга эҳтиром кўрсатилди ҳамда ахборот технологиялари соҳасининг бир гуруҳ ходимларига «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони ва АКТ вазирлиги идоравий мукофотлари топширилди.

Тантана аввалида давлатимиз мадҳияси янгради, сўнгра соҳада амалга оширилган ишлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Эътиборлиси, видеоконференцалоқа тизими ёрдамида жойларда ташкил этилган жами 20 та студияда вилоятлардаги соҳа ходимлари жараённи кузатиб боришди.

– Барчангизни Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан табриклайман, – деди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов. – Кейинги даврда давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти эътибори туфайли катта лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Энг муҳими, соҳамизда «Биз – бир жамоамиз, биз – бир оиламиз!» шиори ҳукмрон. Қувонарлиси, байрам арафасида соҳанинг 12 нафар ходими давлат мукофотларига, 1000 дан ортиғи «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони ҳамда 68 нафар алоқачи вазирлигимизнинг идоравий мукофотларига сазовор бўлишди. Албатта, бу мукофотларнинг юки бор. Энди янада самарали ва сифатли меҳнат қилишимиз керак. Ҳар бирингизнинг хонадонингизга тинчлик-омонлик, ишларингизда улкан зафарлар тилайман.

АКТ вазири Давлат мукофотлари билан тақдирланганларни нома-ном таништирди:

«Меҳнат шуҳрати» ордени билан Рихси Исаев – ТАТУ «Телекоммуникация инжиниринги» кафедраси профессори, Кувандик Яшузокович Жабборов – «Ўзбекистон почтаси» АЖ Самарқанд шаҳар почта алоқаси боғламаси почтачиси; «Дўстлик» ордени билан Раҳматали Қамбарович Жалилов – «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, Куатбай Турганбаевич Ибрагимов – Нукус шаҳар телекоммуникациялар боғламаси муҳандиси, Александр Самсонович Цой – Гулистон шаҳар телекоммуникациялар боғламаси муҳандиси; «Содиқ хизматлари учун» медали билан Рустам Сакиевич Адилов – «Электромагнит мослашув маркази» ДУК иш юритишни бошқариш ва назорат қилиш хизмати бошлиғи ўринбосари, Гулчеҳра Джумаевна Азамова – Ғиждувон тумани телекоммуникациялар боғламаси электромонтёри, Ғолибшер Мелибоевич Зияев – Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи; «Келажак бунёдкори» медали билан Эмиль Илдарович Гимранов – «Uzinfocom» МЧЖ бош директори; «Шуҳрат» медали билан Фарҳод Заирович Ибрагимов – «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки дирекцияси – IT Park» МЧЖ директори, Насиба Иркиновна Насретдинова – «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раисининг ўринбосари, Отабек Кадамбаевич Хўжаев – ТАТУ Урганч филиали «Ахборот технологиялари» кафедраси мудири.

Шундан сўнг «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони ҳамда АКТ вазирлигининг идоравий мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Рихси Исаев, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев сўз олиб, эътибор ва эътироф учун миннатдорлик билдиришди.

Махсус авария-тиклаш бошқармасининг «Импульс» ансамбли хонандаларининг Ватан ҳақидаги қўшиқлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг