Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура руҳий касалхонага ётқизилган блогер бўйича ахборот берди

Бош прокуратура руҳий касалхонага ётқизилган блогер бўйича ахборот берди

Фото: xabar.uz

Бир неча кундан бери айрим сайт ва ижтимоий тармоқларда хоразмлик блогер Н.Оллошукурованинг руҳий асаб касалликлари диспансерига ётқизилиши кенг муҳокама қилинмоқда. Унга тайинланган 10 кунлик маъмурий қамоқ жазоси ниҳоясига етмай диспансерга жўнатилиши эса муҳокамаларга баттар мой сепмоқда.

«Xabar.uz» ҳолатга аниқлик киритилишини сўраб, Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари, адлия маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдинов, ниҳоят, қуйидаги маълумотни юборди:

«...2019 йил 23 сентябрь куни соат 12:00 ларда вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир қилган фуқаро М.Раджапов, унинг яқин қариндошлари ҳамда «Facebook»да «Шабнам Оллашукурова» номли гуруҳ блогери, Н.Оллашукуроваларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

Урганч шаҳар маъмурий судининг 23.09.2019 йилдаги қарорига асосан Н.Оллашукуровага нисбатан МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202-моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

26.09.2019 йилда Н.Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

Вилоят руҳий асаб касалликлар диспансери томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилиб, фуқаро Н.Оллашукурова руҳиятида ўзгаришлар содир бўлаётганлигини, унда «Психоподобний синдром, поронаяльный синдром» касаллиги аломатлари кузатилганлиги, ўзи ёки атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши, унинг ночорлиги, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсизлиги сабабли, психиатрия муассасасига жойлаштиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 30.09.2019 йилда ҳал қилув қарорига асосан, фуқаро Н.Оллашукурова ғайриихтиёрий тартибда Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган.

Ҳозирда Н.Оллашукурова Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида даволанмоқда».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг