Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати тармоқларда тарқалган сохта хабарга раддия берди

Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати тармоқларда тарқалган сохта хабарга раддия берди

Фото: kun.uz

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг матбуот хизмати бугун, 18 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан раддия берди.

«Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Интернетдаги айрим ижтимоий тармоқларда маҳаллалардаги масжидлар сони, диний либосда юрадиган, соқол қўйган, миссионерлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда турли мақсадларда чет элга кетган фуқаролар сонини аниқлаш бўйича саводсизларча ёзилган хабар жойлаштирилиб, йиғилган маълумотни ички ишлар идоралари ва маҳалла жамғармасига тақдим этиш кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, хабарда гўёки ушбу кўрсатма Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан берилгани айтилган.

Шуни маълум қиламизки, бундай кўрсатма ва топшириқ Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан ҳам, Ҳукумат томонидан ҳам берилмаган. Таъкидлаш керакки, Ҳукумат раҳбарининг барча кўрсатма ва топшириқлари махсус бланкда чоп этилиб, имзо ва муҳр билан тасдиқланади.

Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушбу уйдирма ва ёлғон хабарни ким ва қандай мақсадларда тарқатгани юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур хабар сохта ва уйдирма бўлиб ҳеч қандай асос ҳамда мантиққа эга эмас. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бундай мазмундаги сохта ва ёлғон хабарларга эътибор бермасликлари ва огоҳ бўлишлари сўралади», дейилади бош вазирнинг матбуот хизмати раддиясида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг