Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бу болаларнинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор... Дунёни ўзгартиришга интилаётган икки устознинг ибрати ва машаққати ҳақида

Бу болаларнинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор... Дунёни ўзгартиришга интилаётган икки устознинг ибрати ва машаққати ҳақида

Фото: «Xabar.uz»

«Биз ҳунар ўргатаётган 40 нафар ногирон ва кам таъминланган оилаларнинг болалари ҳаётда ўз ўринларини топишини истайман. Зора, бизнинг бу амалларимиз орқали тиланчи болалар сафи камайса». — Бугун, 23 апрель куни пойтахтимиздаги «Китоб олами» дўконида жойлашган «GroudZero» коворкинг бўлимида Қўқон шаҳридан ташриф буюрган «Иқтидор» имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш маркази иштирокчиларининг санъат асарлари: бадиий гилам, кандаҳорчилик, рассомлик санъат асарлари тақдимотида Турон фанлар академияси фахрий академиги марказ раҳбари Турсунали Аҳмадалиев сўзини ана шундай фикрлар билан бошлади. — «Биз ҳунар ўргатган болалар бугун ўз йўлларини топиб кетишди. Хурсанд қиладиган жиҳати, улар бир-бири билан оила қуришди. Баъзан улардан туғилган болаларнинг соғломлиги, зеҳни ўткирлигини кўриб хурсанд бўламиз. Ҳазиллашиб сенга бошқа ота олиб келамизми десангиз, ўзимнинг отам ҳаммадан яхши деб жавоб беришади».

Кўргазмага қўйилган 30 дан ошиқ санъат асарларини имконияти чекланган, қўли ёки оёғи йўқ болалар чизганига, яратганига ишонгингиз келмайди. Улар бугун жамиятнинг фаол аъзосига айланишган. Кўргазмаларда қатнашишади, ғолиб бўлишади, қийин шароитга қарамай, ўз устида тинмай ишлашади. Аммо уларнинг муаммолари бошқа болаларнинг муаммоларидан икки ҳисса кўпроқдир. Ахир айтишадику, битта ногирон болани тарбиялаш, ўқитиш, беш нафар соғлом болага ўқиб ўргатиш билан баробар деб.

Аммо Аюбхон Мадаминовдек шогирдлар устозлари ёнида кечаю кундуз бир сафда туриб болаларга ҳунар ўргатмоқда, оғирини енгил қилишга ҳисса қўшмоқда. Аюбхон 7 ёшида устози Турсунали акадан наққошлик, ёғоч ўймакорлиги ва қандакорлик йўналишлари бўйича ҳунар сирларини эгаллаган. Том маънода бу ёш йигитча икки ташаббускор инсоннинг қанотига айланган.

Марказ ҳақида бундан 20 йил олдин мана шу масканни очиш ташаббуси билан чиққан 74 ёшли ҳожи она Ўктамхон Аҳмадалиева шундай дейди: «Бу болалар бизга вилоятнинг турли туманларидан келишади. Табиийки, кам таъминланган оилаларнинг болаларига ҳатто йўлкира топилмаган кунлар ҳам бўлади. Бадиий гилам тўқиш учун ип, мато ва бўёқлар, расм чизиш учун қоғоз, қалам ва бошқа йўналишлар учун ишлатиладиган маҳсулотларга турмуш ўртоғим билан нафақамизни ишлатамиз. Бу ишларимиз учун бизга ҳеч ким ҳақ тўламайди. Яқинда «Буюк келажак учун» лойиҳасида ғолиб бўлганимизни ва маблағ ажратилганини ҳисобга олмаганда ҳамма харажатлар ўз ҳисобимиздан. 20 йилдан давомида кўрган қийинчиликларимизни айтсам адо бўлмайди. Ҳокимиятга жой сўраб мурожаат қилганмиз. Аммо вақтинчалик ажратилган жойда бир неча марта кўчдик. Энди болалар билан мослашиб ишимизни жой-жойига қўя бошлаганимизда бизга берилган хоналар кимгадир керак бўлиб қолади ва биз ҳар 3-4 ойда кўчишга мажбур бўламиз. Айни пайтда марказимиз педагогика коллежи ётоқхонасининг 3 қаватида. Тасаввур қилаяпсизларми оёғи йўқ ёки қўли йўқ, имконияти чекланган болаларнинг учинчи қаватга чиқиб-тушишини…»

Аммо шунга қарамай, Турсунали ака ҳамда Ўктамхон ая ўзларининг қилаётган ишларидан жуда хурсанд. Чунки йигирма йил олдин Ўктамхон ая ҳаж сафарига борганида, у ердаги кам таъминланган, ногирон болаларга кўрсатилаётган мурувватлардан жуда ҳайратланган эди-да. У ерда хорижликларнинг ана шундай имконияти чекланган, ногирон, бечораҳол одамларга кўрсатилаётган саховат ҳожи онани тўлқинлантириб юборади: «50 ёшдан ошиб мана шундай одамларга биронта яхшилик қилмаган эканман. Юртимга қайтсам айнан шундай одамлар учун бепул ҳунар ўргатаман, деб кўнглимга туккан эдим».

Албатта, онахоннинг бу ташаббусини рангтасвир йўналиши мутахассиси бўлган турмуш ўртоғи Турсунали ака қўллаб-қуватлайди. Аммо шунча йилдан бери деярли ҳеч ким уларнинг аҳволи билан қизиқмади. Ахир бундай болалар билан кўргазмаларга бориш, санъат асарларини кўтариб юриш икки фидоий устозга осон бўлган дейсизми?!

Ҳатто улар фойдаланиши учун транспорт ҳам ажратилмаган. Икки қўли йўқ, рангтасвир ва бадиий гилам йўналиши бўйича сабоқ оладиган қизалоқ Мавлуда Абдуназарованинг тақдири эса ҳеч қайси инсонни бефарқ қолдирмайди. Онаси вафот этган, отаси бошқага уйланган бу қизалоқ амакисиникида яшайди. Унинг машғулотларга қатнашига ҳам гоҳида йўлкира топилмай қоларкан.

Яна бир тарбияланувчи – икки қўли йўқ 26 ёшли Лутфулло Қодиров спортнинг таэквонда тури бўйича мусобақаларда қатнашиб ғолибликни қўлга киритибди. Бундай болалар уйга кетиши учун оёғи билан такси тўхтатишганда ҳайдовчилар «нега бизни мазах қилаяпсан», дея ҳақорат қилган кунлари ҳам кўп бўлган экан.

«Қўқондаги Худоёрхон саройига борганимда мана шу инсонлар кўргазмага қўйган санъат асарлари мени ўзига мафтун этди ва улар билан яқинроқ танишишга аҳд қилдим», — дейди ташкилотчилардан бири Азиза Умарова. — «Мен бу ерга нимага келганимни ҳам унутдим. Ва уларни Тошкентга таклиф қилдим. Мана шу ерга йиғилганларга айтмоқчи бўлганим, келинглар, бирга ушбу ишларнинг янги эгаларини топишга ёрдамлашайлик. Ахир бу икки устознинг қилаётган иши қаҳрамонлик, улар оламни ўзгартиришга ҳисса қўшишмоқда. Агар биз бирлашсак, керак бўлса, мутасадди раҳбарлар, ҳокимлар «қани ўша одамлар, мана биз ёрдам берамиз», дея кўмакка шошилиши табиий».

Ҳа, шундай яхши инсонлар туфайли ҳали бирон марта сотилмаган санъат асарларининг 10 га яқинига шу ернинг ўзида харидорлар чиқди. Бу улар учун ҳам рағбат, ҳам янада санъат асарларини кўпроқ яратишлари учун яхшигина маблағ ҳисобланади.

Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов эса тадбир якунида шундай фикрларни билдирди: «Афсуски Турсунали ака ҳамда Ўктамхон аянинг интернет билан ишлашга имкониятлари ҳам йўқ экан. Биз тезкорлик билан уларнинг яратган асарларини интернет саҳифаларимизга жойладик, қизиқувчилар учун улашдик. Ва гувоҳи бўлиб турибмизки, асарларни жойлаган заҳотимиз қизиқувчилар биз билан боғлана бошлади. Бизнинг вазифамиз улар билан онлайн мулоқотни йўлга қўйиш. Мана шу йўл орқали ҳомийлар топиш. Икки инсоннинг шогирдлари ишларини юзага чиқариш бўлиши керак».

Биз ҳам «Иқтидор» имконияти чекланган болаларни қўллаб-қуватлаш марказининг барча муаммолари барҳам топишига, келажакда уларга ҳомийлик қиладиган, меҳнатларини юзага чиқаришга кўмаклашадиган яхши инсонларнинг сафи кенгайишига ишонамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг