Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Аёлларнинг 23 тоифаси» рўйхати бўйича Бобожонов ва Ортиқхўжаевга мурожаат йўлланди

«Аёлларнинг 23 тоифаси» рўйхати бўйича Бобожонов ва Ортиқхўжаевга мурожаат йўлланди

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида 27 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигидаги Қўшма қарор ишлаб чиқилгани ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тасдиқлангани, Тошкентда хотин-қизларнинг 23 та тоифа бўйича картотекалари шакллантирилиши ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мурожаат йўллади. Мурожаат матни «Дарё»да эълон қилинди.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти мазкур масала юзасидан ўзининг муносабатини қуйидагича билдиради:

1. Энг аввало жиноятчиликни олдини олиш ҳамма вақт ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди. Лекин нима учун аёллар жиноятчилиги масаласига бундай нотўғри ёндошув пайдо бўлмоқда. Фақат аёлларни тоифаларга ажратиш ўринлими?

У ҳолда савол туғилади – эркаклар орасидачи, жиноятчиликка мойилик камми ва уларни ҳам таснифлаш зарурати йўқми, умуман жиноятчиликни эркаклар ва аёллар жиноятчилигига бўлишнинг ҳуқуқий асослари борми? Аёлларни бундай хавфли тоифаларга ажратишнинг ҳуқуқий асоси қайси норматив ҳужжатда мавжуд?

2. Қайси меъзонлар асосида айнан 23 тоифани хавфли гуруҳ сифатида эълон қилинмоқда? Мазкур гуруҳларга мансублар ижтимоий хавфли эканлиги аниқланганми?

3. Тузилган рўйхатга мансублар жамиятда камситилиши, уларга нисбатан ижтимоий муносабатлар ўзгариши, шахснинг қадр-қиммати камситилиши, таҳқирланиши, халқаро атама билан айтганда СТИГМАга учраши масаласи ўрганилганми?

4. ИИББ томонидан амалиётда айрим жиноятга мойиллиги мавжуд бўлган шахслар билан алоҳида ишлар ва кузатувлар олиб борилган тақдирда, бу хизмат сири ва шахснинг дахлсизлигини таъминланиши шартлигини наҳотки ИИББ да фаолият юритувчи «ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар» билмайди?

5. Жиноятчилик профилактикаси шиори остида қилинган бундай «ғамхўрлик»ни жамоатчиликка эълон қилишдан мақсад нима эди? Бу рўйхатни кўрган ҳар қандай маҳалла вакиллари ёки оддий фуқаро эртага мана шу 23 тоифага мансубларнинг ҳуқуқларини камситмаслигининг кафолати борми?

«Инсон ҳуқуқлари масаласи бутун дунё, жумладан янгиланган Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим ва нозик масала эканлиги, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг таг замирида ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш ётганлигини инобатга олиб, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 4,6 ва 7-моддаларига асосланиб, юқоридаги саволларга тегишли тартибда жавоб берилишини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг