Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аввал қўлим ўзимга бўйсунмасди — ногиронларга тикланиш имконини берадиган стимулятор ишга тушди

Аввал қўлим ўзимга бўйсунмасди — ногиронларга тикланиш имконини берадиган стимулятор ишга тушди

Фото: «Xabar.uz»

Ногиронлиги бўлган шахсларни Реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида беморларни транскраниал магнит стимуляцияси усули амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда тиббиётда транскраниал магнит стимулятори имкониятлари жуда кенг ҳисобланади. Ушбу аппарат қисқа магнит импулслар ёрдамида нафақат марказий асаб тизими, балки периферик нервларни стимуляция қилишда ноинвазив, оғриқсиз ва самарали муолажа қилиш имконини беради.

Транскраниал магнит стимуляцияси беморнинг шикастланган асаб тўқимасининг жойлашишига қараб ўтказилади. Бу усул нервларда импулс ўтказувчанлигини тезлаштириб, шикастланган нервни мелин қаватини тикланишга олиб келади ва беморда клиник жиҳатдан шикоятлар камайиши кузатилади.

– Менга паркинсон касаллиги ташхиси қўйилган, – дейди беморлардан бири суҳбатда. – Транскраниал магнит стимуляцияси усулидаги муолажани иккинчи кун олишим, таъсири сезиляпти. Аввалари ўнг қўлим ўзимга бўйсунмасди. Бугун бемалол қулочимни ёйиб, иккала қўлимни бир-бирига туташтира оляпман. Ҳатто ўнг қўлим ёрдамида сочларимни ҳам тартибга келтира олдим.

– Беморларни авваллари дори-дармон билан, даволовчи жисмоний тарбия машқлари ва бошқа тиббий аппаратлар ёрдамида даволар эдик, – дейди марказнинг асаб касалликлари бўлими невропатологи Иноят Машрапов. – Эндиликда муолажада қатор қулайликларга эга янги, Ўзбекистонда ягона бўлган транскраниал магнит стимуляторидан фойдаланяпмиз. Амалиётда бу янги аппарат беморга соғлиғини тез тиклаш ва шифокорга самарали муолажа олиб боришда қўл келаётгани билан ажралиб турибди.

Айни пайтда неврология, психиатрия, эпилептология, нейрохирургия, педиатрия, функционал диагностикада бу усул энг самарали муолажа тури сифатида қўлланилмоқда. Шунингдек, паркинсон касаллиги, бош мия ва орқа мия қон айланиши ўткир бузилишидан кейинги ҳолатларда (ишемик, геморрагик инсултлар), парезлар ва нутқ бузилишлари (афазия, дизартрия) билан асоратланган бош мия жароҳатлари, орқа мия жароҳатларидан кейинги ҳолатлар, асоратланган орқа мия ҳажмли ҳосилаларини олиш жарроҳлик амалиётидан кейинги ҳолатлар, умуртқа поғонаси асоратланган диск чурралари олиш жарроҳлик амалиётидан кейинги ҳолатлар, тарқоқ склероз, ён амиотрофик склероз, фокал дистонии (блефароспазм), мигрень, периферик нервлар ва нерв чигаллари стимуляцияси: периферик парез ёки параличларда, уч шохли нерв ва юз нерви невропатияларида кучли оғриқ ва парезлар билан кечганда, депрессия ва хавотирли-депрессив ҳолатлари, дисциркулятор энцефалопатия 1-2 даражаларида ҳам махсус кўрсатмалар билан ушбу усулни қўллаш фойдали.

Болаларда: психомотор ривожланишдан орқада қолиш, гиперактивлик, диққат етишмовчилиги синдроми, бош мия жароҳатларидан кейинги ҳолатларда, гапириш бузилишлари: алалия, дизартрия, дислексия, болалар церебрал фалажлиги (ДЦП) эрта даврларда, энурез, аутизм эрта даврларида тавсия этилади.

Транскраниал магнит стимуляцияси усулининг асаб касалликларни олдини олиш, эрта даволаш, ногиронлиги бўлган шахсларни даволаб яна ҳаётга қайтаришда афзалликлари кўп.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг