Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Байден Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга муносабат билдирди

Байден Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга муносабат билдирди

АҚШ президенти Жо Байден Россия раҳбари Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақида Халқаро жиноий суд чиқарган қарорни ҳаққоний деб атади. Оқ уй соҳибига кўра, Кремль хўжайини очиқдан-очиқ ҳарбий жиноятлар содир этди.

«Муаммо шундаки, ушбу қарор дунёнинг барча мамлакатларида ҳам, жумладан, бизда тан олинмайди. Аммо, ўйлайманки, бу жуда кучли қадам бўлди», – дейди Ж.Байден.

Аввал хабар берганимиздек, 17 март куни Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди.

Ушбу қарор рус армиясининг Украинага бостириб кириши ва унинг оқибатида Украинадан болаларнинг Россияга ноқонуний депортация қилиниши билан изоҳланган.

Рим статутини имзолаган 123 давлат халқаро маҳкама ҳужжатини бажаришга мажбур. Улар орасида Европа, Жанубий Америка давлатлари, шунингдек, Тожикистон ҳамда Афғонистон бор. АҚШ ва Россия бу ҳужжатга қўшилмаган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби CNN телеканали эфирида «Агар Путин Қўшма Штатларга келса, халқаро суд ордерига кўра ҳибсга олинадими?» деган саволга жавоб беришдан бош тортган. У Россия раҳбарининг АҚШга келиши даргумон эканини айтиш билан чекланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Жо Байден 2021 йилда «Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» деган саволга тасдиқ маъносида жавоб қайтарган ва ушбу айблов халқаро майдонда кучли акс садо берган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг