Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Алвидо, Британия...ми?! (таҳлилий мақола)

Алвидо, Британия...ми?! (таҳлилий мақола)

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг парчаланиб, Бирлашган Қиролликка айланиб қолган Британия яхлитлиги хавф остида.

Буюк Британия сўнгги беш асрдаги энг қудратли империялардан бири эди. Ўз вақтида (1913 йил) дунёнинг чорак қисмига ҳукмини ўтказган империя ҳудудларида 412 миллион киши яшаган.

Қадимда барча рақибларидан бир бош устун бўлган «боқий шаҳар» — Римга қиёсан Британия «боқий империя» номига мутлақо муносиб ҳисобланарди. Римни варварлар қулатди, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг парчаланиб, Бирлашган Қиролликка айланиб қолган Британия яхлитлиги ҳануз хавф остида. Бу сафар вазият жиддий.

Буюк Британия ёки Бирлашган Қироллик

Буюк Британия ва Бирлашган Қироллик номлари кўпинча бир-бирининг ўрнида ишлатилади. Улар аслида синоним эмас. Британия – Европанинг шимоли-ғарбий қирғоғидаги ороллар гуруҳи бўлиб, энг каттаси Британия ва Ирландиядир. Ўрта асрларда Англия номи Франциянинг ҳозирги Бретан деб номланувчи кичик қисмига ҳам тегишли эди. Бу ном 1707 йилгача Англия ва Шотландия Буюк Британия Қироллиги сифатида бирлаштирилгунга қадар расмий аҳамиятга эга бўлмаган.

Ирландия XIII асрдан буён инглиз мустамлакаси бўлиб, Буюк Британия пайдо бўлганидан кейин ҳам шу тож таъсирида қолди. 1801 йилда Буюк Британия расмий равишда ягона сиёсий бирликка айланиб, 1922 йилгача давом этди. Тез орада Ирландия суверен республика, ажралиб чиқмаган ирландлар ва Буюк Британия эса Бирлашган Қироллик деган расмий номни олди.

Буюк Британия географик атама бўлиб, Британия номли оролни англатади. Бирлашган Қироллик эса Англия, Шотландия ва Уэльсдан ташкил топган қисми учун сиёсий атамадир. Афсуски, кўпчилик икки тушунчани фарқлай олишмайди. Хусусан, бизда Британия номи кўпроқ ишлатилади.

Шимолий Ирландия – биринчи «қочқин»!

«Бирлашган Ирландия» бугун пайдо бўлиб қолган орзу эмас. Орол бўлинганидан бир аср ўтгач, бирлашиш муҳим масала сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Ирландия Республикасининг «Шинн Фейн» («Биз ўзимиз») партияси 2025 йилгача Ирландия бирлиги учун овоз беришга чақирди. Буюк Британиянинг ЕИ билан ажралиши икки ирланд халқининг бирлашиш жараёнини янада олдинга суриб юборди. Бу жануб учун ҳам, шимол учун ҳам заруриятга айланиб қолди. Ирландия оролининг бўлинишини шимоллик ирландлар исташганди. Бироқ ўша ҳудудда асосан британияликлар яшаганини ҳам истисно қилмаслик керак. Принципиал жиҳатдан қўллаб-қувватлатланаётган тинч йўл билан бирлашиш Ирландия конституциясида белгиланган. Агар Шимолий Ирландия бирлашишга овоз берса, у автоматик равишда ЕИ таркибига кириши керак. ЕИга яна бир аъзонинг нақдлиги Британиядан «қасос» олишига имкон яратиши ва бирлаштириш жараёнини тезлаштириши мумкин.

Шимолий Ирландия Бирлашган Қиролликдан қочишни режалаштирган илк «қочқин» дейишимиз мумкин. Шотландия ва Уэльсдан фарқли равишда, Шимолий Ирландиянинг Бирлашган Қиролликни тарк этиши осонроқдек, назаримизда. Тайёр давлатчилик тузилмаси бор Ирландия Республикаси Шимолий Ирландияни ҳарбий, структуравий, ҳукумат қурилиши каби катта маблағ талаб қилувчи соҳалардан озод қилади.

«Озодлик»: Шерюрак қайтди!

Реал воқеаларга асосланган «Шерюрак» филмини кўргансиз: бу воқеа 1297 йилнинг баҳорида содир бўлган. Орадан деярли 725 йил ўтиб яна мустақиллик долзарб масала сифатида кўтарилмоқда. 2014 йилда ҳаммаси қайтатдан бошланди...

«Касалини яширса, иситмаси ошкор қилади», деганларидек Шотландия биринчи вазири, SNP (Шотландия миллий партияси) раҳбари Никола Фергюсон Стержен ва Бирлашган Қироллик Бош вазири ҳамда Консерватив партия раҳбари Борис Жонсон пандемия пайтида қарама-қарши услублардан фойдаландилар. Пандемия ва «Брексит» миллатнинг қонидаги «озодлик» қонини қўзғатгани ойдинлашмоқда.

«Брексит» референдуми Британ сиёсий ҳаётини буткул ўзгартириб юборди. Шотландиядаги 62 фоиз сайловчиларнинг қаршиликларига қарамай, Европа Иттифоқини тарк этиши эски конституциявий мунозараларга янги ҳаёт бағишлади. Британ сиёсатчилари шу даражада ЕИдан чиқиб кетишга тиришишдики, унинг оқибатларини етарли ўйлаб кўрмадилар. Натижада иттифоқсиз ҳам яшаш мумкинлигига Шимолий Ирландия ва Шотландиянинг ишончи тобора ортиб борди.

Шотландияликлар тарихда ҳали ҳеч қачон бугунгичалик мустақилликка интилиш кайфиятида бўлган эмас. Ижтимоий сўровномаларда кўриндики, мустақилликни қўллаб-қувватлаш 2020 йили 50 фоиздан юқорилади. Бу вазиятда масаланинг яна бир тарафи — сиёсий бошқарувнинг мувозанатлашуви. Шотландия 1979 йилда консерватор Маргарет Тэтчер бош вазир бўлганидан кейинги 11 та умумий сайловнинг 3 тасида ҳукуматни тузган. Буни шотландлар ўз сиёсий салоҳияти учун ҳақорат деб билишади.

Шотландларнинг 2014 йилдаги озодликка ҳаракатлари Евроиттифоқда қолиш ваъдаси билан бостирилган ҳақида тахминлар бор. Ваъдадан икки йил ўтгач, инглиз сиёсатдонлари референдум ўтказиб, Британияни ЕИдан ажратиб олишди. Нафақат дунё, балки Буюк Британия таркибидаги Шотландия ҳам «Брексит»ни ҳазм қила олмаяпти.

Кузатувчилар Шотландияда «британиялик» тушунчасининг инқирозини пайқашган. Иккинчи жаҳон урушидан бери илк маротаба оролда ватанпарварлик ҳисси энг паст кўрсаткичга тушиб қолди. Империянинг иккинчи шаҳри бўлган Эдинбургда ўтказилган тадқиқотларга кўра, конституциявий мунозарада «миллий ўзига хослик муҳим бўлиши керак» деган тушунчани жуда кўпчилик рад этди.

Шотланд сиёсатчилари «Брексит» Шотландияни сиёсий беқарорлик ва жиддий иқтисодий муаммоларга дучор қилганини таъкидлаб, уни «жуда ҳалокатли» деб таърифлайдилар. «Брексит»дан сўнг Британияда қилиниши керак бўлган ислоҳотларга эса шотландлар етарли даражада ишонишмаяпти. Агар Буюк Британияни тарк этишса, ўн йил ёки ундан кўпроқ инқирозий ҳолатга дучор бўлишади. Асосий савол эса шундай: Шотландия мустақилликка тайёрми?

«Озодлик» референдуми бўладими?

SNPнинг 2011 йилги сайловларидаги ташаббуси билан ҳар қандай йирик сиёсий лойиҳалар Буюк Британия парламентининг розилигида қабул қилинади. Сиёсий фикр марказларида қайд этилишича, Борис Жонсон «сўнгги нафасигача» Шотландияда «Озодлик» референдуми ўтказилишига йўл қўймайди.

«Аслида, бу иттифоқни розилик асосида, қонун кучига асосланган ҳолда ўзгартириши мумкин...», — таъкидлайди Оксфорд университетининг Блаватник ҳукумат мактаби профессори. Шотландия Бирлашган Қиролликдан чиқиб кетгач, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан суяниш учун Европа Иттифоқига қўшилиши мумкин. Аммо Иттифоққа киришдаги низомга кўра, ҳудудий жиҳатдан муаммолари бўлмаслиги керак. Агар Бирлашган Қиролликнинг сиёсатдонлари халқаро майдонда норозилик билдирсалар, ЕИдан қуруқ қолиб кетиши ҳам мумкин.

Шотландияда аксарият одамлар Европа сафига қайтмоқчи, аммо шимоли-шарқда евроскептизм ҳали ҳам қайноқлигича қолмоқда. Шотланд сайловчилари «Брексит»да қолишни 62 фоиз маъқуллаган бўлса, Буюк Британия бўйлаб умумий 48 фоиз кўрсаткич қайд этилди. Бу Эдинбургнинг Буюк Британия ва унинг консерватив ҳукуматисиз ўз келажагини яратиши кераклигини англатиб қўйди.

2014 йилги «Озодлик» референдуми, Стержен хонимнинг сўзлари билан, бутун шотланд авлодида бир марта пайдо бўладиган имконият эди. Борис Жонсоннинг фикрича эса, бошқа референдум 40 йил давомида ўтказилмаслиги керак. Боз устида 6 майдаги парламентга сайловларда ҳам Шотландия Миллий партияси ғалаба қозонди.

(Давоми бор)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг