Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазир ўзбек тилига беписандликни қаттиқ қоралади

Бош вазир ўзбек тилига беписандликни қаттиқ қоралади

Бугун, 9 март куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалр муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Xabar.uz манбасининг хабар беришича, йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтган. Хусусан, кўчалардаги ташқи реклама эълонларидаги мантиқсизликлар, ўзбек тилига нисбатан беписандликлар сингари қатор муаммолар қораланган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республика бўйича 10 мингдан ортиқ ташқи реклама конструкциялари мавжуд. Уларнинг 7 мингдан зиёди Тошкент шаҳрида жойлашган.

Ҳукумат раҳбари мажлис иштирокчиларига қатор саволлар билан юзланган.

– Хўш, реклама билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўз даромадига яраша қонун талабларига риоя қиляптими?

Рекламаларнинг мазмунини ўрганадиган, таҳлил қиладиган борми ўзи?

Жамоатчилик муаммони кўтариб чиқмагунча, қўл қовуштириб ўтираверамизми?

Мисол учун, 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида, Самарқанд шаҳрида «Буни қил ва биринчи бўл» шиори билан наркотик ва тамаки қоришмалари ташқи реклама орқали тарғиб қилинган.

Буни жамоатчилик ижтимоий тармоқларда кўтарганидан кейингина тегишли орган чора кўрди.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги маданий-тарихий объектларга ташқи рекламаларни осиб қўйишганичи?

Ёки овқат етказиб бериш хизмати рекламасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур образидан фойдаланилаётганичи?

Ким назорат қилади ўзи буни?

Реклама оммага чиққунига қадар ҳеч ким унинг мазмуни билан танишмайдими? Қани бу ерда маҳаллий ҳокимликнинг ўрни?

Қани бу ерда «Тасвирий ойина» ижодий уюшмасининг ўрни?

Янаям ачинарлиси, бугун пойтахт кўчалари ёки қайси вилоят марказида бўлманг худди хорижга тушиб қолгандек бўласиз.

Кўча-кўйда ажнабий номлар кўпайиб кетган.

Маънавият ва маърифат маркази, Журналистлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, зиёлилар ва бошқа жамоатчилик жим, гуёки ҳеч нарса бўлмагандай, эшитмаганликка, кўрмаганликка оламиз.

Узоққа бормайлик ҳар куни эрталаб уйдан ишга, ишдан эса уйга қайтаётганда йўлимиздаги савдо дўконлари, ошхоналарнинг пешлавҳалари, кўча ва бинолардаги рекламалар ҳамда эълонларга кўзимиз тушади.

Аксарияти хорижий тилларда ёзилган.

Давлат тилида ёзилганларининг кўпчилиги қўпол хатолар билан ёзилган.

Айрим ҳали очилиб улгурмаган савдо дўконлари, ошхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларининг пештоқига катта ҳарфлар билан «Скоро открытие», «Мы открылись», деб ёзиб қўйишади.

Энг қизиғи, фақат марказларгина эмас, узоқ туманларда ҳам рус тилида эълон осиш урфга кирмоқда.

Эълонларни ўз тилимизда ёзса ҳеч ким тушунмайдими? Ёки шу дўкон ёхуд ошхонага ҳеч ким кирмай қўядими?

Бу каби номларни танлаётган инсонларда ватанпарварлик, давлатга, тилга ҳурмат деган туйғу борми ўзи?

Рекламанинг тили харидор эътиборини тортиши керак. Бошқа тилда берса, кимнинг эътиборини тортади?!

Узоқ хорижни қўйиб туринг, яқин қўшниларимизда ҳам рекламалар ўз она тилларида берилади. Буни қонун билан мустаҳкамлаб қўйишган.

Мана биз ҳам шу ишни бошладик, йўлимизда охиригача қатъий турамиз, буни барча яхши англаб олиши шарт.

Биз ҳеч бир тадбиркорга тўсиқ қўймоқчи эмасмиз. Марҳамат, реклама бозори эркин фаолият юритсин.

Бироқ, асосий истеъмолчиси, харидори ўзбек тилли аҳоли эканини билатуриб бошқа тилда эълон бериш амалиётига чек қўйиш шарт.

Рекламаларда, аввало, давлат тилининг устунлигини таъминлашимиз керак, – дея бош вазирнинг сўзларини келтиради манба.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан Давергеодезкадастр ва Монополияга қарши курашиш қўмиталари раҳбарлари, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимининг ҳисоботлари тингланди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг