Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазир қабулхоналари ДХМларда жойлаштирилишига сабаб нима?

Бош вазир қабулхоналари ДХМларда жойлаштирилишига сабаб нима?

Сўнги йилларда тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, бизнесни юритишнинг қулай муҳитини яратишга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари энг биринчи эътиборларини халқ билан яқиндан мулоқот қилишга, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш тизимини яратишга қаратдилар.

Буни ҳар йили тасдиқланадиган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурлари орқали ҳам билишимиз мумкин.

Зеро, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этиш масаласи Ўзбекистонни 2017 – 2021 йилларда ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас.

Шунга қарамай, тадбиркорларнинг мурожаатларини самарали ва профессионал тарзда кўриб чиқиш тизимида афсуски оқсоқликлар мавжуд эди.

Чунончи, айрим масъул идоралар мурожаатларни кўриб чиқар экан, қонунчиликдаги камчиликлар ёки ўзаро зиддиятлар туфайли уларни қаноатлантиришнинг имкони йўқлигини англасада, ушбу муаммоларнинг туб моҳиятини ўрганиш ва бартараф этишга ҳаракат қилмасди.

Таъбир жоиз бўлса, тадбиркорларимиз нотўғри қонунчиликнинг ёки нотўғри ҳуқуқни қўллаш амалиётининг қурбони бўлиб қолаётган эдилар.

Ана шу мақсадда, тадбиркорларнинг мурожаатларини яқиндан кўриб чиқиш, уларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ва энг асосийси, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиб боришнинг мақбул механизмини яратиш мақсадида, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Фармонга мувофиқ, бундай қабулхоналар 3 поғонада фаолият юритади:

Юқори бўғинда – яъни, Вазирлар Маҳкамасида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти;

Ўрта бўғинда – вилоят қабулхоналари;

Қуйи бўғинда эса – туман (шаҳар) қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Ушбу янги тузилманинг ташкил этилишининг асосий сабаби ҳам шундаки – қонунчиликнинг амалда қандай ишлашини баҳоловчи ўзига хос сигнал бу – албатта халқнинг мурожаати ҳисобланади.

Зеро, ушбу мурожаатлар орқали биз жойлардаги муаммоларни аниқлаймиз, уларни бартараф этиш устида ишламиз, мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг келгусидаги устувор вазифаларини белгилашда улардан андоза сифатида фойдаланамиз.

Ана шу аснода, Фармондан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам –ўша муаммоларни тумандан – вилоятга, вилоятдан – республикага ўз вақтида етказа олиш ҳамда уларни Ҳукумат даражасида қисқа муддатда ҳал этишдир.

Эътиборли жиҳати, бу борада Давлат хизматлари марказларининг ўрни ва роли алоҳида белгилаб берилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, Бош вазирнинг туман (шаҳарлар)даги қабулхоналари жойлардаги Давлат хизматлари марказлари биноларига жойлаштирилмоқда.

Хўш, нима сабабдан Давлат хизматлари марказлари биноларида фаолият юритиши белгиланмоқда?

Барчамизга маълум, тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини ташкил этишдан бошлаб – қурилишга рухсат олиш, электр тизимларига уланиш, айрим фаолият турлари учун лицензия ва рухсатномалар олиш, борингки, тугатишгача бўлган жараён айнан Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.

Шундай экан, Бош вазир қабулхоналарининг хизмат оладиган жой билан бир бинода жойлаштирилиши ҳам – шубҳасиз, тадбиркорларимиз, жумладан хорижий инвесторлар учун ҳам айни муддао бўлмоқда.

Сабаби, Давлат хизматлари агентлиги ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилган ҳолда, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни бевосита билдириш имконияти яратилади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири – тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб бориш бўйича улар мурожаатларининг ягона маълумотлар базаси – business.gov.uz ягона интерактив портали ташкил этилиши бўлди.

Унга кўра, эндиликда ягона порталда:

турли параметрлар бўйича муаммо келиб чиққан аниқ жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиш;

мурожаатнинг кўриб чиқилиши ариза берувчи томонидан ўзининг шахсий кабинетида онлайн реал вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилади;

тизимли муаммоларни автоматик режимда аниқлаш имконини берувчи мурожаатлар ягона маълумотлар базаси яратилади.

Ушбу Фармон – ҳеч шубҳасиз, тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри, шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш орқали, улар муаммоларининг қисқа вақт ичида ҳал этилишида муҳим ўрин тутади.

 

Ю.Ходжиев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Давлат хизматлари агентлиги бош маслаҳатчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг