Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Беларусь алоқа вазири Константин Шульган: «Ўзбекистон – мўъжизакор мамлакат»

Беларусь алоқа вазири Константин Шульган: «Ўзбекистон – мўъжизакор мамлакат»

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда ўтказилаётган «ICTWEEK Uzbekistan 2019» ҳафталиги доирасида пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазирлиги ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига оид ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Дастлаб беларуслик меҳмонлар музей экспонатлари билан яқиндан таништирилди. Шундан сўнг икки вазирлик раҳбарияти ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шульган икки вазирлик ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини қамраб олган «Йўл харитаси»ни имзолашди.

Шунингдек, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ва «Белтелеком» республика унитар корхонаси, «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва «Белпочта» РУК, «UNICON.UZ» ДУК ва «Гипросвязь» ОАЖ, Беларусь давлат алоқа академияси ва  Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланди.

– Анъанавий тарзда ўтаётган АКТ ҳафталиги жуда яхши ташкил этилган, – деди Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шульган. – Ўзбекистон мўъжизакор мамлакат. Юртингизга ташрифимиз самарали ва мароқли бўлди. Ҳамкорликни кучайтириш бўйича ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бир қатор келишувларга эришдик. Ташриф давомида делегацияларимиз аъзолари билан кўҳна шаҳар Самарқандни ҳам кўришга улгурдик. Алоқа тарихи музейидан олган таассуротларимиз ҳам бир умр ёдда қоладиган бўлди.

Маросим сўнгида Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шульган Алоқа тарихи музейи фахрий меҳмонлар китобига «Музейингиз мени ўзига мафтун қилди. Уни ташкил қилингани жудаям тўғри ва оқилона қарор бўлган. Чунки хотирани эъзозлаш – келажакнинг қадрига етиш деганидир» дея ўз дастхатини ёзиб қолдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг