Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижонда мактаб ўқувчиларининг заҳарланишига оид янги тафсилотлар айтилди

Андижонда мактаб ўқувчиларининг заҳарланишига оид янги тафсилотлар айтилди

Фото: «censor.net.ua»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Xabar.uz»га Андижон туманида жойлашган 35-сонли мактабда қайд этилган гуруҳли заҳарланиш ҳолати тўғрисида қўшимча ахборот берди.

Куни кеча соат 20:30дан 24:00га қадар Андижон туманида жойлашган 35-сонли мактабнинг 24 нафар ўқувчиси, синф раҳбари, мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси ва синглиси (жами 27 киши) кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши каби шикоятлар билан Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.

Шифохонада беморларга «Ўткир гастроэнтерит, Овқат токсикоинфекцияси»га гумон бирламчи ташхиси қўйилган ва даволаш учун ётқизилган.

Ўтказилган эпидемиологик текширувлар, беморларда касалликнинг кечиши, мутахассисларнинг берган дастлабки хулосаларига кўра, заҳарланиш келиб чиқишига жорий йилнинг 7 октябрь куни Андижон туманидаги 35-сонли мактаб ўқувчисининг туғилган куни муносабати билан унинг онаси томонидан уй шароитида тайёрланган торт ва пирожное пишириғини истеъмол қилишганлиги сабаб бўлган.

Беморлардан лаборатория таҳлиллари учун қусуқ массаси, нажаси, пешоби ва қонидан намуналар олиниб Андижон туман СЭОМ (санитария-эпидемиологик осойишталик маркази) лабораториясига топширилган. Лаборатория текширувлари олиб борилмоқда.

Шифохонада етарли даражада дори-дармонлар заҳираси яратилиб, тегишли даволаш муолажалари ўз вақтида амалга оширилиши натижасида 2019 йилнинг 9 октябрь куни соат 13:00 ҳолатига 23 нафар бемор (21 нафари ўқувчилар, ўқитувчи Г.Низомова ва торт тайёрлаган Ш.Холмирзаева )нинг аҳволлари яхшиланиб, ҳудудий шифокор назорати остида уйларига жавоб берилган.

Ҳозирги кунда Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасида 4 нафар ўқувчида тегишли даволаш муолажалари олиб борилмоқда. Беморларнинг аҳволи енгил ҳолатда.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят ва Андижон туман СЭОМ мутахассислари тезкор жалб этилиб, улар томонидан эпидемиологик суриштирув ва профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 8 октябрь куни соат 20:30 да Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасидаги оғриқ, тана ҳароратининг  кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилгани, сўнгра 23 нафари «овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилгани айтилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг