Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазир ва Тошкент шаҳар ҳокими имзоларини сохталаштирган шахсларга ҳукм ўқилди

Бош вазир ва Тошкент шаҳар ҳокими имзоларини сохталаштирган шахсларга ҳукм ўқилди

Фото: «juristpomog.com»

2019 йил 23 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида бир гуруҳ шахсларга нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Судланувчилар бир неча эпизодларда фирибгарлик, пора беришга қасд қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.

Айбловларнинг қисқа баёни шуки, судланувчилар ўзаро уюшган ҳолда гўёки ҳокимликда юқори мансабларда ишлайдиган таниш шахслар орқали Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Яшнобод туманиларидан бир гектардан кўпроқ ер майдони ажратиб беришни ваъда қилиб, тадбиркорлик субъектларининг бир миллион икки юз минг АҚШ долларини фирибгарлик билан қўлга киритишмоқчи бўлган. Бу жараёнда улар гўёки «керакли ҳаракатларни амалга ошираётгани», шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларида шубҳа уйғотмаслик ва уларни ишонтириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахслари имзолари қалбакилаштирилган ҳужжатлар, шунингдек, Бош вазир раҳбарлигида мажлис ўтказилганлиги ҳақида сохта баённома тайёрлаб, уларга тақдим этган. Ва шу орқали ярим миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни фирибгарлик билан қўлга киритишган.

Суд якунига кўра судланувчилар — Т. Жавдатхўжаев (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, бўйдоқ, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган) ва К. Ахмедовга (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган, муқаддам судланмаган) 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди.

Шунингдек, А. Абдукаримовга (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, бир нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган) энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган бўлса, С. Тухтаев (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган, муқаддам судланмаган) ҳам айни шундай жазога мустаҳиқ этилди, фақат унга нисбатан қўшимча жазо чораси қўлланиб, бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилди.

Яна бир судланувчи М. Раджаповга (1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, «Муроди» МЧЖда юрист, муқаддам судланмаган) жиноятдаги иштирокидан келиб чиқиб, жарима жазоси тайинланди.

Қайд этиш керакки, мазкур ҳукм қонуний кучга киргани йўқ.

Ҳозирги кунда Т. Жавдатхўжаев, К. Ахмедов, А. Абдукаримов ва М. Раджаповлар томонидан ҳукмга нисбатан апеллация шикояти берилган.

Уларнинг шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида 2019 йил 5 декабрь куни кўриб чиқилиши белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг