Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобомурод Абдуллаев собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов тазйиқлари ҳақида сўзлаб берди

Бобомурод Абдуллаев собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов тазйиқлари ҳақида сўзлаб берди

Кеча, 29 март куни куни жиноят ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов, шунингдек, тадбиркорлар Шавкат Оллаёров ҳамда Равшан Салаевга нисбатан навбатдаги суд йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев кўрсатма беришни тугатди. У 15 ва 26 март кунлари ҳам кўрсатма берган эди.

Судланувчи Абдуллаев ўз кўрсатмаларида собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги ДХХ — таҳр.) терговчиси Нодир Тўрақуловнинг тазйиқлари ҳақида сўзлаб берди.

Айтиш керакки, Абдуллаев ўзининг олдинги кўрсатмаларида ҳам тергов жараёнларидаги қийноқлар ҳақида сўзлаган, ўзини қийноққа солган МХХ ходимларига қарши жиноий иш очишни сўраган эди. Бироқ суд томонидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси унинг МХХ тергов-изоляторида қийноққа солинганлигини тасдиқламаган эди.

У кеча бўлиб ўтган суд мажлисида яна қийноқлар ва тазйиқларга тўхталган.

Бобомурод Абдуллаев ўзининг навбатдаги кўрсатмасида 2004 йилнинг охиридан то 2011 йилгача мақолалар ёзмаганини, бироқ «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида мақолалар чиқиши давом этганини айтган. Абдуллаев махсус хизматлар эътиборини тортмаслик ҳамда ўзини ошкор этмаслик мақсадида ҳеч қандай раддия бермаган.

Судланувчи «Андижон воқеалари ҳақида», «Ўзбекистонни нишонга олган Каримовлар гуруҳи» ва «Ўзбекистондаги сионизм ҳақида» каби мақолаларини Муҳаммад Солиҳдан олинган 100 АҚШ доллари эвазига русчадан ўзбекчага таржима қилдиргани ҳақидаги айбловларни рад этган.

Абдуллаевнинг сўзларига кўра, 16 ёки 18 октябрда «юмшоқ хона»дан чиққач, яъни, ухлашдан маҳрум қилиниб, компьютер сими билан калтаклангач, ДХХ тергов бошқармаси ходимларидан бири Тимур Якубов уни юқоридагиларни тан олиш ҳақидаги тушунтириш хатини ёзишга мажбурлаган.

«Нодир Тўрақулов (МХХ собиқ терговчиси) қўлида дубинка билан кирди. У мендан: «Худди шунақа дубинкани Оллоёровнинг бошида синдирдим, энди бу сенинг бошингда синади. Қани ёз», — деб айтди. У урмади, аммо таҳдид қилди.

Курсдошим бир йил мобайнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши ҳақидаги мақолаларни «Ozod Ovoz» сайти учун таржима қилган, аммо юқоридагиларни эмас», — деди судланувчи.

Абдуллаевнинг айтишича, собиқ терговчи Нодир Тўрақулов унинг онаси ва аёлидан Галима Бухарбоева (журналист) ва Мўътабар Тожибоева (журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳар иккиси чет элда яшайди)га Муҳаммад Солиҳ уни мақола ёзишга мажбурлагани ҳақида интервью беришга ундаб келган.

Эслатиб ўтамиз, собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов шу йилнинг февраль ойида қўлга олингани ва Ҳарбий прокуратура томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг